Ўзбекистон | 21:38 / 23.06.2021
34208
4 дақиқада ўқилади

Янги Ўзбекистон университети ташкил этилди

Президент Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни Янги Ўзбекистон университетида таълим жараёнини ташкил этишга оид тақдимот билан танишди.

Ҳар бир мамлакатнинг тараққиётини, келажагини билимли ва ақлли одамлар таъминлайди. Барча соҳаларда ўз олдига катта мақсадлар қўйган Ўзбекистонда таълим сифатига, билимли кадрларни тарбиялашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Барча ҳудудларда Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Бу ёшларнинг билим ва салоҳиятини аниқлаш, уларни тўғри йўналтириш билан бирга халқимиз орасида катта интилиш тўлқинини ҳам пайдо қилди.

Давлат раҳбари билимли ёшларни мамлакатимизнинг “олтин фонди” деб атаган эди. Бу йил ана шундай ёшларнинг янги авлоди мактабларни битирмоқда. Энди уларни юртимизда ўқитиш, ёшлар учун энг замонавий шароитлар яратиш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистон университетига асос солинмоқда.

Бу университет давлат олий таълим муассасаси шаклида ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари – нуфузли хорижий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак касбий билим ва малакаларга эга бўлган истиқболли кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, бунинг учун ҳар томонлама қулай муҳитни шакллантиришдир.

Шу мақсадда янги университетда таълим жараёни дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Масалан, Кембриж университети қабул имтиҳонларини ўтказади. Массачусетс технология институти ҳамда Мюнхен техника университети билан биргаликда ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, улар таълим сифатини назорат қилиш, лаборатория ва кутубхоналарни тўлдиришга кўмаклашади.

Университетда 5та – муҳандислик, табиий фанлар, бошқарув, агротехнологиялар ва ахборот технологиялари факультетлари бўлади. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади. Кредит-модул тизими жорий этилиб, ўқиш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Ушбу таълим масканининг ўқув биноси ва кампуслари ҳам замонавий, халқаро BRЕEAM сертификатларига мос бўлади. Илк ўқув йили шу йил сентябрдан бошланади. Янги бино қурилгунча дарслар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бўш биноларида вақтинчалик ўтиб турилади.

Иқтисодиёт  тармоқларидаги эҳтиёжлардан келиб чиқиб, илмий тадқиқотлар олиб бориш, талабаларни илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш ҳам университетнинг асосий вазифаларидан. Шу мақсадда дунёнинг етакчи университет ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади, илмий журнал таъсис этилади.

Давлатимиз раҳбари университетда қабул ва таълим жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

«Университет талабалари 1-курсдан ўз соҳаси бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва илмий марказларга бириктирилиши керак. Вазирликлар, нуфузли институт ва йирик компаниялар университетнинг васийлик кенгашига кириши муҳим. Улар ўз эҳтиёжларини билдириб, таълим жараёнига интеграциялашиши, бўлғуси мутахассисга олдиндан сармоя киритиши зарур», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент белгиланган чора-тадбирларни маъқуллаб, Янги Ўзбекистон университетини ташкил этишга оид қарорни имзолади.

Тақдимотда, шунингдек, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.

Мавзуга оид