Ўзбекистон | 13:00 / 29.06.2021
3062
2 дақиқада ўқилади

Шуманайда ҳокимликнинг 2 мутасаддиси ҳоким қарорини қалбакилаштирди

Шуманай тумани прокуратураси қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган қонунчилик ижросини ўрганган. Ушбу жараёнда қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри туман филиали бошлиғи лавозимида ишлаган Б.Алламуратов хизмат вазифасидан ғараз мақсадда фойдалангани аён бўлган.

Алламуратов туман қурилиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи К.Отамуратов билан тил бириктириб, ҳоким қарори ва бошқа расмий ҳужжатларни қалбакилаштирган ҳамда Қ.Мамбетмуратов исмли фуқарога ер фонди захирасидаги 0,04 гектар майдонни уй қуриш учун олиб беришини ваъда қилган. Қалбаки қурилиш паспортини тайёрлаб бериш эвазига ундан 2,5 млн сўм пулни олиб, 1 млн сўмини ўзига қолдирган ва қолганини К.Отамуратовга берган.

К.Отамуратов эса таниши А.Матирзаев билан тил бириктиради ва юқорида қайд этилган усулда унга туман ер фонди захирасидаги 0,04 гектар майдондан уй қуриш учун қалбаки қурилиш паспортини тайёрлаб беради.

Бу ҳаракатлари учун уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан жазо чоралари тайинланган.

Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Шуманай тумани ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди. Ҳокимлик мутасаддиларнинг ҳозирги фаолияти, уларга тайинланган жазо чораси ҳақидаги саволлар очиқлигича қолди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Қорақалпоғистонда мансабдорларнинг коррупцион ҳолат билан боғлиқ жиноятлар сони маълум қилинганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид