Ўзбекистон | 20:05 / 30.06.2021
13333
3 дақиқада ўқилади

Ҳокимлик ва вазирлик лавозимларига ёш номзодлар захираси тасдиқланади

Хориждаги нуфузли ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик ёшлар мамлакатга келиб ишлаши учун барча имкониятлар яратиб берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида айтиб ўтди.

«Кўплаб иқтидорли ўғил-қизларимиз хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқимоқда, илм-фан билан шуғулланмоқда, йирик ва етакчи компанияларда иш олиб бормоқда. Биз ана шундай юксак билим ва малакага эга ёшларимиз ватанимизга келиб ишлаши учун барча шароитларни яратиб берамиз.

Уларни раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида белгилаш, уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизимни жорий этамиз.

Умуман, ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз. Бунинг учун, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлайдилар.

Жорий йилдан бошлаб, бундай иқтидорли ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди.

Шунингдек, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланади.

Ҳар бир вилоят ҳокими ва вазир йил бошида ўз ҳудуди ва тизимига бундай ёш мутахассисларни ишга олиб келиш режасини тасдиқлайди ҳамда уларга бериладиган иш ҳақи, уй-жой ва бошқа рағбат турларини ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилади», деган давлат раҳбари.

Президент бугунги кунда масъулиятли лавозимларда жонкуярлик билан хизмат қилиб келаётган ёшларни санаб ўтган: Шерзод Раҳмонов – Нарпай туманида, Сарварбек Султонов – Ширин шаҳрида ва Элбек Шукуров – Сергели туманида ҳоким бўлиб,  Дурдона Раҳимова – Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Одилжон Тожиев – Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

Президент ҳокимлар ва вазирлардан ёшлар учун вақтни аямасликни сўраган.

«Мен жуда тўлқинланяпман, ёшларга берган эътиборимиз ўз натижаларини бераётганини кўриб жуда хурсанд бўляпман. Кўзлари ёниб турган ёшларимиз бизнинг келажагимиз! 

Ҳокимларга топшириқ бермоқчиман: Наманган вилояти ҳокимининг гранти шу вилоятлик қизимиз Дилобар Маҳмудова Мумтоз изоҳли тил луғати бўйича берилиши зарурлигини билдирмоқчиман. Етти тил биладиган бу қизимиз Ибрат бобомизнинг муносиб давомчиси.

Қорақалпоғистон раҳбариятига, Нукус давлат университети талабаси Рустамжон Мадраимов дистанцион тарзда саксовул экиш технологиясини намойиш қилди. Шу йигитнинг лойиҳаси амалга ошириш бўйича шахсан менга ҳисобот берасизлар.

Яна бир мисолни айтмоқчиман, Чилонзор туманидан ёшгина Илҳомжон деган йигит ақлли уйлар бўйича лойиҳалари билан ҳам мени ҳайратда қолдирди. 

Биз мана шундай ёшларимиз билан иложи борича кўпроқ учрашишимиз керак. Ҳокимларга ва вазирларга айтар гапим, ёшлар учун вақтларингни аяманглар», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид