Жаҳон | 21:56 / 12.07.2021
21637
6 дақиқада ўқилади

Ҳаити: президентнинг қотиллигини буюртма қилишда гумонланиб бир киши қўлга олинди

Ҳаити ҳукумати якшанба куни келиб чиқишига кўра ҳаитилик бўлган АҚШнинг 63 ёшли фуқароси Кристиан Эмманюэл Саньонни ҳибсга олди. У Кариб денгизидаги орол давлат президенти Жовенел Моизни ўлдириш учун қотилларни ёллашда гумонланмоқда.

Фото: EPA

Бир неча вазирлар иштирокидаги матбуот анжуманида мамлакат полицияси бошлиғи Леон Шарлнинг маълум қилишича, июнь ойи бошида Саньон «сиёсий мақсад»да - давлат тўнтариши амалга ошириш ва президент бўлиш учун колумбиялик олти тансоқчи ҳамроҳлигида хусусий самолётида Ҳаитига учган.

Шарлнинг сўзларига кўра, ушбу фитнада яна икки ташкилотчи бор, аммо уларнинг номи келтирилмаган.

Саньоннинг уйи тинтув қилинганида қурол ва ўқ-дори топилган. Ҳозирча бу борада Саньоннинг ўзи нима деяётгани маълум эмас.

Интернетда қидирув орқали Флоридада яшовчи шифокор Кристиан Эмманюэль Саньонни топиш мумкин, аммо гап айнан у ҳақида кетаётгани маълум эмас.

Жовенель Моиз 7 июлга ўтар кечаси Ҳаити пойтахти Порт-о-Пренс шаҳри ташқарисидаги уйида ўлдириб кетилди. Президентнинг рафиқаси оғир тан жароҳатлари билан Майамидаги клиникага олиб борилган.

Президент қароргоҳига ҳужум 26 нафар колумбиялик томонидан амалга оширилган, уларнинг бир қисми - Колумбия армиясининг собиқ ҳарбий хизматчилари, шунингдек, гуруҳда икки америкалик бўлган - улар келиб чиқишига кўра ҳаитилик.

Айни вақтга келиб гуруҳнинг 20 аъзоси, шу жумладан АҚШ фуқаролари ҳибсга олинган, уч киши хавфсизлик хизмати ходимлари билан отишма чоғида ўлдирилган, яна беш киши қидирувда.

Интернетда Моизнинг танасининг рентгент тасвирлари тарқалган. Марҳум президентнинг танаси ўқлардан илма-тешик бўлган, бошидан отилган, кўплаб суяклари синган.

Унинг рафиқаси ҳикоя қилишича, барчаси жуда тез рўй берган: уйга бостириб кирганлар президент бирор сўз айтишга улгурмасидан уни ўққа тутишган.

Сиёсий чигаллик
АҚШ Ҳаити ҳукуматининг инфратузилма объектларини қўриқлаш учун ҳарбий юбориш тўғрисидаги сўровини рад этди, аммо оролга Давлат департаменти, ФҚБ ва Миллий хавфсизлик хизмати кенгашидан вакиллар йўл олган - улар вазиятни баҳолашади ва ҳозирда ўзини мамлакатнинг қонуний раҳбари деб эълон қилган уч сиёсатчи билан музокаралар ўтказишади.

Ҳаити конституциясига кўра, президент вафот этса, лаёқатини йўқотса ёки истеъфога чиқса, унинг мажбуриятлари Олий суд раисига ўтади - аммо суд раиси бироз аввал коронавирусдан вафот этганди.

Кейинги навбатда - бош вазир. Моиз 2018 йилдан буён олти бош вазирни алмаштирган, ўлимидан бир кун олдин эса еттинчи марта бош вазир тайинлаган - аммо Ариэл Анри қасамёд қабул қилиб, вазифасига киришишга улгурмади, шу туфайли ундан олдинги бош вазир Клод Жозеф унинг ваколатларини тан олмаяпти.

Шу билан бир вақтда, Ҳаити сенати раиси Жозеф Ламбер ҳам ўзини вақтинчалик президент деб эълон қилган - парламентдагилар Вашингтон айнан уни қўллаб-қувватлаётганини айтишмоқда.

БМТ кузга белгиланган сайловларга қадар ҳокимият Клод Жозефда қолиши кераклигини маълум қилган.

Ҳаитидаги ижтимоий тармоқларда эса Жозефнинг бошқарувига қарши намойишларга чиқиш бўйича чақириқлар тарқалмоқда.

Йирик криминал авторитет, Барбеко лақабли Жимми Черизье шанба куни Моизнинг ўлимида «сассиқ буржуазия»ни айблади ва унинг одамлари ҳокимият эгаллаб олинишига йўл қўмаслик учун кўчаларга чиқишини маълум қилди. У айнан кимни қўллаб-қувватлашига аниқлик киритилмаган.

Ҳаити - Ғарбий ярим шардаги энг қашшоқ мамлакат, коррупция, бандитизм ва кўчалардаги майда жиноятчиликдан азият чекади. Бир неча йилдан буён мамлакатда сиёсий намойишлар тинмайди.

Тахминлар ва баҳоналар

Леон Шарль томонидан матбуот анжуманида баён қилинган версияга кўра, Саньон аввалига сиёсий услублар билан ҳаракат қилишни кўзлаган ва ўзи билан шахсий хавфсизлиги учун олти нафар қуролланган колумбияликларни олиб келган.

Унинг сўзларига кўра, қотиллик фикри кейинроқ туғилган, бунинг учун яна 22 киши ёлланган.

Miami Herald газетаси Леон Шарлга таяниб берган маълумотга кўра, ёлланма гуруҳ келиб чиқишига кўра Венесуэладан бўлган Антонио Интриагога тегишли, офиси Майамида жойлашган CTU Security номли қўриқлаш фирмаси орқали тузилган.

Журналистлар Интриаго билан ҳозирча боғлана олишмаган. Интернетга кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилинганда автомат шундай жавоб қайтаради: «Тони Интриаго учун хабар қолдиринг. Жек Бауэр учун - кейинги мавсумни кутинг».

Агент Жек Бауэр - Американинг «24 соат» номли сериалининг бош қаҳрамони, CTU (Counter-terrorist Unit) - эса у ишлайдиган махсус хизмат (ўйлаб топилган) номи.

Аввалроқ Интриаго ўзининг фейсбукдаги саҳифасида ҳимоя кийимида ва катта винтовка кўтарган ҳолда турган жангчи суратини жойлаштирганди. Инстаграмдаги унинг фирмасига алоқадор саналган саҳифада эса тактик тайёргарлик машғулотларида қатнашаётган қуролли одамлар тасвирлари бор.

Терговга яқин манбалар ОАВга маълумот беришича, ҳибсга олинган колумбияликлар уларни Ҳаитида қўриқчи сифатида ишлаш, жумладан президентни қўриқлаш учун ёллашганини айтишган.

Уларнинг сўзларига кўра, гўёки улар Моизни ўлдириш эмас, уни ҳибсга олиш мақсадида бўлишган, виллага киришгач эса уни жонсиз ҳолатда топишган.

Келиб чиқишига кўра ҳаитилик бўлган Америка фуқаролари Жеймс Солаж ва Жозеф Винсент фақат таржимонлик қилишганини айтишган (Ҳаити - француз тилида сўзлашувчи мамлакат).

Айни вақтда кўплаб саволлар очиқ қолмоқда, улардан бири - ёлланма гуруҳ қандай қилиб қаттиқ қўриқланувчи қароргоҳ ҳудудига кира олган. Бу ҳафтада қароргоҳ қўриқчилари сўроқ қилинади.

Мавзуга оид