Иқтисодиёт | 23:12 / 27.07.2021
42935
2 дақиқада ўқилади

Фермерларнинг бўшаган ерларини аҳоли ижарага олиши мумкин. ССП бунга қарши

Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат кластерлари ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги ғалладан (пахтадан) бўшаган ер майдонларини аҳолига бериш назарда тутилган қарор лойиҳаси эълон қилинди. Унда ерни “дафтарлар”га киритилганлар ва ишсизларга 10 йилга ижарага бериш кўзда тутилган. Савдо-саноат палатаси лойиҳага қарши позиция билдирди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Aгросаноат кластерлари ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги ғалладан (пахтадан) бўшаган ер майдонларини аҳолига ижарага бериш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори  лойиҳаси эълон қилинди.

Савдо-саноат палатаси лойиҳа юзасидан жамоатчилик экспертизасини ўтказди ва лойиҳага қарши позиция билдирди.

Қарорда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • агросаноат кластерлари ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги ғалладан (пахтадан) бўшаган ер майдонларини аҳолига бериш тартиби белгиланган;
  • ерни ижарага олиши мумкин бўлган талабгорлар рўйхатига “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Aёллар дафтари”га киритилганлар, ишсизлар, томорқа хўжалигидан самарали фойдаланаётган ва қўшимча ер майдони ажратилишини сўраб мурожаат қилган меҳнатга лаёқатли фуқаролар киритилган;
  • талабгорга ажратиб берилган майдонлар ҳисобидан ғалла (пахта) ҳосилини етиштиришнинг кўзланган ҳажмлари камайтирилмайди;
  • ер участкалари 10 йил муддатга ижарага берилади.

Лойиҳа юзасидан жамоатчилик экспертизасини ўтказган ССП лойиҳа Ер кодекси моддаларига зидлигини билдирди. Хусусан, хулосага кўра:

Биринчидан, Ер кодексига мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини ёки унинг бир қисмини қонунчиликда белгиланган тартибда иккиламчи ижарага бериш ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдорининг ҳуқуқлари ҳисобланади;

Иккинчидан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкин. Лойиҳада эса, бу муддат 10 йил қилиб белгиланган;

Учинчидан, келишув томонларнинг розилиги билан амалга оширилиши лозим, ижарага бериш шартлари ва муддатлари ҳам томонлар розилиги ҳамда шартнома шартлари билан мустаҳкамланиши керак;

Тўртинчидан, лойиҳа иловаси 5-бобида агросаноат кластерлари ва ҳудуддаги экспортёр корхоналар раҳбарларига ортиқча бўлган мажбуриятларни юклаш белгиланган.

Шулардан келиб чиқиб, ССП лойиҳани бу таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаган.

Мавзуга оид