Жаҳон | 17:40 / 15.08.2021
91866
6 дақиқада ўқилади

Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олди. Ҳозиргача нималар маълум?

Куннинг биринчи ярмида «Толибон» кучлари ҳукумат қўлида қолган ягона йирик шаҳар - пойтахт Кобулга етиб келди ва айни вақтда ҳаракат ҳарбий бўлинмалари шаҳар остонасида турибди. Толиблар Афғонистоннинг барча ҳудудларида назорат улар томонига ўтганини эълон қилган. Айни вақтда ҳокимият толибларга топширилгани ҳақида расман эълон қилиниши кутилмоқда.

Фото: AFP / Scanpix / LETA

Кобул қуршовга олиниб, ҳужум бошлангани ҳақидаги хабарлар кўп вақт ўтмай мамлакат ички ишлари вазифасини вақтинча бажарувчи Абдулсаттор Мирзаквал Tolo News телеканалидаги чиқиши орқали Кобулга ҳужум қилинмаслиги ва ҳокимият тинч йўл билан топширилиши ҳақида маълум қилди.

CNN «Толибон» вакиллари «ҳокимиятни қабул қилиш» учун президентлик саройига келгани ҳақида хабар берган. 

Аввалроқ «Толибон» раҳбарияти ўз ҳарбийларига тинч фуқаролар ҳаёти хавф остида қолмаслиги учун шаҳар ичига кирмасликни буюргани маълум бўлганди. Шунингдек, афғонлардан мамлакатни тарк этмаслик сўралган ва жамиятнинг барча қатламларига янги давлатда жой топилиши билдирилган.

Толибларнинг ваъдаларига қарамай, маҳаллий аҳоли шаҳарни тарк этишга шошилмоқда. Лекин айни вақтда Афғонистоннинг барча чегара пунктлари толиблар қўлида ва мамлакатдан фақат Кобулдаги халқаро аэропорт орқали чиқиб кетиш мумкин.

Ашраф Ғани кетади, фақат шарти бор
Al Arabiya телеканали маълумотига кўра, президент Ашраф Ғани яқин соатлар ичида ўз постини тарк этади ва мамлакатда ҳокимият расман «Толибон» қўлига ўтади.

Шу телеканал Афғонистоннинг собиқ ички ишлар вазири, мамлакатнинг ГФРдаги собиқ элчиси Али Аҳмад Жалолий ўтиш ҳукумати раҳбари вазифасини ўз зиммасига олишга рози бўлгани ҳақида хабар берган. Қайд этилишича, у «мамлакат вақтинчалик маъмурияти раҳбари вазифасини ўз зиммасига олган».

Аҳмад Жалолий. © AP Photo/Musadeq Sadeq

РИА Новости Ашраф Ғани ҳали ваколатларини топширмагани ва маҳаллий сиёсий партиялар билан маслаҳатлашувларни давом эттираётганини хабар қилган.

Ғани вориси маълум бўлмагунича ҳамда сулҳ ва сайловлар ўтказиш тўғрисидаги келишув имзоланмагунича ҳокимият топширилмаслигини айтган.

Покистоннинг Geo TV телеканали маълумот беришича, Афғонистон миллий келишув бўйича олий кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла «Толибон» ва Кобул ҳукумати музокараларида воситачилик қилмоқда.

Айни вақтда толибларнинг Доҳадаги офиси раҳбари мулла Абдул Ғани Биродар ҳам Афғонистонга йўлга тушган.

«Толибон»: Кобул қуршовда
«Толибон» яна бир баёнот бериб, Афғонистон пойтахти барча томондан ўраб олинганини маълум қилди.

Толиблар вакили ташкилот жангчиларига пойтахт қўлга олингани шарафига ҳавога ўқ узиш тақиқланганини билдирган. У афғон ҳарбийларига уйларига қайтишга рухсат берилишини қўшимча қилган.

Бундан ташқари, толиблар аэропорт ва шифохоналар ишлашда давом этиши, энг зарур маҳсулотлар етказиб берилиши жараёнига халақит қилинмаслигига ваъда қилишган.

Хорижликлар эса истаса мамлакатни тарк этиши, истаса толиблар ҳокимиятида қайтадан рўйхатга олиниши мумкин.

АҚШ дипломатик миссияси ходимларининг эвакуациясини жадаллаштирган, бу жараён хавфсизлигини таъминлаш учун шаҳарга 5 минг ҳарбий сафарбар қилинган.

Афғонлар Кобулни тарк этмоқда

AFP

Кобулдан чиқишда машиналарнинг узун карвонлари ҳосил бўлган.

Тонгдан банклардаги ҳисобларидан маблағларини ечиб олиш истагида келган одамларнинг узун навбатлари ҳосил бўлганди.

Афғонистонлик депутат Фарзона Кочай BBC билан суҳбатда шундай деди: «Мен уйда ўтирибман ва қочишга уринаётган одамларни кузатмоқдаман. Мен улар қаерга отланганини билмайман [...], улар ўзи билан кўплаб сумкаларни олиб, шаҳардан кетишмоқда... Бу қўрқинчли».

Аввалроқ Торкхам назорат-ўтказиш пункти ҳам толиблар қўлига ўтгач, Покистон чегарани бутунлай ёпганини эълон қилганди.

Шу тариқа, Кобул аэропорти мамлакатни тарк этиш учун ягона нуқтага айланган.

«Тирбандлик туфайли айримлар машинасини ёниқ қолдирган ҳолда аэропортга пиёда йўл олган», дея ҳикоя қилади гувоҳлардан бири Reuters агентлиги мухбирига.

CNN нашрининг ёзишича, юқори мартабали афғон амалдорлари, шу жумладан президент маслаҳатчилари ҳам Кобул халқаро аэропортига келишган ва ҳозирда ўз рейсини кутиб, VIP-зонада бўлиб туришибди. Улар қаерга йўл олгани номаълум.

Ғарб давлатлари Афғонистондаги воқеалар ҳақида сукут сақламоқда
АҚШ, Британия ва Европа Иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирлари ҳозирча Афғонистонда рўй бераётган воқеалар юзасидан чиқиш қилмади.

Америка вертолёти Кобулдаги элчихона томидан одамларни эвакуация қилмоқда. Rahmat Gul / AP Photo / Scanpix / LETA

Москвадагилар ҳамкорлар билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг Афғонистон бўйича йиғилишини чақириш устида иш олиб борилаётганини маълум қилган.

Бундан ташқари, Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова телеграмдаги каналида шундай ёзади: «Ҳайратланарли, аммо факт: Афғонистонда икки куч қарама-қаршилиги кузатилмоқда, иккиси ҳам АҚШ сиёсати маҳсули. Дунё Вашингтоннинг навбатдаги тарихий тажрибаси натижаларини қўрқинч билан кузатмоқда».

Россиянинг Кобулдаги элчихонаси шаҳардаги вазият кескинлигича қолаётганини билдирган, шу билан биргаликда, дипмиссияга таҳдид йўқлиги ва пойтахтда ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмаётганини маълум қилган.

Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуф Кабулжанов Афғонистондаги вазиятга қарамай Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчихонаси ва Мозори Шарифдаги консуллиги фаолиятини давом эттираётгани, ходимлар ҳали эвакуация қилинмаганини билдирган.

Германия Кобулдаги элчихонаси фаолияти тўхтатилганини маълум қилди.  ГФРнинг барча фуқароларига зудлик билан ушбу мамлакатни тарк этиш тавсия этилган.

Мавзуга оид