Жаҳон | 17:30 / 19.08.2021
19597
3 дақиқада ўқилади

Террорчилик ташкилотлари «Толибон»нинг Афғонистондаги ғалабасини қандай қарши олди?

«Толибон»нинг Афғонистонни эгаллаб олиши террорчилик ташкилотлари томонидан яқиндан кузатиб борилмоқда. «Толибон» шариатга асосланган исломий ҳокимият ўрнатадими ёки йўқ ва у қанчалик «ҳақиқий» ва қатъий бўлади – уларни қизиқтираётган масалалардан бири шу. 

Фото: EPA

ИШИДдан бошқа террорчилик ташкилотларининг оммавий ахборот воситалари толибларнинг «тарихий ғалабасини» умумий равишда қўллаб-қувватлади. Ушбу оммавий ахборот воситалари толибларнинг ғалабаси бутун дунёдаги исломий ҳаракатларга фойда келтиради, деган фикрда.

«Толибон» бир неча ҳафта ичида «кулдан пайдо бўлиб» ва АҚШ-НАТО ҳукмрон бўлган мамлакатда ҳокимиятни қўлга олди. Бошқа томондан, «Толибон»нинг янги сиёсатига оид дастлабки хабарлар қаттиққўл радикаллар ва «Ал-Қоида» тарафдорларининг бир қисмини хурсанд қилмаган кўринади.

«Толибон»нинг қўшниларга ва бошқа минтақавий кучларга, шу жумладан, Хитойга бўлган ижобий муносабати ва «инклюзив ҳукумат тузамиз» деган баёнотлари бу томонда қабул қилинмади.

ИШИД эса «Толибон»га қарши кичик ҳужумлар уюштиришни давом эттирмоқда ва уни «муртад» (диндан қайтган) деб таърифламоқда. ИШИД тарафдорларининг фикрича, «Толибон» «АҚШнинг агенти»дир.

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» ва «Ал-Қоида» тарафдорлари ўртасидаги айбловлар

ИШИД Афғонистонда «Толибон»га қараганда анча кам кучга эга ва бу икки гуруҳнинг бирлашиши кутилмаяпти.

Бундан ташқари, «Ал-Қоида» тарафдорлари ва илгари «Ал-Қоида»га алоқадор бўлган, маркази Сурияда жойлашган «Жибҳат ан-Нусра» жангарилари томонидан асос солинган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» ўртасида ўзаро айбловлар мавжуд.

«Ал-Қоида» «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»ни «жиҳоддан юз ўгириш»да, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» тарафдорлари эса «Ал-Қоида»ни «икки томонлама стандартларда ҳаракат қилиш»да айбламоқда. Бунинг сабаби «Ал-Қоида»нинг «Толибон» томонидан юритилаётган сиёсий ҳаракатларни маъқуллаб, худди шу тактикага амал қилувчи «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»ни қоралашидир.

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» ҳам «Толибон» сингари Ғарб мамлакатларини нишонга олмаслик мажбуриятини олмоқда.

«Толибон» чиндан ҳам ўзгардими ёки йўқми? Асл савол ва масала мана шу. 

Мавзуга оид