Ўзбекистон | 08:25 / 26.08.2021
5513
3 дақиқада ўқилади

Учинчи шахсларга солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Учинчи шахсларга солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарор қабул қилинди.

Ҳужжатга асосан, ДХШ асосида Интернетда реал вақт режимида ишловчи "Ишончли ҳамкор" автоматлаштирилган ахборот тизимини ("Ишончли ҳамкор" ААТ) ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

"Ишончли ҳамкор" ААТ орқали солиқ тўловчилар тўғрисидаги солиқ сирини ташкил этмайдиган маълумотлар ва ҳисоб маълумотлар, ҳисобварақ-фактуралар ва чекларда кўрсатилган маҳсулотларнинг (товар ва хизматларнинг) ягона электрон миллий каталоги бўйича идентификация кодлари, шунингдек, мажбурий маркировкаланган маҳсулотлар бўйича таҳлилий ва қайта ишланган маълумотлар юридик ва жисмоний шахсларга (учинчи шахсларга) тақдим этилади.

"Ишончли ҳамкор" ААТни ишлаб чиқиш ва жорий этишда қуйидагиларни ҳисобга олиш режалаштирилмоқда:

  • молиявий ҳисоботларида акс эттирилган маълумотлар асосида хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий кўрсаткичларини ҳисоблаш ва тақдим этиш ҳамда банк ҳисобварағи ҳолати (очиқ/ёпиқ) бўйича маълумотларни тақдим этиш;
  • иқтисодиёт тармоқлари бўйича умумлаштирилган) таҳлилий кўрсаткичларни ва солиқ юкини ҳисоблаш ва тақдим этиш;
  • солиқ тўловчиларнинг молиявий ҳолати ва ҳисоб маълумотларини таҳлил қилиш асосида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий қилиш;
  • солиқ тўловчиларнинг розилиги билан улар тўғрисидаги маълумотларни учинчи шахсларга, шу жумладан, тижорат банкларига тақдим этишнинг техник имкониятини яратиш;
  • маҳсулотларнинг улгуржи ва чакана савдоси ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмлари, шу жумладан, импорт қилинадиган товарлар бўйича асосий ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар, истеъмолнинг географик харитаси, шунингдек, бозор конъюнктураси ва хизматларнинг ривожланиш ҳолати тўғрисидаги таҳлилий маълумотларни шакллантириш ва бошқалар.

Белгиланишича, ДСҚ лойиҳани амалга оширишда давлат шериги ҳисобланади ва лойиҳани амалга ошириш мақсадида хусусий шерикни тўғридан тўғри музокаралар асосида танлаб олади.

"Ишончли ҳамкор" ААТ "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформасида жойлаштирилади. Хусусий шерик "Ишончли ҳамкор" ААТнинг оператори ҳисобланади. 2022 йил 1 мартга қадар тизимни ишлаб чиқиш ва унинг фаолиятини юритиш операторнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Шунингдек, мазкур санага қадар у ДСҚнинг серверларига жойлаштирилиши керак.

"Ишончли ҳамкор" ААТга кириш солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади.

2021 йил 1 октябрга қадар ДСҚнинг расмий сайтида солиқ тўловчига ўз контрагентлари тўғрисида СКнинг 29-моддага мувофиқ солиқ сирини ташкил этмайдиган ва солиқ тўловчининг розилигисиз тақдим этиладиган маълумотларни тақдим этиш имконини берувчи ахборот платформасини яратиш назарда тутилган.

Мавзуга оид