Жаҳон | 18:06 / 29.08.2021
33771
10 дақиқада ўқилади

Талабанинг одоб-ахлоқ қоидалари. «Толибон» мафкураси асосида нималар ётади?

Фото: Getty Images

Кобул эгаллангач «Толибон» Афғонистон яна ислом нормалари асосида бошқарилишини маълум қилди, аммо бу кенг тушунча бўлиб, турли йилларда толибларнинг ўзи томонидан ҳам турлича талқин этилган. BBC «Толибон» дунёқарашининг асосини ташкил этган деобандизм - ўз вақтида Ҳиндистондан кириб келган диний оқим ҳақида ҳикоя қилди.

«Толибон» ҳаракатига 1994 йилда мулла Муҳаммад Умар мадрасадаги талабаларнинг кичик гуруҳи билан биргаликда асос солган. Умар ва унинг издошлари 1989 йилда совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилгач бошланган фуқаролик уруши туфайли юзага келган тартибсизликлар, тартибни сақлаш билан эмас, ўзи жиноятлар содир эта бошлаган дала қўмондонларидан қаттиқ норози бўлишган.

Афсоналарга кўра, 1994 йил баҳорида гуруҳлардан бирининг мужоҳидлари томонидан Санг-Ҳисор қишлоғида икки ўсмир қиз ўғирлаб кетилади ва улар блокпостда доимий равишда зўрланади. Ушбу ҳудуд яқинида яшаган, СССРга қарши уруш фахрийси бўлган Муҳаммад Умар бу ҳақда хабар топади ва қизларни қутқаришга қарор қилади. У ўзи дарс берадиган мадрасага бориб, 30 нафар ўқувчиларини йиғади (пушту тилида «толиб» - «ўқувчи» дегани) ва қизларни қутқариш учун отланади.

Блокпост қўмондонини танк стволига осишади, мулла Умар эса толиблар ҳаракатини ривожлантиришга киришади.

У афғонларнинг жабр-ситамлари, тўдаларнинг зўравонликлари, амалдорларнинг коррупцияга ботгани ва бошқа тартибсизликларни бутун мамлакат бўйлаб шариат қонунлари ҳукмронлигини ўрнатиш орқали бартараф этиш мумкинлигини таъкидлайди.

Мужоҳидлар аввалига секуляризмга (яъни, динни дунёдан ажратишга), кейин эса коммунизмга қарши курашишган. Улар исломнинг замонавий сиёсий талқинига мойил эди. Мафкуравий жиҳатдан улар Мисрда тузилган «Биродар мусулмонлар» ташкилотига яқин эди.

«Толибон» эса ультратрадиционалистлар. Улар учун асосийси: эътиқод нормаларига ипидан игнасигача риоя этиш. Улар ўзларини ислом динидаги энг қатъий таълимот ҳисобланган деобандизм оқимига мансуб ҳисоблашади. Бу таълимот 1867 йилда Ҳиндистоннинг Деобанд шаҳридаги мадрасалардан бирида пайдо бўлган. Унинг издошлари Ҳиндистонда британ мустамлакасига қарши курашган.

«Соф анъаналар»

Деобанди (Ҳиндистонда) ислом мактаби, шу ерда деобандистлар ҳаракати юзага келиб, ривожланган

Деобандизм тарафдорлари ўша даврдаги анъанавий ислом ташқи дунёга жуда кўп ён берган, шунинг учун уни бегона элементлардан тозалаш керак деб ҳисоблашади.

Хусусан, улар пайғамбарнинг туғилган кунини нишонлаш ва дуоларда ундан ёрдам сўраб мурожаат қилиш амалиётига қарши чиқишган. Шунингдек, улар ўша вақтда Ҳиндистонда машҳур бўлган сўфийлик урф-одатларини рад этишган: таниқли сўфийлар вафот этганда тантанали маросимлар ўтказиш ва уларнинг мақбараларини зиёрат қилиш, баланд овозда зикр қилиш (бир дуони тинимсиз такрорлаган ҳолда доира бўйлаб ритмик ҳаракатланиш) ва бошқа сўфийча амалиётлар.

«Соф ислом қадриятлари бўйича яшаш учун улар Тақлид (энг дастлабки шарҳларга амал қилиш) қабул қилишган ва ислом қоидаларини давр ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда талқин қилувчи илоҳиётчиларни инкор этишган», дея деобандизмга таъриф берилади АҚШ армияси тайёрлов марказининг хорижий тиллар институти ҳисоботида.

Деобанддаги мадрасада дарс берганлар Британиянинг Ҳиндистонга маданий ва сиёсий таъсирига, хусусан, британиялик миссионерлар маҳаллий аҳолини христианликка жалб этишга уринишларига жуда кескин муносабатда бўлишган. Шу билан бир вақтда, Деобанддаги мусулмонлар индуизм ва маҳаллий хурофотлар ислом динига «зарарли» таъсир кўрсатишига қарши туришган. Семинария индуизм, ғарбликлар ва британлардан воз кечиб, талабаларни фақат исломнинг маънавий ва фалсафий қадриятлари билан чуқурроқ таништиришга ҳаракат қилади.

Деобандистлар илоҳий ваҳийга асосланган билимлар ва дунёвий таълимни аниқ ажратишади. Мадрасада ғарбча стандартлар бўйича таълим бериш ва Қуръони каримга тўғридан тўғри алоқадор бўлмаган ҳар қандай фанни ўқитиш рад этилади.

Деобандистларнинг ўзига хос мантиғи бор. Масалан, аёллар танасини ва юзини тўлиқ ёпиб юриши қоидабузарлик ҳисобланмайди. Аммо бундай ҳолатда улар эркакларнинг эътиборини ўзига жалб, уларни тақиқланган зўравонликка ундаши мумкин, айнан шунинг учун оқим тарафдорлари аёлларга тўлиқ ўраниб юришни буюришади.

Деобандистлар, масалан, эркак шифокор ёки эркак тикувчи аёл мижозни кўрикдан ўтказиш ва даволаш чоғида ёки аёл мижознинг ўлчамларини олаётганида сексуал фантазияларга берилиши мумкин деб ҳисоблашади, шунинг учун, аёллар фақат аёл жинсидаги шифокор ёки тикувчи қабулида бўлишига рухсат берилади.

Деобандизм Афғонистонга қандай кириб келган?

1947 йилда Ҳиндистон билан қўшни бўлган Покистон мустақилликка эришади. Бу ерга турли диний мактабларнинг тарафдорлари кела бошлайди, улар янги мамлакат айнан ўзларининг диний қарашлари асосида тузилишига интилишади.

Деобандизм машҳурликка эришади. Ҳукумат ҳам Афғонистон ва Ҳиндистоннинг Кашмиридаги ҳарбийлашган диний гуруҳларни қўллаб-қувватлашда улардан фойдаланиш учун бу радикал кучлар фаолиятига тўсқинлик қилмайди.

1980-йилларда, СССР Афғонистондаги операцияси учун келганида Покистон махсус хизматлари мужоҳидларга фаол равишда ёрдам кўрсатган. Масалан, мулла Умар ҳам Покистон ҳудудидаги махсус лагерлардаги машғулотларда ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Шу тариқа, ҳиндча оқим афғонлар орасида босқичма-босқич машҳурликка эришиб боради.

1990-йилларда «Толибон» деобандизмни афғон жамияти учун мослаштира бошлайди. Деобандизмдаги муҳим қоидалардан бири «муносиб амаллар» шунчаки мумкин бўлган ишлардан афзал кўрилишидир. Масалан, қотилликка жавобан қотиллик қилишга рухсат берилган (хун олиш), аммо душманни кечириш «муносиб амал» саналади. Афғонистонда толиблар бу тамойилдан воз кечишди, чунки мамлакатда яшовчи турли қабилалар ва халқларда нимани маъқул кўриш бўйича тушунчалар турлича эди.

1998 йилгача толиблар деобандизмни пуштун қабилаларининг одоб-ахлоқ кодексидаги қоидалар билан қориштирди ва бу уларнинг қарашлар тизимини янада радикал кўринишга келтирди.

Аксинча, Ҳиндистондаги деобандистлар мадрасаси тескари йўналишда ҳаракатланиб, 2008 йилда терроризм ва зўравонликни қораловчи фатво чиқаради. Айни вақтда бу оқимга мансуб бўлган бир нечтагина мадраса Покистонда «кофирларга қарши кураш» ғояларини ташвиқ қилишда давом этмоқда.

«Толибон»ни тушуниш мумкинми?

«1996 йилда, толиблар Афғонистоннинг катта қисмини назорат қила бошлаганида уларда на маблағ, на режа ёки бошқарув дастури бор эди, фақат шариатга асосланган ҳукумат ҳақидаги ноаниқ ва умумлаштирилган концепциясидан ташқари», дейди Афғонистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Тамим Асей.

«Толибон»нинг энг асосий муаммоси шундаки, гуруҳ моҳиятан ўзлари жиддий эътибор қаратишни истамаган қабилавий жамият ҳамда улар [қабилалар] истамаган давлат тузилмалари қуриш зарурати орасида қолишган», дея қайд этади тадқиқотчи Аҳмад Рашид ўз китобида.

Гуруҳ ҳақидаги бу кенг кўламли тадқиқот 2000 йилда, Нью-Йоркдаги эгизак биноларга теракт амалга оширилишидан бир йил олдин нашрдан чиққан. Шундан кейин бу китоб бир ярим миллиондан ортиқ нусхада сотилган ва дунёнинг 22 тилига таржима қилинган.

«Толибон» ўзгарганми? Ҳаракат вакиллари шундай эканини таъкидлашмоқда.

«Биз шариат доирасида аёллар ҳуқуқларини таъминлаймиз ва улар биз билан елкама-елка меҳнат қилишади. Биз халқаро ҳамжамиятни ҳеч қандай дискриминацияга йўл қўйилмаслигига ишонтирмоқчимиз. Биз Афғонистон яна жанг майдонига айланиб қолишига йўл қўймаймиз, биз ўзимизга қарши курашганларнинг барчасини кечирамиз, душманлик тугаган. Биз ташқи ва ички душманлар бўлишини хоҳламаймиз», деди толиблар расмийси Забиҳулло Мужоҳид (у янги ҳукуматда ахборот ва маданият вазири этиб тайинланиши кутилмоқда) 17 август куни Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида.

Ҳатто Ғарбда ҳам айримлар толибларга имкон бериш кераклигини айтишган.

«Замонавий «Толибон» аввалгидек қатағон машинаси бўлмаслиги, улар ақллироқ бўлиб қолган бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда бугунги кунда улар Кобулни қандай бошқараётганига қараб улар ўзгаргани ҳақида гапириш мумкин», дейди Британия армияси бош штаби бошлиғи сэр Николас Патрик Картер.

Афғонистонда толиблар ҳокимияти ўрнатилгач, аёллар қатлдан қўрқиб бурқа кия бошлашди

Аммо тинчликпарвар руҳдаги баёнотларга қарамай, толиблар деобандизмдан воз кечишмаган. Улар ҳамон турмуш ўртоғига хиёнат қилганлар тошбўрон қилиниши, йирик миқдорда ўғрилик қилганларнинг (исботланган ҳолда) қўли кесилиши даркор деб ҳисоблашади.

«Таъкидлаш жоиз, толиблар Афғонистон келажагини қандай кўришларини очиқчасига айта олишмаяпти ва бошқарув, аҳолига хизматлар кўрсатиш ҳамда қонунлар устуворлигини таъминлаш бўйича ҳеч қандай дастур тақдим этишмаяпти. Улар ноаниқ ва имкон қадар умумий баёнотлар беришда давом этишмоқда, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда мамлакатни тиклаш бўйича аниқ қарашларини эса баён этишни исташмаяпти ёки бундай режаларнинг ўзи йўқ», дея қайд этади Афғонистоннинг собиқ мудофаа вазири ўринбосари Тамим Асей.

«Деобандистлар нуқтайи назарига кўра, ҳукуматнинг мақсади - фуқароларнинг индивидуал ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш эмас, илоҳий ирода воситачиси бўлишдир», дея қайд этган Аҳмад Рашид 2000 йилда чоп этилган китобида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид