Жаҳон | 15:09 / 02.09.2021
10206
2 дақиқада ўқилади

МДҲ аксилтеррор бўлинмалари юқори даражадаги шайлик режимига ўтди

МДҲ аксилтеррор маркази раҳбари Андрей Новиковнинг сўзларига кўра, Афғонистонда жойлашиб олган халқаро террорчи ташкилотлар ўз сиёсий мақсадларини қўшни давлатлар, жумладан МДҲ таркибига кирувчи давлатларда амалга оширишни режалаштираётгани эҳтимоли мавжуд. 

Фото: РИА Новости

Афғонистондаги террорчи гуруҳлар "Толибон" ҳаракатига бўйсунмаган тақдирда уларнинг террорчилик фаолияти бошқа мамлакатларга ҳам ўтиши мумкин, деди МДҲ аксилтеррор маркази раҳбари Андрей Новиков.

"Афғонистон ҳудудида "Толибон"дан ташқари бошқа террорчи гуруҳлар ҳам фаолият кўрсатади. Улар "Толибон" ҳаракатига ёки халқаро тузилмалар резолюцияларига бўйсуниши аниқ эмас. Афғонистонда жойлашиб олган халқаро террорчи ташкилотлар ўз сиёсий мақсадларини қўшни давлатлар, жумладан МДҲ таркибига кирувчи давлатларда амалга оширишни режалаштираётгани эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли бизни нафақат Афғонистондаги террорчилик фаолияти, балки унинг Ҳамдўстлик мамлакатлари, айниқса, Марказий Осиё давлатлари ҳудудига ўтиши хавфи ташвишлантирмоқда", деди Новиков.

Унинг қайд этишича, Афғонистондаги вазият унга қўшни давлатлар – Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон учун муҳим аҳамиятга эга.

МДҲ аксилтеррор марказининг билдиришича, Афғонистонда ҳокимият толиблар қўлига ўтганидан сўнг МДҲ аксилтеррор бўлинмалари юқори даражадаги шайлик режимига ўтказилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид