Жаҳон | 22:39 / 08.09.2021
56152
9 дақиқада ўқилади

Ғарб толибларнинг янги ҳукуматидан норози, мамлакатда намойишлар тақиқланди. Афғонистондан сўнгги хабарлар

Толиблар 7 сентябр куни мамлакатни бошқариши керак бўлган янги ҳукумат аъзоларини эълон қилди, ҳаракат расмийси бу таркиб вақтинча эканини айтиб, доимий ҳукуматга бошқа кучлар вакиллари ҳам кириши мумкинлигини истисно этмади. Жаҳон ҳамжамияти Афғонистоннинг янги муваққат ҳукумати таркибига оммавий қотилликларда айбланган шахслар ҳам кирганидан ташвишда. 

Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд / SUPPLIED

Янги ҳукуматни бошқарувчи Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд БМТ санкциялар рўйхатига киритилган. Ички ишлар вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган Сирожиддин Ҳаққоний эса ФҚБ томонидан америкалик ҳарбийларга қилинган ҳужумлар учун қидирувга берилган.

Афғонистон миллий қаршилик ҳаракати фронти жаҳон ҳамжамиятини янги кабинетнинг легитимлигини тан олмасликка чақирди. Қаршилик ҳаракати вакили «Толибон» раҳбариятининг барча аъзолари қонунга хилоф ишлар қилиб келишгани ҳақида гапирган.

Толиблар халқаро коалиция кучлари чиқиб кетиши ортидан Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олди. Улар бу сафарги бошқарув уларнинг 1996-2001 йиллардаги бошқарувидан буткул фарқ қилишига ишонтиришди: ҳокимият органларида аёллар ҳам бўлиши, уларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши, Ғарб кучлари билан ҳамкорлик қилган афғонлардан ўч олинмаслиги ваъда қилинди.

Аммо янги ҳукумат таркибидан бирорта аёл киши ўрин олмади, ҳукуматнинг 33 нафар аъзосидан 30 нафари пуштунлар, қолаверса, толибларнинг умуммиллий амнистия тўғрисидаги ваъдаларига қарамай турли ҳудудлардан хорижлик ҳарбийларга ёрдам кўрсатган афғонлардан шафқатсиз қасос олинаётгани ҳақида кўплаб хабарлар келиб турибди. Мамлакатни тарк этишга улгурган афғонлар эса ўз яқинлари ҳаёти учун хавотирда яшамоқда.

Мулла Умарнинг ўғли, янги ҳукуматда Мудофаа вазири лавозимини олган Муҳаммад Ёқубнинг илк сурати пайдо бўлди

АҚШ ва ЕИ реакцияси
«Биз янги ҳукуматда фақат «Толибон» аъзолари ва уларнинг иттифоқчилари қайд этилганини кўрдик, рўйхатда бирорта аёл киши йўқ. Шунингдек, у ердагиларнинг айримлари «эски рўйхат»даги одамлар эканидан хавотирдамиз», дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Вашингтон янги афғон ҳукуматини сўзларига қараб эмас, амалларига қараб баҳолашини, толиблардан аввал берилган ваъдаларини бажариш, хусусан, Афғонистонда қолаётган америкаликлар ва керакли ҳужжатларга эга афғонлар қаршиликсиз чиқиб кетишини таъминлаш ҳамда бошқа мамлакатларга хавф солувчи террорчилик ҳаракатларининг олдини олиш талаб этилишини маълум қилди.

«Биз рўй бераётган воқеаларни диққат билан кузатиб борамиз», дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Евроиттифоқ афғон ҳукумати инклюзив эмаслиги ва тор доирадаги гуруҳ манфаатларини ифодалашини қайд этган. ЕИдагилар толиблар ўз ваъдаларини бузишганини таъкидлашган.

«Бу сўнгги ҳафталар мобайнида «Толибон» ваъда қилиб келган, биз кўришни истаган, Афғонистоннинг бой этник ва диний хилма-хиллигини ифодалайдиган инклюзив ҳукумат эмаслигини билиш учун номлар рўйхатига бир назар ташлашнинг ўзи кифоя қилади», деган ЕИ вакили.

ФҚБ рўйхатидаги вазирлар

Маданият ва ахборот вазири ўринбосари Забиҳулла Мужоҳид

Шу кунларда толиблар олий раҳбарият томонидан янги ҳукуматга фаолиятини олиб боришда шариат қонунларига таяниш бўйича кўрсатма бергани ҳақида маълум қилганди.

Ҳаракат «бошқа давлатлар билан мустаҳкам ва соғлом алоқалар ўрнатишдан манфаатдор ва ислом қонунлари ҳамда мамлакат қадриятларига зид бўлмаса, халқаро шартномаларни бажаришга тайёр», дейилади толиблар баёнотида.

Вақтинча ҳукумат раҳбари этиб тайинланган мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд толибларнинг 1996-2001 йиллардаги биринчи бошқаруви даврида ташқи ишлар вазири вазифаларини бажарган. У «Толибон»да муҳим фигуралардан саналган, ҳарбий соҳадан йироқ бўлса-да, диний масалаларда таъсирчан шахс бўлиб келган.

Унинг ҳукумат раҳбарлигига тайинланишини кўпчилик «Толибон» ичидаги мўътадил ва консерватор кучлар ўртасидаги зиддиятни сўндириш мақсадида қилинган ўзига хос муроса йўли деб қабул қилмоқда.

Ички ишлар вазири лавозимини эгаллаган Сирожиддин Ҳаққоний ҳарбийлашган қанотга мансуб бўлиб, жанговар гуруҳлардан таркиб топган «Ҳаққоний тармоғи» етакчиси ҳисобланади. У Афғонистонда содир этилган энг қонли терактлар ташкилотчиси, хусусан, Кобулда 2017 йилда амалга оширилган ва 150дан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетган портлашлар ортида турган.

«Толибон»дан фарқли ўлароқ, «Ҳаққоний» «Ал-Қоида» билан яқин алоқалари туфайли АҚШ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

ФҚБ Сирожиддин Ҳаққонийни 2008 йилда америкаликлар ўлимига сабаб бўлган меҳмонхонадаги портлаш учун, шунингдек, америкалик ҳарбийларнинг автоколонналарига уюштирилган ҳужумларда айбдор деб топиб, унинг боши учун 5 млн доллар миқдорида мукофот белгилаган.

Аёллар намойиши ва журналистларнинг қўлга олиниши

Чоршанба куни Кобулда, шунингдек мамлакат шимоли-шарқидаги Файзобод шаҳрида аёллар намойиш ўтказиш учун кўчаларга чиқишди.

Кобулдаги Пули-Сурҳ туманида ўнлаб аёллар "Аёлларсиз ҳукумат - муваффақиятсизликка маҳкум" шиори билан норозилик билдиришди. "Ҳукумат таркиби эълон қилинди ва у ерда аёллар йўқ. Акцияни ёритиш учун келган яна бир неча журналист полиция маҳкамаларига олиб кетилди", дейилади ижтимоий тармоққа жойланган яна бир видеороликда.

Хабар қилишларича, икки акция ҳам толиблар томонидан зудлик билан тарқатиб юборилган, Кобулда намойишчиларга нисбатан куч ишлатилган.

Афғонистондаги  бир қанча нашрлар ўз ходимлари Покистон элчихонаси олдидаги намойишларни ёритиш чоғида қўлга олиниб, калтаклангани ҳақида хабар берди. TOLOnews телеканали оператори фаолиятига ҳам қаршилик кўрсатилиб, унинг ўзи калтакланган.

Чоршанба куни кечга яқин Etilaatroz газетасининг беш нафар журналисти қўлга олингани маълум бўлди. Улар 7 сентябрь куни, ҳукумат таркиби эълон қилинишига бир неча соат вақт қолганида олиб кетилган. Бунинг сабаби ҳозирча номаълум. Газета бош муҳаррири Заки Дарьяби сешанба кунги митинг вақтида журналистлар зўравонликка учрагани ҳақида маълум қилган.

Сўнгги хабарларга кўра, толиблар мамлакатда намойишлар ўтказилишини тақиқлади. Afghanistan Times нашри хабар беришича, бу борадаги фармойиш ҳукумат томонидан тегишли қонунлар тасдиқланмагунча ўз кучида қолади.

Афғонистондаги умумий вазият

Америкалик ҳарбийлар олиб кетилиши ортидан Кобулдаги ҳукумат мағлубиятга учрагач Афғонистонда амалда сиёсий тизимлар ишламай қолди, фуқаролар - ҳимоясиз, мамлакат янада чуқур иқтисодий ва гуманитар инқирозга учради.

«Толибон» мамлакатни қандай бошқармоқчи, гуруҳ етакчилари халқаро миқёсда тан олинишга эриша оладими ва Афғонистон аҳолисини қандай келажак кутмоқда? Бу саволлар жавоби ҳамон мавҳум.

Мушакбозликлар, табриклар, осмонга пайдар-пай ўқ узиш - «Толибон» жангарилари америкаликларнинг Афғонистондаги 20 йиллик мавжудлиги якунланишини шундай нишонлашди.

Аммо мамлакат аҳолисининг аксар қисми 31 август куни Афғонистондан кетиш йўли улар учун ёпилгани, келажак эса буткул мавҳумлигини чуқур англаб етишди.

Қурғоқчилик, очлик, коронавирус, ишсизлик, тирикчилик ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имконлари чегаралангани, таъқибдан қўрқув ортгани - бу бугунги Афғонистон реаллигидир.

БМТ маълумотига кўра, мамлакат аҳолисининг ҳар ўндан бири бошпанасини йўқотган, учдан бири яна қачон овқатланишини билмайди, 5 ёшгача бўлган болаларнинг ярмидан ортиғи тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда, мамлакатдаги озиқ-овқат захиралари шу ой охиригача тугаб битиши мумкин. Кобул ва бошқа катта шаҳарларда аҳоли ҳар куни банкдан нақд пул ечиб олиш умидида узундан узун навбатларда турибди.

«Ҳозирда гўёки барча хотиржамдек тасаввур уйғонади, аммо кўплаб ёшлар, шу жумладан мен ҳам олдинда бизни нималар кутаётганини билмаймиз», дейди BBC рус хизмати мухбири билан суҳбатда Кобулда яшовчи Нисан.

Нисан 26 ёшда, у компьютер муҳандислигига ўқиган. У Кобул аэропортида қаёққадир учиб кетиш умидида тўпланган минглаб афғонларни андуҳ билан кузатди.

«Ҳозир ҳеч қандай самолёт ва ҳеч қандай рейс йўқ. Бугун барча эркин ҳаётни орзу қилмоқда, аммо ҳеч ким олдинда нима бўлишини билмайди», дейди у.

Мамлакат ҳудудида ИШИД таъсиридаги жангарилар фаоллиги ва толибларнинг «Ал-Қоида» билан алоқалари туфайли кўпчилик Афғонистон яна 20 йил олдин бўлгани каби халқаро терроризм ўчоғига айланиши мумкинлигидан чўчимоқда.

Мавзуга оид