Жамият | 15:39 / 07.10.2021
12212
9 дақиқада ўқилади

Болаларга нисбатан жинсий жиноят содир этган шахсларни қандай назорат қилиш мумкин?

Тошкент метросида бегона эркак вояга етмаган қизга нисбатан беҳаё ҳаракатлар қилгани – болаларни жинсий тусдаги жиноятлардан ҳимоялаш бўйича янги ҳуқуқий механизмларга эҳтиёж борлигини кўрсатмоқда.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг соғлом муҳитда камол топиши учун шароит яратиб бериш жамият ва давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 3-моддасига кўра, иштирокчи давлатлар (шу жумладан Ўзбекистон) ота-она, васий ёки қонун бўйича болага масъул бўлган бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини эътиборга олган ҳолда болани унинг соғлом униб-ўсиши учун зарур бўлган ҳимоя ва ғамхўрлик билан таъминлаш ва ушбу мақсадда тегишли қонуний ва маъмурий чораларни кўриш мажбуриятини олади.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Тошкент метросининг “Олмазор” бекатида вояга етмаган қизга нисбатан номаълум эркак томонидан беҳаё ҳаракатлар қилингани ҳолати жиддий муҳокамага сабаб бўлган эди. Аниқланишича, беҳаё ҳаракат қилган шахс бир неча жиноятларни содир этгани учун олдин судланган экан.

Таъкидлаш лозимки, ушбу тоифадаги шахсларнинг ошкора жиноий хатти-ҳаракатлари аҳолининг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиб, ёшларнинг, айниқса воя етмаганларнинг ахлоқий бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Бунинг олдини олишда мазкур тоифадаги шахслар хатти-ҳаракатларидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бохабар бўлиб бориши катта аҳамиятга эга ҳисобланади.

Ривожланган хорижий давлатларда, хусусан Буюк Британия, АҚШ ва Янги Зеландияда болаларни жинсий зўравонликка мойил шахслардан ҳимоя қилишнинг самарали чоралари ишлаб чиқилган.

Жумладан, Янги Зеландиянинг “Болаларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни асосида Болаларга нисбатан жинсий тусдаги жиноятлар содир этган шахсларнинг реестрини юритиш тартиби жорий этилди. Ушбу реестр 2016 йилнинг 14 октябрида ташкил этилди.

Мазкур реестр болаларга нисбатан жинсий тусдаги жиноят содир этган шахсларнинг шахсий маълумотлари тўғрисидаги ёзувларни ўз ичига олади. Реестр олдин жиноят содир этган шахсларни мониторинг қилиш орқали уларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш ҳамда болаларнинг хавфсизлигини таъминлашда жазони ижро этиш муассасаси ва полиция ходимларига ёрдам берувчи восита ҳисобланади.

Реестрни жорий этиш сабаблари

Болаларга нисбатан содир этилган жинсий тусдаги тажовузлар жабрланувчи, унинг оиласи ҳамда жамиятга жиддий зарар етказади.

Маълумот учун: Янги Зеландияда болаларга нисбатан содир этилган жинсий тусдаги жиноятлар бўйича 2016 йилда 3 405 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, шулардан 1 566 тасида суд томонидан айблов ҳукми чиқарилган.

Шунингдек, ЮНИСЕФ халқаро ташкилотининг ҳисоботида Янги Зеландияда болалар хавфсизлигининг таъминланиши салбий баҳоланган.

Маълумот учун: ЮНИСЕФ халқаро ташкилотининг 2017 йилдаги ҳисоботида Янги Зеландия вояга етмаганларнинг ҳомиладор бўлиши даражаси бўйича ривожланган давлатлар орасида олтинчи ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, Янги Зеландия вояга етмаганларга нисбатан содир этиладиган қотилликлар даражаси бўйича еттинчи ўринни эгаллаган.

Болаларга нисбатан жинсий тусдаги жиноятлар содир этган шахсларнинг ушбу жиноятни такроран содир этиш эҳтимолини камайтириш учун зарур чоралар кўрилиши талаб этилади. Реестр ушбу чоралардан бири сифатида Янги Зеландия полициясининг ташаббуси билан ташкил этилган.

Реестрни юритиш тартиби

Ушбу реестрга қўйидагилар киритилади:

  • суд томонидан 16 ёшдан кичик шахсга нисбатан жинсий тусдаги жиноят содир этганликда айбдор деб топилган шахслар;
  • суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахслар;
  • суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган ҳамда реестрга киритилиши лозим деб топилган шахслар.

Шахс содир этган жиноятининг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, унинг маълумотлари реестрда 8 йил, 15 йил ёки умрбод муддатга сақланиши мумкин. Муддат шахс озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган кундан бошлаб ҳисобланади.

Маълумотлари реестрга киритилиши талаб этилган барча шахслар озодликдан маҳрум этиш жазосини ўташ муддати тугаши билан 72 соат ичида масъул полиция ходимига (Police case manager) паспорт маълумотлари, турар жой маълумотлари, бармоқ изи ва расми сингари шахсини тасдиқловчи маълумотларни тақдим этиши лозим.

Шу билан бирга, шахс турар жойини ўзгариши билан боғлиқ маълумотларни 48 соат ичида масъул полиция ходимига маълум қилиши талаб этилади. Бошқа турдаги маълумотларни 72 соат ичида маълум қилиш мумкин.

Юқоридаги шахсларнинг белгиланган муддат ичида маълумот тақдим этмаганлиги учун тегишли жиноий жавобгарлик белгиланган:

  • маълумот тақдим этиш мажбуриятини бажармаганлик учун – 2 000 АҚШ долларигача жарима ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин;
  • ёлғон маълумот тақдим этганлик учун – 4 000 АҚШ долларигача жарима ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Реестрга киритилган маълумотлардан фақат полиция ва жазони ижро этиш муассасасининг ваколатли ходимларигина фойдаланиши мумкин.

Ваколатли ходимлар жабрланувчи оиласига уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида реестрга киритилган маълумотларни тақдим этиши мумкин.

Реестрга киритилган маълумотлар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари болаларга нисбатан жинсий жиноятлар содир этган шахсларнинг ҳаётини кузатиш ҳамда улардаги такроран жиноят содир этишга бўлган мойиллик даражасини аниқлаш имконига эга бўлади.

Реестрни ташкил этиш ва юритиш харажатлари 8,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасида жиноят содир этган шахсларни ҳисобини юритиш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 октябридаги
ПФ–5566-сон фармони билан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика“ ягона ахборот тизимини жорий этиш белгиланган. Унга биноан, статистик карточкаларнинг электрон шаклларини тузиш орқали жиноят ишлари, терговга қадар текширув материаллари, суд муҳокамалари ҳамда суд қарорлари ижроси натижалари, шунингдек, айбланувчи ва жабрланувчи тариқасида жалб этилган иштирокчилар бўйича маълумотларнинг ягона ҳисоби юритилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сон фармонида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритиладиган “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри”ни жорий этиш назарда тутилган.

Аммо, Ўзбекистон қонунчилигида вояга етмаганлар ёки болаларга нисбатан жинсий тусдаги жиноятлар содир этган шахсларнинг реестрини юритишга оид тартиб мавжуд эмас. Шу билан бирга, ушбу туркумдаги жиноятларнинг содир этилиш даражаси сезиларли равишда ошаётганини кузатиш мумкин.

Маълумот учун: 18 ёшгача бўлган аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ жиноятлар сони 2020 йилда 181 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг дастлабки уч ойи ичида ушбу турда 62 та жиноят содир этилган.

Расмий статистика маълумотлари ҳамда фуқароларнинг ушбу турдаги шикоятлари сонининг ошиб бораётганидан Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида
ҳуқуқий механизмлар жорий этишга эҳтиёж мавжуд деган хулосага келиш мумкин.

Маълумот учун: 2021 йилнинг январь–март ойларида республикадаги ҳуқуқ-тартибот идораларига хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари бўйича жами 11 070 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 2 772 таси 18-30 ёш оралиғидаги, 93 таси эса вояга етмаган шахслар томонидан бўлган.

Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий жиноятлар содир этган шахсларнинг реестрини юритиш тартибини жорий этиш мазкур тоифада жиноят содир этган шахсларнинг такроран жиноят содир этишининг олдини олиш, улардаги такроран жиноят содир этишга бўлган мойиллик даражасини аниқлаш, болаларнинг етук шахс бўлиб вояга етиши учун соғлом муҳит яратиш имконини беради.

Зафар Эргашев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг
масъул ходими

Мавзуга оид