Хитой Тайванга ҳарбий самолётлар юборди, у ердагилар уруш хавфи ҳақида айтишмоқда
Тайван бўғозида қуролли тўқнашув рўй бериш хавфи сўнгги 40 йилликдаги энг юқори даражага чиқди. Тайван мудофаа вазири Чиу Куо Чен қандайдир ҳаракат туфайли исталган дақиқада уруш бошланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Сўнгги тўрт кунда Пекин Тайван ҳаво мудофааси ҳудудига сон-саноқсиз жанговар самолётларини юборди. Улар оролга қадар учиб бормаган бўлса-да, Чиу Куо Чен вазият кескинлашган паллада кимдир хатоликка йўл қўйиб ўқ узиб қўйиши мумкин деб ҳисоблайди.
У Хитой ва Тайван ўртасидаги ҳозирги муносабатларни сўнгги 40 йил ичидаги энг мураккаби деб атади.
У шунингдек, ХХР 2025 йилда Тайванга бостириб киришни режалаштирганини тахмин қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, техник жиҳатдан Пекин бугунги кунда ҳам бунга тайёр, аммо яқин келажакда бу ишни ҳозиргидан ҳам осонроқ бажариши мумкин. Вазир ўз прогнозлари нималарга асосланганини айтиб ўтмаган.
Чиу Куо Чен бу ҳақда парламент қўмитаси мажлисида маълум қилган, унда Тайван қуролли кучлари учун бир неча миллиард долларга ракеталар ва ҳарбий кемалар сотиб олиш масаласи муҳокама этилган.
Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг ҳар қандай ҳарбий-ҳаво фаолликни қайд этадиган кузатув ҳудуди Тайван бўғозини тўлиқ ва Хитойнинг материкдаги қирғоқларининг бир қисмини қамраб олади.
Тайваннинг Ғарбдаги иттифоқчилари Хитой ўз ҳарбий қудратини намойиш этаётганидан хавотир билдиришган, аммо АҚШ президенти Жо Байденнинг айтишича, аввалроқ хитойликлар етакчиси Си Жинпинг Вашингтонни 1971 йилдан буён Тайван масаласида Америка-Хитой муносабатларида пойдевор бўлиб келаётган «Ягона Хитой сиёсати»га содиқ қолишига ишонтирган.
«Мен Си билан Тайван ҳақида гаплашдим. Биз Тайван бўйича келишувга содиқ қолиш бўйича келишиб олдик. У бунга зид иш қилади деб ўйламайман», деганди Байден.
Бу минтақада сўнгги марта жиддий ҳарбий кескинлик 1996 йилда кузатилганди, ўшанда Тайвандаги президентлик сайловлари арафасида Пекин намойишкорона ракета синовлари ўтказган, АҚШ эса бу ҳудудга ўз авиаташувчиларини жўнатганди.
Ечимсиз қолаётган зиддият
1949 йилда, хитойлик коммунистлар Гоминьдан билан кечган фуқаролик урушида ғалаба қозонгач, ўша вақтдаги президент Чан Кайши ва унинг тарафдорлари Тайванга ва Пэнху архипелагига чекинади, Америка флоти эса Мао Цзедунга бу оролларга десант туширишига рухсат бермайди.
Хитой ҳозирга қадар Тайванни исёнкор провинцияси деб ҳисоблайди ва қачондир зарурат туғилса уни ҳарбий йўл билан бўлса ҳам қайтаришини айтиб келади.
Пекин бир неча бор Тайван мустақиллиги ҳақида расман эълон қилиниши «қизил чизиқ» бўлиши ва бу чизиқдан ўтиш ҳарбий ҳаракатларга сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирган. Тайван президенти Цай Инвэнь яқинда унинг мамлакати - суверен давлат экани ва буни расмий акт билан тасдиқлашга ҳожат йўқлигини айтганди.
Тайван ҳукумати 1990-йилларгача ХХРни тан олмаган ва ўзларини бутун Хитойнинг ягона легитим ҳукумати деб ҳисоблашган.
Президент Никсоннинг 1971 йилда Пекинга амалга оширган тарихий ташрифидан сўнг Қўшма Штатлар «Ягона Хитой сиёсати» ҳақида эълон қилади, Тайван билан дипломатик алоқалар узилади ва БМТ Хавфсизлик Кенгашида Хитойнинг ўрни Тайванга берилиши кераклиги борасидаги эътирозларидан воз кечди.
Шу билан биргаликда, «Ягона Хитой сиёсати» Вашингтон Тайван билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва бу ерга 1979 йилда тузилган Тайван билан муносабатлар тўғрисидаги Акт (Taiwan Relations Act) доирасида қурол етказиб беришни тақиқламайди.
Тайваннинг мақоми
Тайван - бозор иқтисодиёти гуллаб-яшнаган демократик давлат бўлиб, 300 минг кишилик армияга эга. Айни вақтда БМТнинг 193 аъзосидан 14таси, жумладан Ватикан томонидан тан олинган, аммо кўплаб давлатлар расман тан олмаса-да Тайбэйдаги ўз миссиялари (элчихона мақомида эмас), бюролари ва институтлари орқали иқтисодий ва консуллик алоқалари ўрнатган.
ХХРнинг ўтган йили Ҳонгконгда амалга оширган ҳаракатлари (аввалги келишувлар бузилган ҳолда ушбу оролдан қўним топган жиноятчилар ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Хитойга топширилиши) Тайван ва унинг иттифоқчиларида жиддий ташвиш уйғотган.
Жорий йилнинг 15 сентябрь куни АҚШ, Британия ва Австралия AUKUS номи остида ҳарбий альянс тузишди.
Хавфсизлик соҳасидаги экспертларнинг фикрича, расман айтилмаган бўлса-да, альянс асосан Пекиннинг Жанубий Хитой денгизидаги фаоллашувини тийиб туриш учун ташкил этилган.
Мавзуга оид
13:50 / 04.11.2024
Тайван РФга дастгоҳлар етказиб бериш тўлиқ тўхтатилганини маълум қилди
13:10 / 04.11.2024
Тайбэй: Тайванлик иккинчи кўнгилли Украина учун жангларда ҳалок бўлди
23:36 / 31.10.2024
Тайванга «Конг-рей» супертўфони ёпирилди
08:20 / 24.10.2024