Қизил китобга киритилган 280 млн сўмлик лочинларни сотмоқчи бўлганлар қўлга олинди
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ДХХ билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган лочинларни табиатдан ажратиб олиб, пуллашга уринган шахслар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz'га хабар берди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги «Камаз» юк автотранспорт воситаси «Сирдарё» чегара божхона постида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Текширувда салондаги спорт сумкасига 8 бош лочин яширилгани аниқланган.
«Қушларга шафқатсизларча муносабатда бўлинган, жонзотлар сумкага уларнинг ҳаёти учун хавфли тарзда зичлаб жойлаштирилган. Шу куни тезкор тадбир Сирдарё туманида ҳам давом эттирилиб, ушбу қушларни сотиб олаётган шахс ҳам қўлга олинди.
Мазкур ҳолатда ушлаб қолинган 8 бош лочин Ўзбекистоннинг 2019 йилда чоп этилган Қизил китобига киритилган ва табиатан камёб ҳисобланади ҳамда уларни овлаш тақиқланган. Лочинларнинг 6таси Қизил китобга Итолғи номи билан киритилган бўлиб, улар тобора йўқолиб бораётган тур ҳисобланади», – дейилади қўмита тақдим қилган маълумотда.
Шунингдек, суриштирувлар давомида қонунбузарлар ушбу қушларни 280 миллион сўмга пулламоқчи бўлгани маълум бўлган. Ҳозирда лочинлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақловга топширилди ва мутахассисларнинг доимий назорати остида парваришланмоқда.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Мавзуга оид
16:02 / 26.04.2022
Давлат божхона қўмитаси раисига янги ўринбосар тайинланди
21:04 / 10.04.2022
Тошкентда қалбаки 6900 долларни сотмоқчи бўлган гуруҳ қўлга олинди
20:37 / 18.11.2021
Акмалхўжа Мавлонов расман Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига тайинланди
15:59 / 18.11.2021