Ўзбекистон | 19:30 / 20.10.2021
23371
2 дақиқада ўқилади

Исматулла Эргашев «Толибон» ҳукуматини тан олиш шартларини эслатди

Исматулла Эргашев Замир Кабулов билан Фото: Владислав Шатило / РБК

Расмий Тошкент ҳозирча Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракати томонидан тузилган янги муваққат ҳукуматини тан олиш учун имконият кўрмаяпти. Бу ҳақда чоршанба куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Москвадаги халқаро анжуманда айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, бу масалада халқаро ҳамжамиятнинг «афғон сиёсий майдонида муҳим роль ўйновчи» асосий иштирокчилари билан мувофиқлаштирилган ҳолда қарор қилинади.

«Мен бирор мамлакат ўзининг яқин ҳамкорлари билан келишмаган ҳолда шундай қарор қабул қилади деб ўйламайман. Хусусан, ҳозирча мен янги ҳукуматни тан олиш имкониятини кўрмаяпман. Мен ўйлайманки, бу халқаро ҳамжамиятнинг асосий иштирокчилари билан келишилган ҳолда амалга оширилади», деган у Афғонистон масаласида Москвада ўтказилаётган маслаҳатлашувлар вақтида Sputnik учун берган интервьюсида.

Ўзбекистон президентининг махсус вакили толибларнинг ҳукуматини тан олиш шартлари олдиндан белгилаб қўйилганини эслатиб ўтган.

«Толибон» Доҳа келишувида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариши, афғон жамиятининг барча сиёсий кучлари вакиллари иштирокида ҳукумат тузилиши, инсон ҳуқуқлари ва аёлларнинг фундаментал ҳуқуқлари таъминланиши, мамлакат ҳудудидан бошқа давлатларга таҳдид ва террорчилик мақсадларда фойдаланилмаслиги керак», деган у.

Шунингдек, махсус вакил «Москва формати»даги анжуман қатнашчиларининг асосан совуқ кунлар ва гуманитар инқироз шароитида афғон халқига ёрдам бериш масаласи хавотирга солаётганини қўшимча қилди.

Фото: Владислав Шатило / РБК 

Бугун Москвада 10та давлат вакиллари, хусусан, Ўзбекистон иштирокида Афғонистон бўйича халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда. Толиблар делегациясига муваққат ҳукумат раҳбари ўринбосари Мавлавий Абдул Салом Ҳанафий бошчилик қилмоқда. Шунингдек, делегация таркибига ташқи ишлар вазири Мавлавий Амир Хон Муттақий ва бошқа қатор вазирлар киритилган.

АҚШ вакиллари ушбу анжуманга ташриф буюрмади.

Мавзуга оид