Жаҳон | 23:37 / 22.10.2021
12238
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Россияни Европада газ инқирозини юзага келтиришда айблади

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, Россия “Шимолий оқим-2” газ қувурини ишга тушириш учун газ тақчиллиги ва нархлар ўсишини қўллаб-қувватламоқда.

Фото: AP

Украина президенти Владимир Зеленский Россияни Европада газ инқирозини юзага келтиришда айблади ва Евроиттифоқни бунга жавобни Украина билан мувофиқлаштиришга чақирди.

“Бу Евроиттифоққа қарши ҳақиқий газли тажовуз. ЕИ мамлакатлари биргаликда саъй-ҳаракат қилиш зарурлигини, Европа қадриятлари ва қоидаларини ҳурмат қилиш – Европанинг энергетик мустақиллигини сақлаб қолишнинг ягона йўли эканлигини тушунади деб умид қиламан”, – деди Зеленский.

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, Россия газ етказиб беришни кўпайтиришни рад этиш орқали Германия ва Россияни боғловчи “Шимолий оқим-2” газ қувурини ишга тушириш учун газ тақчиллиги ва нархлар ўсишини қўллаб-қувватламоқда.

“Россия Европани “Шимолий оқим-2”ни Европа қоидаларига амал қилмаган ҳолда ишга туширишга мажбурламоқчи”, – деб таъкидлади Зеленский.

Охирги вақтда газ бозорида нархларнинг кескин кўтарилиши кузатилмоқда. Бу эса Европада газ билан боғлиқ муаммоларга олиб келган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид