Истанбулдаги Галата қалъаси – ўтмишда ва бугун (фото)
“Истанбулга амалиёт ўташ учун етиб келиб, жойлашганимдан сўнг, биринчи бўлиб Галата қалъаси жойлашган Бейоғлу районига бордим”, дея ҳикоя қилади Uzbek.life колумнисти Сабоҳат Ражабова.
Сиз ҳам ўз ҳикояларингизни биз билан бўлишмоқчи бўлсангиз Telegram’дa @uzbeklifebot га мурожаат қилинг.
Бой ва ранг-баранг тарихга эга бу қалъа ҳақида турли ва қизиқарли ривоятлар мавжуд.
Галата қалъаси милодий йилнинг 507 – 508 йилларида Византия императори Юстинианус томонидан барпо этилган. Айни пайтда сақланиб қолган қалъани 1348 – 1349 йилларда женеваликлар қайтадан қурган. Бугунги кунгача қалъа биноси зилзила ва ёнғин туфайли бир неча марта реставрация қилинган бўлиб, охирги марта 1967 йилда қайтадан таъмир қилинган.
Қарийб 15 аср давомида кузатув минораси, урушда асир олинган инсонларни сақлаш жойи, зиндон, кема учун керакли ашёлар сақланган омбор, ёнғин қалъаси ва қаҳвахона сифатида хизмат қилган ушбу минора айни пайтда меҳмонлар учун музей сифатида очиқ.
Туркия тарихида илк парвоз
Ҳезарфен Аҳмед Челебининг исми Туркия тарихида илк парвоз қилган олим сифатида муҳрланиб қолган. У XVII асрда яшаган бўлиб, султон Мурод IV ҳукмронлиги даврида (1623 – 1640) фаолият кўрсатган ва ўз қўллари билан қанот ясаган. Галата қалъасидан парвоз қилганлиги ва кўп соҳаларда билимли бўлганлиги учун Ҳезарфен, яъни бир нечта фаннинг зиёли билимдони, лақабини олган.
Қушларнинг парвози ва қанот қоқишини диққат билан кузатган, парвоз техникасини тушуниб, қанотлар ясаган Ҳезарфен аввал Истанбулдаги Ўқ майдонида бир неча марта учишга уриниб кўрган ва бир куни эрталаб Босфор бўйида тўпланган аҳолининг кўз олдида Галата қалъасидан ўзи ясаган қанотлари ёрдамида ўзини бўшлиққа қўйиб юбориб, Босфорни ошиб, Ускюдаргача парвоз қилишга муваффақ бўлган. Бу парвоз Европада катта қизиқиш билан кутиб олиниб, Англияда кейинчалик бу парвоз тасвир қилинган гравюралар ҳам пайдо бўлган.
Саройбурнидаги Синан пошо саройидан бу парвозни томоша қилган султон Мурод IV эса Ҳезарфен Аҳмед Челеби фаолияти билан аввалига яқиндан қизиқади. Сўнгра эса бу даражада билимли ва моҳир инсоннинг мавжудлигидан хавотирланиб, уни Жазоирга сургун қилади. Ҳезарфен Аҳмед Челеби у ерда вафот этади. Унга оид ягона тарихий манба машҳур Усмонли сайёҳи ва тарихчиси Авлиё Челебининг “Саёҳатнома” номли асарида келтириб ўтилади.
Галата қалъаси афсонаси
Галата қалъаси афсоналаридан бири қуйидагича. Галата қалъаси ва Қиз қалъаси бир-бирига ошиқ бўлади, аммо уларнинг орасидаги Истанбул бўғози, яъни Босфор икки севгилининг биргаликда бўлишларига тўсқинлик қилади. Галата қалъаси узоқ йиллар мобайнида Қиз қалъасига туйғуларини кўрсатиш учун ишқ мактублари ёзади. Ҳезарфен Аҳмед Челеби орзусини рўёбга чиқариш учун қалъанинг тепасига чиққанида Галата у билан Қиз қалъасига ёзган мактубларини бериб юборади. Истанбулнинг шамолидан куч олган Ҳезарфен Қиз қалъасига мактубларни етказганида, Қиз қалъаси ўз платоник севгисининг жавобсиз эмаслигини кўриб, хурсандлигидан боши кўкка етади. Бу икки ошиқнинг севгиси бир неча асрлардан бери тилга олиниб, айни пайтда бу икки қалъа Истанбулнинг энг гўзал манзарасининг сабабчиси бўлиб турибди.
Сабоҳат Ражабова
Uzbek.life колумнисти
Мавзуга оид
00:48
Turkish Airlines 23 ноябрга режалаштирилган қатор парвозларини бекор қилди
21:37 / 22.11.2024
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
16:56 / 22.11.2024
Туркияга меъёрдан ортиқ тамаки маҳсулотларини олиб кирган ўзбекистонликлар қамоққа олинмоқда
23:12 / 19.11.2024