Жаҳон | 06:34 / 28.10.2021
10674
3 дақиқада ўқилади

“Динозавр” БМТ минбаридан туриб инсониятни иқлим ўзгариши оқибатларидан огоҳлантирди

БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) “Қирилиб кетишни танламанг” кампанияси доирасида иқлим ўзгаришларига қарши курашни қўллаб-қувватлаш мақсадида антиқа фильмни тақдим қилди. Қисқа метражли фильмнинг бош қаҳрамони динозавр бўлди.

У фильмда БМТ минбаридан давлатлар делегациялари ва БМТ ходимларига мурожаат қилиб, уларни инсоният яқин орада қирилиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Эътиборлиси, 1,5 ой олдин ушбу минбардан жаҳон етакчилари БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессиясида нутқ сўзлашганди.

Бош қаҳрамон барча одамларни ўз хатти-ҳаракатлари учун турли баҳоналар изламасликка ва инсониятнинг қирилиб кетишига олиб келиши мумкин бўлган иссиқхона газлари ва қашшоқлик муаммоларига қарши курашишни бошлашга ундайди. У глобал исиш шароитида қазиб олинувчи ёнилғи билан боғлиқ лойиҳаларнинг давлатлар томонидан молиялаштирилишини нооқилона деб атайди ва буни гўёки “динозаврларнинг уларнинг йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўлган астероидга сармоя киритишидек гап” деб таъкидлайди.

Динозавр залда йиғилганларга савол билан юзланади: “Бизнинг йўқ бўлишимизга астероид сабаб бўлган. Сизда-чи, қандай важ бўлади?”

Ролик охирида “Ҳозир ёки ҳеч қачон” деган ёзув чиқади.

Тақдим этилган ролик БМТ тарихида 3D-графика қўлланиб тайёрланган илк видео бўлди. Унга инглиз, испан ва француз тилларида таниқли актёр ва актрисалар — Николай Костер-Валдау (“Тахтлар ўйини” сериалида рол ижро этган), Эйса Гонсалес (“Годзилла Конгга қарши”) ва Аиса Майга (“Париж, сени яхши кўраман”) овоз берган.

Октябрда БМТ иқлим инқирозининг олдини олиш учун давлатлар бу борадаги саъй-ҳаракатларини икки баробар оширишга чақирилган ҳисоботни тақдим қилганди. Унда тадқиқотчилар карбонат ангидрид газининг атроф-муҳитга чиқарилиши ҳажми ҳозирги суръатларда қолса, унда дунёдаги ўртача ҳаво ҳарорати саноат давригача бўлган даражадан 2,7 даража ошишини прогноз қилишган. Ваҳоланки, иқлим бўйича Париж келишувига кўра, ҳарорат кўтарилишини максимал 1,5 даражада ушлаб туриш лозим.

Мавзуга оид