Жаҳон | 20:56 / 01.11.2021
1498
1 дақиқада ўқилади

Японияда ҳукмрон партия парламентда кўпчилик ўринни сақлаб қолди

Фото: REUTERS/Issei Kato

Япония парламентининг қуйи палатасига сайловларда бош вазир Фумио Кисида бошчилигидаги Либерал-демократик партия кўпчилик ўринни сақлаб қолди. У парламентдаги 465 ўриндан 261 тасини эгаллайди ҳамда ўзининг анъанавий сиёсий ҳамкори “Комейто” партияси билан бирга 293 ўринни назорат қилади.

Сайловлар Иккинчи жаҳон урушидан кейин биринчи марта муддатдан олдин эмас, балки қуйи палата ваколатлари муддати якунлангандан кейин ўтди.

Ҳукмрон партия аввалги парламентдагига нисбатан 15 ўринни йўқотганига қарамай, “мутлақ кўпчиликни” сақлаб қолган. Япониянинг асосий мухолиф партияси Конституциявий-демократик партия ҳам 14 ўрин йўқотган.

Япония бош вазирининг таъкидлашича, янги ҳукумат “янги капитализм” ёрдамида иқтисодиётни жонлантириш билан шуғулланади. Шунингдек, Кисида ҳукумати мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш имкониятларини кўриб чиқади. Ҳукмрон партия мудофаага сарф-харажатларни 2 мартага, яъни мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизигача оширмоқчи.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид