Ўзбекистон | 09:00 / 04.11.2021
10060
9 дақиқада ўқилади

Ветеринария соҳаси: Янги қўмита тузилгач, нималарга эришилди?

Ўзбекистонда йилига 75 миллионга яқин ҳайвон эмланишидан хабарингиз борми? Иссиқ ўлкалардан учиб келувчи қушлар ўзлари билан қандай касалликларни олиб келиши мумкин? Қутуриш касаллигининг инсонларга юқиши ҳолатларига қандай барҳам берилди?

Kun.uz мухбири Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида бўлиб, қўмита вакилларидан соҳага оид қатор саволларга жавоб олди.

— Қўмитанинг ташкил этилиши ҳақида қисқача айтиб бероласизми?

Ҳабибулло Ҳамдамов, Ҳайвон касалликларига қарши курашиш бошқармаси бошлиғи:

— Хабарингиз бўлса, илгари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тузилмасида Ветеринария бош бошқармаси ва Чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бўларди. Лекин ушбу соҳалар охирги 25 йилда ривожланмагани, аҳолида чорвачилик маҳсулотларига талабнинг ўсиб бораётгани сабабли соҳани ривожлантиришга зарурат пайдо бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу бошқармаларни давлат қўмитаси даражасида қайта ташкил этиш орқали соҳани жадаллаштириш асосий мақсад қилиб белгиланди. Шу тариқа, 2019 йил 28 мартдаги президент фармони билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди.

Ҳабибулло Ҳамдамов / Фото: Kun.uz

— Қўмита ташкил қилинганига 2 йилдан ошиқроқ вақт ўтибди. Шу вақт давомида қандай ишлар қилинди?

Ҳабибулло Ҳамдамов: — Ветеринария тармоғига тўхталиб ўтмоқчиман. Жумладан, сўнгги йилларда бир қатор норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Илгари ишлаб чиқилганлари халқаро стандартларга ҳамоҳанг тарзда қайта ишлаб чиқилди. Соҳага янги-янги технологиялар олиб келинмоқда. Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташкил этилди. Тошкент ва Нукус шаҳарларидан унинг филиаллари фаолият юритмоқда. Яқинда Андижон шаҳрида алоҳида Ветеринария техникуми ташкил этилди.

— Илгари бу ҳақда фақат ота-оналаримиздан эшитганмиз, лекин охирги вақтларда ҳайвондан одамга қутуриш ёки куйдирги касаллиги юқибди, деган гапни эшитмадим. Бу натижага қандай эришилди?

Ҳабибулло Ҳамдамов: — Ушбу жараён турли омиллар, айниқса, табиий омиллар билан боғлиқ бўлади. Масалан, мана шу йил қурғоқчилик келганида ҳам тупроқдан юқадиган турли хил касалликлар катта хавф-хатар туғдиради. Ушбу хавф-хатарларнинг олдини олиш ва етарли профилактик ишловлар бериш жуда катта куч талаб қилади.

Республикамизда 8,5 минг нафар ветеринария ходимлари фаолият олиб бораётган бўлса, улар 13 млндан ортиқ қорамоллар, 22,5 млндан ортиқ майда шохли моллар ва 3,5 млн бошқа турдаги ҳайвонларга доимий тарзда 11 хил касалликка қарши профилактик эмлаш, яъни вакцинация тадбирларини олиб боради. Айниқса, ҳайвондан инсонга юқадиган энг хавфли касалликлардан бири – куйдирги касаллигига қарши барча ҳайвонлар ҳар йили бир марта эмланади.

Бундан ташқари, ит ва мушуклардан одамларга юқадиган қутуриш касаллиги ёввойи табиатда бўри ва тулкиларда доимий тарзда айланиб юради ва вақти-вақти билан итларга юқиб, итлардан одамга юқиш хавфи пайдо бўлади. Итлардан одамга юқиш хавфини йўқотиш, яъни касаллик занжирини кесиш учун биз ҳар йили 2,5 млндан 3 млнга яқин ит ва мушукларни қутуриш касаллигига қарши эмлаймиз. Шу каби бошқа бир қатор касалликлар ҳам бор бўлиб, уларга қарши ҳам профилактик эмлаш ишлари доимий олиб борилади.

— Касаллик юқтиришда энг хавфли тоифа – дайди ит ва мушуклар билан қандай муомалада бўлинади? Уларни эмлаш ишлари қандай амалга оширилади?

Ҳабибулло Ҳамдамов: — Улар кўчада овқатланадиган вақтида тўда-тўда бўлади ва ушбу жараёнда турли касалликларни бир-бирига юқтириш хавфи ошади. Ушбу жараённи назоратга олиш жуда муҳим.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда бу масала жуда кўп кўтарилмоқда. Ободонлаштириш бошқармалари ушбу жонзотларни тутиш ва уларни бошпана билан таъминлашда масъул ташкилот ҳисобланади. Бу жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳам кенг жалб қилинмоқда.

Бу ерда янги ёндашув шундан иборатки, дайди ит ва мушуклар тутилганида энг биринчи бўлиб уларни қутуриш касаллигига эмлаш, гелминт (гижжа) касалликларига қарши ишлов бериш ва улар табиий ҳолда кўпаймаслиги учун уларни стерилизация қилиш (бепуштлаштириш – таҳр.) ишлари амалга оширилади. Яъни урғочиларининг тухумдонлари 15 дақиқа ичида оғриқсиз олиб ташланади, эркаклари ахта қилинади. Шундай қилиб, уларнинг кўпайиш занжири тўхтатилади.

Муаммони халқаро тажрибага амал қилган ҳолда шу тарзда ечиб боряпмиз.

Салоҳиддин Ҳасанов, Озиқ-овқат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи:

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилги қарорида қутуриш касаллигига қарши кураш, дайди ҳайвонлар билан ишлаш бўйича барча ташкилотларнинг вазифалари ва механизмлар белгилаб берилган. Шунга асосан бизга қутуришга мойил ҳайвонларни эмлаш ва уларни рўйхатга олиш вазифаси юклатилган. Рўйхатга олиш тизими шундан иборатки, ҳар битта маҳалладаги фуқаролар йиғини жойлардаги участкаларимизга рўйхатни беради, участка ветеринарлари шу рўйхат асосида хонадонларга бориб, итларни эмлаш билан шуғулланади.

Салоҳиддин Ҳасанов / Фото: Kun.uz

2015 йилда “Ветеринария тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Қонунга асосан ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Унга кўра, қутуриш касаллигига қарши кураш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Чунки эртага ўзининг хонадонида парваришлаётган итини ўзи ветеринария кўригидан ўтказиб, қутуришга қарши эмлашни йўлга қўймаса ёки ҳар чоракда бир марта антигелминтиклар билан гижжасизлантириб турилмаса, бу ҳолат эртага унинг ўзига ҳам, бутун жамият саломатлигига ҳам хавф туғдиради.

— Ижтимоий тармоқларда кўнгилли нодавлат ташкилотлар томонидан дайди итларга бошпана ва озиқ-овқат етказиб беришда қийинчиликка дуч келинаётганига гувоҳ бўлдик. Уларга давлат томонидан қандай ёрдам бериш мумкин?

Ҳабибулло Ҳамдамов: — Бу масала жуда долзарб ва биз синчиклаб ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келдикки, агарда юқорида айтган жараёнимизни тўғри ва самарали олиб борсак, яъни дайди ҳайвонларга касалликларни олдини олиш бўйича вақтида ишлов берсак ва стерилизация ишларини олиб бориб, уларнинг кўпаймаслигини назоратга олсак, улар учун бошпана сонини кўпайтиришга эҳтиёж қолмас экан.

— Қўмита томонидан соҳада қандай янгиликлар амалга оширилмоқда?

Ҳабибулло Ҳамдамов: — 2,5 йил вақт мобайнида янги-янги лабораториялар қурилганини айтиш мумкин. Бундан ташқари, ҳайвонларни касалликлардан ҳимоя қилиш йўналиши бўйича жорий қилаётган янги технологиямиз – вакуумли пробиркаларга алоҳида тўхталмоқчиман.

Қорамол ва майда шохли молларда инсон учун хавфли бўлган бруцеллёз касаллиги учраб туради. Ушбу касалликни назорат қилиш учун ҳар йили деярли барча қорамол ва майда шохли моллар қон олиш орқали текшириб борилади.

Болалар учун сут маҳсулотлари етказиб берадиган фермер хўжаликларидаги моллар эса йилига 2-3 марта текширувдан ўтказилиши керак. Қон олиш жараёни моллар учун жуда оғриқли бўлиб келган. Сабаби қон уюшиб қолмаслиги учун йўғон игнада олиб келинган. Бу эса моллар томонидан қаршилик қилинишига ва жараённинг қийинлашишига сабаб бўлган. Янги технологиямизда эса вакуумли пробиркага ўрнатиладиган ингичка игна санчилганида ҳеч қандай оғриқ бермайди ва пробирканинг ўзи етарлича қонни сўриб олади.

Аббос Салайдинов / Аббос Салайдинов

— Паррандалар ва қуёнлар тез кўпайиши билан бирга бир касаллик келса, оммавий қирилиб ҳам кетиши мумкин. Аҳоли орасида “мана шундай касалликлар давлат томонидан махсус тарқатиб турилади” деган миш-мишлар юради. Бу гаплар қанчалик асосли?

Ҳабибулло Ҳамдамов: — Бундай миш-мишлар умуман асоссиз. Ушбу касалликлар ёввойи табиатдан ҳаво-томчи йўли билан ўтиб келади. Бундай касалликларга паррандалар учун хавфли бўлган Нюкасл касаллиги, парранда гриппи кабиларни мисол келтириш мумкин. Ветеринария хизмати томонидан ҳар йили 35 млндан ортиқ парранда Нюкасл касаллигига қарши давлат бюджети ҳисобидан эмланади.

Бундан ташқари, қуёнлар учун ўта юқумли ва хавфли бўлган геморрагик иситмасига қарши ҳар йили давлат бюджетидан катта миқдорда вакцина сотиб олинади ва эмлаб борилади.

Салоҳиддин Ҳасанов: — Саволингиз ўринли. Аҳоли орасида шундай гаплар юради. Лекин аслида ундай эмас. Ушбу касалликлар ёввойи ҳайвонлар ва қушлардан юқади. Масалан, иссиқ ўлкалардан учиб келадиган қушлар ўзлари билан олиб келиши мумкин.

Ушбу касалликларга қарши курашиш учун жойларда эпизоотик отрядлар ишлаб турибди. Шунингдек, яқинда хориждан келтирилаётган вакциналаримизни қуйи бўғинларгача совуқ ҳолда етказишни таъминлайдиган рефрижераторлар, яъни музлаткичли машиналар олиб берилди.

Аббос Салайдинов суҳбатлашди.
Тасвирчилар – Муҳиддин Қурбонов, Азимжон Воҳидов.
Монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид