Жаҳон | 17:46 / 10.11.2021
6860
2 дақиқада ўқилади

Меркел Путиндан мигрантлар масаласида Беларусга таъсир ўтказишни сўради

Россия президенти бу муаммони ЕИга аъзо мамлакатлар вакиллари ва Минск ўртасида муҳокама қилишни таклиф қилган.

Фото: РИА Новости

Германия канцлери Ангела Меркел Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти чоғида ундан Беларусь-Польша чегарасидаги мигрантлар билан боғлиқ вазият сабабли Минскка таъсир ўтказишни сўради. Бу ҳақда Германия вазирлар маҳкамаси вакили Штеффен Зайберт Twitter саҳифасида маълум қилди.

«Меркел Беларусь режими томонидан мигрантлардан фойдаланиш ноинсонийлик эканлигини таъкидлади ва президент Путиндан бунга таъсир ўтказишни сўради», деб ёзди у.

Ўз навбатида, Кремль мулоқот Германия ташаббуси билан ўтказилганини қайд этди

Хабар қилинишича, Россия президенти бу муаммони ЕИга аъзо мамлакатлар вакиллари ва Минск ўртасида муҳокама қилишни таклиф қилган.

Беларусь ва ЕИ мамлакатлари чегарасидаги миграцион инқироз ёзда, Беларусь президенти Александр Лукашенко ноқонуний мигрантлар оқимига қарши курашмаслигини айтганидан сўнг юзага келганди.

Польша чегара хизматида таъкидланишича, 8 ноябрдан бери республика чегараси яқинида 2-4 минггача муҳожир тўпланган. Улар Европа Иттифоқи ҳудудига ўтишга ҳаракат қилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид