Ўзбекистон | 10:39 / 12.11.2021
6008
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг «Зарубежнефть» компанияси Jizzakh Petroleum улушини сотиб олишни режалаштирмоқда

«Зарубежнефть» Ўзбекистондаги энг йирик нефть компанияси - Jizzakh Petroleum’нинг улушини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Коммерсантъ» газетаси манбаларга таянган ҳолда хабар берди. 

Фото: nestro.ru

Газета суҳбатдошларига кўра, келишув шартлари ҳозирча мувофиқлаштириб олинмаган. Шунингдек, манбалардан бири Ўзбекистон нефть компанияси «Лукойл»га ҳам «кўрсатилгани», бироқ ҳамкорлик амалга ошмаганини қайд этди. «Зарубежнефть» келишувга изоҳ бермади, бироқ нашрга «Ўзбекистонда кейинги ривожланишдан манфаатдор экани» ҳақида маълум қилди. 

«Компания МДҲ мамлакатларида, жумладан Қозоғистонда ўз иштирокини кенгайтириш устида ишламоқда ва ушбу минтақада нефть ва газ қазиб олиш кластерини шакллантиришга умид қилмоқда», дея қўшимча қилди нефть компанияси вакиллари. 

Қайд этилишича, Jizzakh Petroleum Кипрнинг Belvor Holding Limited компанияси томонидан назорат қилинади. Газета ихтиёрида бўлган Кипр реестри маълумотига кўра, Belvor Holding Limited Ўзбекистонда бурғилаш бўйича асосий пудратчи бўлган Eriell нефть конларига хизмат кўрсатиш компанияси бошқарув раиси ва йирик акциядори Бахтиёр Фозиловга тегишли. Россияда Eriell энг йирик нефть ва газ компаниялари билан ишлайди. 

Jizzakh Petroleum 2017 йилда «Ўзбекнефтгаз» ва Gas Project Development Central Asia AG (GPD) томонидан ташкил этилган бўлиб, у ўша пайтда «Газпром» ва «Газпромбанк» гуруҳи таркибига кирувчи Centrex трейдерига тенг асосда тегишли бўлган. Jizzakh Жиззахда нефтни қайта ишлаш заводи қуриши керак эди, бироқ хомашё етишмаслиги сабабли лойиҳа тўхтатилган. 

Ўзбекистоннинг нефтни қайта ишлаш қуввати йилига 11 миллион тоннага яқин бўлиб, бу кўрсаткич мамлакатга етказиб берилаётган нефт ҳажмидан сезиларли даражада кўп, шу сабабли ҳам ундан етарлича фойдаланилмаяпти. Ўзбекистонда 2020 йилда нефть қазиб олиш ҳажми 734 минг тоннани ташкил этди. 

2019 йилда республика ҳукумати 2020-2030 йилларда нефть қазиб олишни кўпайтириш дастурини тасдиқлади, унга кўра Jizzakh’га 105та кон учун лицензиялар топширилди ва бу қўшма корхонани Ўзбекистондаги энг йирик нефть компаниясига айлантирди. 

«Коммерсантъ» нашрининг тахмин қилишича, айни пайтда Belvor компаниядаги GPD улушининг катта қисмини сотиб олган. 2021 йил октябр ойида эса Belvor «Ўзбекнефтгаз» улушини ҳам сотиб олиб, ўз улушини 98 фоизга етказган. Шундан сўнг Jizzakh Petroleum ўз номини «Sanoat Energetika Guruhi»га ўзгартирди. «Газпром»нинг газетага маълум қилишича, GPD энди уларга тегишли эмас.

Мавзуга оид