Жаҳон | 20:32 / 16.11.2021
8353
2 дақиқада ўқилади

Фельдмаршал Халифа Ҳафтар Ливия президенти лавозимига ўз номзодини илгари сурди

Фото: Esam Omran Al-Fetori/File Photo, Reuters

Ливия миллий армияси бош қўмондони Халифа Ҳафтар мамлакат президенти сайловларида иштирок этиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга топширди. Бу ҳақда Al Jazeera телеканали хабар берди.

Ҳафтар президент сайловларида иштирок эта олиши учун 22 сентябрда ўз лавозимини 3 ойга тарк этганди.   

“Сайловлар мамлакат ботган оғир вазиятдан чиқишнинг ягона йўлидир”, деб айтган фельдмаршал ўз баёнотида.

Аввалроқ Ливиянинг марҳум етакчиси Муаммар Қаззофийнинг ўғли Саиф ал-Ислом Қаззофий президент сайловларида иштирок этиш учун ҳужжатларни расмийлаштиргани маълум қилинганди.  

Ливияда 24 декабрда президент ва парламент сайловлари ўтказилиши белгиланган, бироқ бунинг учун тегишли қонунларни қабул қилиш лозим. Бироқ Ливия давлат кенгаши Ҳафтарнинг сайловларда иштирок эта олмаслиги учун парламент таклиф қилган меъёрларни маъқулламаган ва сайловларни 2023 йилгача қолдиришга чақирган.

Ливияда Муаммар Қаззофий тузуми қулагандан кейин икки ҳокимлик юзага келган: пойтахт Триполида халқаро тан олинган Миллий келишув ҳукумати, мамлакат шарқида эса Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси ҳаракат қилади.

Мамлакатда президент сайловлари 2019 йилда ўтиши керак бўлган, бироқ Ҳафтар кучларининг пойтахт Триполига ҳужуми сабабли кейинга қолдирилганди.

Мавзуга оид