Ўзбекистон | 13:33 / 22.11.2021
9710
9 дақиқада ўқилади

Риштондаги Булоқбоши маҳалласи: Ичишга яроқсиз ариқ суви сабаб касаллик кўпайган

Фарғона вилояти Риштон тумани Юқори Булоқбоши қишлоғида яшовчи фуқаролар 30 йилдан бери ичимлик суви масаласида қийналишаётгани, уни сотиб олиб ичишларини, кўчалар ҳам асфалтланмагани борасида мурожаат қилишди.

Ҳудуддаги Ёшлар кўчасига бориб, сув ва абгор ички йўллар ҳақида яшовчи аҳолидан маълумот олмоқчи бўлиб турган эдик ҳамки, Оқ олтин кўчасида фуқаролари ҳам таҳририятдан келганимизни сезиб, айни пайтда уларни қийнаб келаётган муаммо — табиий газ таъминоти бўйича эътирозларини билдира бошлашди.

«Ақлли» газ ҳисоблагичнинг «ақлсиз» ишлари

Маҳалла фаолларидан бири Сабохон Исмоилова юзага келаётган муаммо бўйича сўзлаб берди.

Сабохон Исмоилова

«Газга янги ҳисоблагич ўрнатиб беришиб, газ таъминоти яхши бўлади, деб ваъдалар беришди эди. Ёз фаслида газ яхши ёнди. Совуқ тушган пайтда келганди кимнингдир уйда газ бор, кимникида эса йўқ. Менда ёнган газ қўшни уйда ёнмаяпти. Қўшним хафа бўляпти. Нега сизда бору бизда йўқ, деб. Айрим оилаларда ҳатто 10 кундан бери газ йўқ.

Масъулларни чақирдик. Кўриб бериб кетишди. Лекин барибир газ таъминоти абгор ҳолатда. Қўшнилар бир-биримиздан хижолат ҳам бўлиб қоляпмиз.

Маҳаллада яшовчи Ҳалимжон Мирхўжаев эса ёнмаган газга пенсиясидан пул ўтказавериб, умиди сўнгани ҳақида сўзлаб берди.

 Ҳалимжон Мирхўжаев

«Уйда газ ёнмагани учун қарзим бормикан, деб ҳар хил хаёлда газ идорасига бордим. Текширтирсам, 134 минг сўм ҳақдор эканман. Бунга қўшимча, ёнса бўлди деб яна тўлов қилиб келдим.

Газ ҳафтада уйимда 2 ёки 3 марта ёняпти холос. Мендан кейинги хонадонларда газ ёняпти. Бизникида эса йўқ. Мутахассислар келиб ўрганишиб янги газ ҳисоблагични тушунмаймиз, деб кетишди.

Пенсиямдан газга деб ҳар ой ўтказиб турибман. Энди эса йўқ газга пул ўтказгим ҳам келмай қолди. Ёнмагандан кейин пул ўтказишни нима кераги бор. Пенсионер одам бўлсам...»

85 ёшли отахон Тешабой Абдураҳмонов уйни иситиш учун ўтиндан фойдаланаётганликларини таъкидлади:

Тешабой Абдураҳмонов

«Газ муаммоси фақат бизда деб ўйлаган эдик. Кейин билсак бошқаларда ҳам шу муаммо экан. 15 ноябрдан кейин газ кўтарилар экан, дейишди. Лекин кўтарилганича йўқ. Яқинда «газконтора»га бордим. Газдан қарзим йўқ экан.

Оилада етти жонмиз. Болалар мактабдан келиб ўтин тайёрлаб қўйишади. Тайёрлаган ўтинлари эртаси куни эрталабгача етади», – дейди куюнганича Тешабой Абдураҳмонов.

 Сув ичишга яроқсиз...

Ёшлар кўчасида юзага келаётган газ муаммоси ҳақида маҳалла аҳлининг фикрларини эшитиб  бўлгач, шу қишлоқнинг Ёшлар кўчасида яшовчи фуқароларнинг арз-додига қулоқ тутдик. Ўзини Раҳимахон Султонова деб таништирган аёл ичимлик суви муаммоси ҳақида сўзлаб берди:

Раҳимахон Султонова

«Асосан маҳалла аҳлини ичимлик суви муаммоси қийнаб келади. Фарғона канали суви тўхтаб қолгудек бўлса, бизга умуман сув бўлмайди. Юз-қўл ювгани ҳам сув бўлмай қолади.

Ичимлик сувини сотиб оламиз. Сотиб олган сувимиз 3 кунга ҳам етмайди. 100 литр сувни идишимизга яраша 7-8 минг сўмдан сотиб оламиз. Кўпчилик сотиб олишга ҳам қийналади ичимлик сувини. Баъзида машинада сув келмай қолса зовурлар бўйига сув олгани чиқамиз.

Ичимлик суви чиқариб беришларини сўраб кўп бора туман сув таъминоти идораларига ҳам чиққанмиз. Кўп йиллардан бери бу муаммо билан шуғулланамиз. Ёшлар маҳалласида ниҳоятда шароит оғир. Туман ва вилоят ҳокимлари келиб шароитларимизни ўрганишсин. Биз билан мулоқотда бўлишсин. Қўшни қишлоқларимизга ичимлик суви кириб келган».

Ёшлар маҳалласи фаолларидан бири Бурҳонжон Холмирзаевга микрофон тутдик. У мутасаддилар «ана дастурга тушади, мана дастурга дастурга тушади» деб қўйниларини пуч ёнғоққа тўлдириб келаётганликларини таъкидлади.

Бурҳонжон Холмирзаев

«Маҳаллага 1990 йилдан бошлаб аҳоли кўчиб чиққан. Шундан буён сув муаммоси билан «олишиб ётибмиз». Ичадиган сувни махсус сув ташийдиган машинадан сотиб оламиз.

2007 йилда «Водаканал»га ариза билан мурожаат қилдик. Вилоятга чиқдик. 2009 йилги дастурга киради дейишди. Ундан кейин 2011 йилга суришди. Кейин эса 2013 йилга. Лекин ҳалигача бизни муаммомиз ҳал этилганича йўқ.

Ариқларда сув оққани билан шприцми, памперс борми оқиб келади. Касаллик шундан келиб чиқяпти. Кўчамизда цирроз касали билан оғриганлар кўпайди.

Дардимизни кимга айтамиз? Кечаги куни келиб ичимлик суви тармоғи тортиш ишларини янги йилдан кейин дастурга киритиб берамиз деб кетишди. Бу борада мурожаат қила бошлаганимизга 15 йил бўлди. 15 йилдан буён «эртак» эшитамиз».

...асфалт юришга яроқсиз

Маҳалла фаолларидан яна бири Икромжон Аминов эса маҳалланинг яна бир оғриқли муаммоларидан бири — асфалтлаштириш масаласи ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Икромжон Аминов

«Маҳалла аҳли ҳашар йўли билан кўчаларга шағал тўшаб чиқдик. Мурожаат қилганимиздан кейин йўл қурилишидан келишиб асфалт бўлади дейишди. Шағал тўкилди ҳам. Лекин асфалтлаштириш ишлари амалга ошмай қолиб кетди. Кўча бошигача асфалт кириб келди, лекин маҳалла қолиб кетди.

Болаларимизнинг оёғи уйга лой бўлиб келганини кўриб ачиниш пайдо бўлади. Мутасаддилардан маҳаламизга келиб асл ҳолат билан танишиб кетишларини илтимос қилиб қолар эдик», дейди Икромжон Аминов.

Мутасаддилар нима дейди?

Юқори Булоқбоши қишлоғи аҳлини қийнаб келаётган ичимлик суви, табиий газ ва асфалт масаласида соҳага дахлдор туман мутасадди идора масъулларига юзландик. Хўш улар қишлоқ аҳлини қийнаб келаётган муаммо ҳақида нима дейди?

Ичимлик суви масаласида «Фарғона сув таъминоти» МЧЖ Риштон тумани бўлими муҳандиси Ғайратжон Жамолов шундай деди.

Ғайратжон Жамолов

«Бу кўчани эса 2023 йилга дастурга киритганмиз. 2023 йил I чоракда 6 км тармоқ, сув қудуғи, сув минораси ўрнатиш белгиланган.

Сув босимининг пастлиги туфайли бу маҳаллага ичимлик суви етиб келмаган. Масала кўпроқ маблағга бориб тақаляпти. Ваъда қилиб айтаманки, 2023 йил I чоракда Ёшлар маҳалласига сув тармоғи тортилади».

Табиий газ бўйича кузатилаётган муаммо ҳақида «Риштонтумангаз» бош муҳандиси Одилжон Ҳамидовнинг фикрлари билан қизиқдик.

Одилжон Ҳамидов

«Газ тармоғида муаммо кузатилгани йўқ. Хонадонларга ақлли газ ҳисоблагичлар ўрнатилди. Ўрнатилган бундай газ ҳисоблагичлар юқори босимга ишлар экан.

Босқичма-босқич маҳаллаларда ИИБ, ҳокимият, маҳалла раислари билан ҳамкорликда тунги рейдлар уюштириб келяпмиз. Баъзи жойларда газ сўрғичдан фойдаланиш ҳолатлари кузатиляпти.

Аҳоли асосан эски, юқори босимга ишлайдиган печкалардан фойдаланишяпти. Янги замонавий энергияни тежовчи тежамкор горелкалар чиққан ҳозирда. Ҳамма шу тежамкор газ горелкаларидан фойдаланса ҳаммаси тартибга тушади.

Баъзи жойларда газ ҳисоблагичлар носозлигини ҳам аниқладик. Фильтри ҳам тез тўлиб қоляпти.

Янги газ ҳисоблагичлар юқори босим билан ишлар экан. Бир ҳафта – 10 кунлар ичида туманнинг газлашган қишлоқларини кўздан кечириб муаммони бартараф қилишига ҳаракат қиламиз».

Маҳаллани асфалтлаштириш масаласида туман Ободонлаштириш бошқармаси ички йўллар техник назоратчиси Халилжон Қосимовга микрафон тутдик.

Халилжон Қосимов. Туман Ободонлаштириш бошқармаси ички йўллар техник назоратчиси Фото: KUN.UZ

«Туманимизда 907 километр ички йўллар мавжуд. Шундан 235 километри асфалтлаштирилган. 726 километри шағаллаштирилган. 150 км йўлимиз тупроқли ҳисобланади. Ички йўлларни таъмирлаш учун ҳар йили бошқармамизга маблағ ажратилади. 2021 йилда 12 млрд 200 млн сўм маблағ ажратилган.

Ёшлик кўчаси эса келгуси йилда манзилли дастурга киритилиб асфалтлаштириб берилади».

Ичимлик суви, табиий газ, ички йўлларни асфалтлаштириш масаласида мавжуд муаммонинг бартараф этилишига масъуллар ваъда беришди. Лекин қишлоқ аҳли берилган ваъдаларга негадир ишонмади. Чунки бундай ваъдалар авваллари ҳам бир неча маротаба берилган, натижа чиқмаган экан. Энди натижа бўлармикан?

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.

Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид