Ўзбекистон | 20:07 / 24.11.2021
6812
3 дақиқада ўқилади

Президент хонаки паррандалар наслчилиги корхоналари ташкил этиш бўйича топшириқ берди

Президент аҳолига тарқатилаётган товуқларни хонаки усулда боқиб бўлмаслигини айтиб ўтди.

«Тижорат банклари томонидан йилига 11-12 миллион дона товуқ тарқатиш бўйича ресурслар мавжуд. Лекин биздаги парранда наслчилиги саноат учун мослашган бўлиб, бундай паррандаларни хонаки усулда боқиб бўлмайди. Тажрибада кўрдик, ўлиб қоляпти бундай товуқлар.

Вилоят ҳокимлари «Паррандасаноат» билан бирга йил якунига қадар жойлардаги эҳтиёжни ўрганиб, ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, Хитой, Россия ва бошқа мамлакатлардан хонаки парранда тухумларини олиб келиб, аҳолига тарқатишни йўлга қўйсин.

Икки ой муддатда ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиқиб, хонаки паррандалар наслчилиги корхоналари ташкил этилсин. Ҳар бир ҳудудда бу борада аниқ натижа кўрсатмаса, уларга қаттиқ чора кўраман. Бу ҳокимларга охирги огоҳлантириш!

Тижорат банклари ва вилоят ҳокимлари билан бирга икки ҳафта муддатда ҳар бир туманга камида 100тадан кичик инкубаторлар етказиб бериш бўйича ишларни бошласин.

Ҳоким ёрдамчилари маҳаллада ишларни шундай лойиҳалардан бошлаши керак. Шу боис, олдинги йиллардаги хатоларни такрорламаслик учун, ушбу лойиҳалар янгича механизм асосида амалга оширилади», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бунда:

  • ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳар бир маҳаллада кооперация асосида парранда, қуёнчилик, қўй-эчкичилик, асаларичилик билан шуғулланиш истагини билдирган «етакчи» тадбиркорлар аниқланади;
  • тижорат банклари томонидан ушбу тадбиркорлар билан лойиҳа ишлаб чиқилиб, уларга кредит ажратилади;
  • ҳар бир туманда етказиб берувчи ташкилотлар рўйхати шакллантирилиб, жойларда «мобил тарқатиш хизматлари» фаолияти йўлга қўйилади;
  • ушбу лойиҳаларга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилади;
  • ҳар бир туманда ветеринария хизматлари кўрсатиш ва озуқа-ем тарқатиш, аҳолини ўқитиш марказлари очилади.

«Кредитлар ўз вақтида қайтишини таъминлаш учун барча маҳаллада маҳсулотга кафолатли харидорни топиб бериш зарур. Яъни, оддий аҳоли етиштирган тухум, гўшт, асални кафолатли сотиш орқали кредитни қайтарадиган тизимни яратиш лозим.

Банк раҳбарлари ўзларига бириктирилган туманлардаги аҳоли томорқасида парранда, қуён, қўй ва эчки, асаларичиликни йўлга қўйиш бўйича режаларини тушунтиради.

Одамларни боқишимиз керак, инфляцияни жиловлаш керак. Дунёдаги вазиятни кузатинглар, одамларга ишлашни ўргатишимиз шарт. Мен зарур маблағни молияга юк бўлмаган ҳолда ажратиб беряпман», деган президент.

Боғдорчилик агентлигининг вилоятларда бўлимлари, туманларда Мева-сабзавот ва узумчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари ташкил этилади.

Лойиҳа офисларига:

  • интенсив боғлар барпо этишга яроқли ер участкаларини танлаш ва очиқ танловга чиқаришни таъминлаш;
  • тижорат банклари билан бирга, ажратилаётган кредитлар доирасида мева-сабзавотчилик лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
  • кўчатлар, минерал ўғитлар етказиб бериш, агрохизматлар кўрсатиш, маҳсулотни сотишни ташкил этишга кўмаклашиш вазифалари юкланади.

Мавзуга оид