Фирибгарлик ва ўзлаштириш жиноятлари учун жавобгарлик қатъийлаштирилиши кутилмоқда
Эндиликда мулкий характердаги айрим жиноятлар оқибатида етказилган зарар тўлиқ қопланмагунча маҳкумларга тайинланган жазо енгиллаштирилмаслиги мумкин.
Коррупцион жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасида қуйидаги жиноятларни содир қилиб, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга жазони енгиллаштирувчи нормаларни қўлламаслик назарда тутилмоқда:
- ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-модда);
- фирибгарлик (ЖК 168-модда);
- солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-модда).
Ушбу жиноятларни содир этган шахсларга Жиноят кодексининг жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш (73-модда) ва жазони енгилроғи билан алмаштириш (74-модда) бўйича қоидалари қўлланмаслиги кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани муносабати билан жавобгарликдан озод қилишда (ЖК 64-модда) ва жазони ижро этиш муддати ўтиб кетгани муносабати билан жазодан озод қилишда (ЖК 69-модда) коррупцион жиноятлар учун алоҳида муддатлар белгиланмоқда. Хусусан, лойиҳада ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган коррупцияга оид жиноятлар учун содир этилган кундан бошлаб — ўн йил муддат, шунингдек, коррупцияга оид оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун бундай муддатлар қўлланмаслиги белгиланган.
Аввалроқ, Kun.uz фирибгарлар томонидан етказилган зарар қопланмаса ҳам, уларга нисбатан жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланаётгани ҳақида танқидий мақола эълон қилганди.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиб, депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.
Маълумот учун, Ўзбекистон президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сонли фармонида коррупцион жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш, бундай жиноятлар учун тайинланган жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланишига чекловлар белгилаш назарда тутилган.
Мавзуга оид
18:45 / 21.11.2022
Алданиб қолманг: Telegram'да аҳолига пул тарқатилаётгани ҳақида ёлғон хабар айланиб юрибди
07:36 / 09.12.2021
Бухорода тадбиркорга банкдан 400 минг доллар кредит олишда ёрдам беришни ваъда қилган ССП ходими ушланди
17:39 / 06.12.2021
Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари 29 минг доллар билан ушланди
17:51 / 13.11.2021