Жаҳон | 18:46 / 07.12.2021
44786
11 дақиқада ўқилади

Сингапур коррупцияни қандай енгди?

Сингапур 1965 йилда мустақилликка эришган пайти коррупция ботқоғида эди. Мамлакат ўта оғир иқтисодий кунларни бошдан кечирар, жамиятда қонунсизлик ҳукм сурарди. Ўша вақтдаги бош вазир Ли Куан Юнинг қатъияти туфайли XX аср охирига бориб Сингапур коррупция кескин камайган ва ривожланган мамлакатга айланди.

Хўш, бу кичик давлат бундай катта натижаларга қандай эришди?

Сингапур ўтмишидаги коррупция манзараси

Мустақилликка эришган Сингапурда, бир томондан, Британия мустамлакачилиги пайтида ёзилган қонунлар заиф, иккинчи томондан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уюшган жиноятчиликка қарши курашишга қодир эмасди. Амалдорларнинг аксарияти эса коррупцияга ружуъ қўйганди. Аҳолининг кўпчилиги саводсиз бўлиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилолмасди.

Коррупцияга қарши кураш бошлаган биринчи ҳукумат қатор муаммоларга дучор бўлди. Унга қарши курашни тартибга солувчи қонун очиқчасига заиф эди. Кўплаб коррупцион жиноятлар қонун доирасидан четда қолар, тегишли органлар эса ўз вазифасини самарали адо этиш учун зарур ваколатга эга эмасди. Амалдорларнинг кўпчилиги порахўр, қонунчилик эса самарасиз бўлгани сабабли жиноятчини жазога тортиш ўта мураккаб эди.

Фото: CNN

Давлат амалдорлари хусусий сектор ходимларидан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиши одатий ҳол эди, бунга қонун устувор эмаслигидан ташқари, аҳоли саводхонлиги ва ҳуқуқий маданияти даражаси пастлиги ҳам сабаб эди. Пора мақсадга эришишнинг ягона усулига айланиб қолганди.

“Божхона амалдорлари контрабанда ва тақиқланган маҳсулотларни ташийдиган транспорт воситаларини текширишни тезлаштириш учун пора оларди, – деганди Ли Куан Ю ўша вақтдаги вазият ҳақида. – Марказий таъминот хизмати ходимлари муайян пул эвазига манфаатдор шахсларга тендерга келиб тушган аризалар ҳақида маълумот берарди. Импорт-экспорт департаменти амалдорлари рухсатномани тезлаштириб бергани учун пора оларди. Текширувчилар камчиликларга кўз юмишлари учун пудратчилар уларга пора таклиф қиларди. Дўкондорлар ва уй эгалари ахлатни олиб кетгани учун Жамоат соғлиқни сақлаш департаментига ҳақ тўларди. Мактаб директори ва ўқитувчилари канцелярия маҳсулотлари келтирувчиларидан фоиз оларди.

Ҳокимият тизгинидан шахсий манфаат йўлида фойдаланишга ўтилганида инсон ихтирочилик қобилиятининг чегараси йўқолади”.

Коррупцияга қарши курашнинг бошланиши

“Агар биз бошқараётган давлат ҳокимияти кўпчиликнинг ҳаётини яхшилаш эмас, камчиликнинг чўнтагини қаппайтириш пайида бўлса, аҳволимиз чатоқ бўлади”, деганди Ли Куан Ю.

Фото: Ли Куан Ю

Шунга кўра, мамлакат раҳбарлари коррупция илдизи билан қўпориб ташланмаса, мамлакатнинг келажаги йўқлигини тушуниб етди. Бу эса қатъий ва изчил чоралар тизимини қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилди.

1960 йилда қабул қилинган қонун билан коррупцияга қарши курашиш стратегияси тасдиқланди, Коррупция ҳолатларини тергов қилиш бюросига махсус ваколатлар берилди.

Коррупция ҳолатларини тергов қилиш бюроси Фото: mustsharenews

Биринчи навбатда, Сингапур коррупцион ҳаракатлар содир этиш имкониятини қисқартириш йўлидан борди.

Хусусан, амалдорларнинг ҳаракатлари тартибга солинди, мустаҳкам коррупцион алоқалар шаклланмаслиги учун уларнинг ротацияси йўлга қўйилди. Бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, давлат хизматчиларининг юқори одоб-ахлоқ стандартларига риоя этиши устидан кучли назорат ўрнатилди. Мазкур чораларни ҳаётга татбиқ этишда Коррупция ҳолатларини тергов қилиш бюроси улкан рол ўйнади. Фуқаролар Бюрога давлат хизматчиларининг ҳаракатлари устидан шикоят билан мурожаат қилиш ва зиённи ундириб беришни талаб қилиш имконига эга бўлди. Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берувчиларнинг ҳимояси ва номи яширин қолиши таъминланди.

Бир вақтнинг ўзида коррупция ҳаракатлари учун жиноий жазо кучайтирилди, суд тизими мустақиллиги таъминланди, судьяларнинг маошлари кескин оширилди, уларнинг ижтимоий мақоми таъминланди, пора берганлик ёки коррупцияга қарши терговда иштирок этишдан бўйин товлаганлик учун сезиларли иқтисодий жазо жорий этилди.

Божхона хизмати ва бошқа кўплаб давлат ташкилотларида ходимларни ёппасига ишдан бўшатишгача бўлган қаттиқ чоралар кўрилди. Ушбу чоралар давлатнинг иқтисодиётга аралашувини камайтириш, давлат хизматчиларининг маошини ошириш, малакали маъмурий кадрларни тайёрлаш орқали амалга оширилди.

Юқори талабларга яраша юқори маошлар

“Иқтидорли инсонлар давлатнинг кўпроқ қимматли мероси саналади”, – деган эди Ли Куан Ю.

Дарҳақиқат, у иқтидорли инсонларни юксак қадрлаган ва айнан шундай инсонлар давлатни ривожлантиради, деб ҳисоблаган. Унинг: “Агар мамлакат нотўғри бошқарилса, барча ақлли инсонлар уни тарк этади” деган машҳур фикри эса коррупцияни жиловламаслик қандай жиддий оқибатларни келтириб чиқаришини кўрсатади.

Шуларни ҳисобга олиб, “миялар”нинг хусусий секторга ўтиб кетишини камайтириш мақсадида давлат хизматчиларининг иш ҳақи муттасил ошириб борилди. Масъулиятли лавозимдаги давлат хизматчиларининг маошлари хусусий корпорациялардаги топ-менежерларники билан тенг даражага кўтарилди.

Судяларнинг иш ҳақлари кескин – йилига бир неча юз минг долларга олиб чиқилди. 90-йилларда бу кўрсаткич 1 млн доллардан ҳам ошди. Шунга мувофиқ, судялик лавозимига муносиб кадрлар, хусусан, кучли адвокатлар жалб этила бошланди.

1989 ва 1994 йилларда юқори мартабали давлат хизматчиларининг иш ҳақини қайта кўриб чиқиш натижасида маошлар шу қадар оширилдики, Сингапур бу борада дунёда 1-ўринга чиқиб олди. Шу билан бирга, 1995 йилда хусусий секторнинг даромади пасайгани сабабли, 1997 йилда мансабдорларнинг маошлари камайтирилди.

Айбдорлик презумпцияси

Сингапур пойтахти Сингапур шаҳри

1960 йилдаги қонун билан Сингапурда барча давлат хизматчиларига нисбатан коррупция бўйича айбдорлик презумпцияси жорий этилган. Бу шуни англатадики, давлат хизматчиси ўзининг маоши етмайдиган харажатларга қўл урса ёки мол-мулкка эгалик қилса, у ўз ҳаракатининг қонуний эканини исботлаб бермагунча айбдор ҳисобланади ва терговга жалб этилади. Тергов якунида давлат хизматчисини жиноий жавобгарликка тортиш учун далиллар етарли бўлмаса ва шу билан бирга, унинг коррупцияга йўл қўйгани бўйича айрим маълумотлар мавжуд бўлса, бундай ҳолатда унга нисбатан интизомий жазо қўлланарди.

Бундан ташқари, барча амалдорлар ва уларнинг оила аъзолари дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Бюро агентлари нафақат амалдорларга, балки уларнинг болалари, хотини, қариндошлари ва ҳатто дўстларига тегишли банк ҳисобрақамларини ҳам текшириш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунга мувофиқ, агарда мансабдор ва унинг оиласининг харажатлари қонуний топилаётган даромаддан юқори бўлса, ушбу ҳолат Бюрога терговни бошлаш учун кифоя бўлади.

Бюро, одатда, олий ҳокимият органларидаги йирик порахўрларни тергов қилиш билан шуғулланади. Майда порахўрлик ҳолатларига қарши эса бюрократияни йўқотиш, қарор қабул қилиш жараёнларини соддалаштириш, қонунлардаги икки хил тушуниладиган нормаларни бартараф қилиш, унча муҳим бўлмаган соҳаларда рухсат бериш ва лицензиялаш тартибини бекор қилиш чоралари билан курашилган.

Шу билан бирга, судларга коррупцион йўл билан орттирилган даромад ва мол-мулкни мусодара қилиш ваколати берилган.

Порахўр яқинларини ҳам аямаган Ли Куан Ю

“Олдимда иккита йўл бор эди. Биринчиси: ўғирлаш ва дўстларим ҳам қариндошларимни “Форбс” рейтингларига киритиш, шу билан бирга халқимни оч-яланғоч ҳолда қолдириш. Иккинчи йўл: халқимга хизмат қилиш ва юртимни энг яхши мамлакатлар ўнталигига олиб кириш. Мен иккинчи йўлни танладим”. — Ли Куан Ю

Фото: argumentua

Сингапур ҳукумати коррупцияни “қуритиш” борасидаги режа ва мақсадларини амалиётга кўчириш учун ўзида етарлича сиёсий ирода топа олди.

Элитар коррупция ҳолатлари аёвсиз жазоланди.

Мустақил Бюро ҳокимиятнинг энг олий даражаларида ҳам порахўрликка қарши кураш олиб борди.

Коррупцияга қарши курашишни дўстингизни қамоққа жўнатишдан бошланг. Сиз ҳам, улар ҳам нима сабабдан эканини яхши биласиз”, – дея ҳеч кимни аяб ўтирмаслигига шама қилганди бош вазир.

Шунга мос равишда, ҳатто Ли Куан Юнинг энг яқин қариндошлари ҳам коррупция бўйича терговга жалб этилди. Коррупцияга алоқадор қатор амалдорлар турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди ёки ўз ҳаётига суиқасд қилди ёки мамлакатдан қочиб кетди. Улар орасида Ли Куан Юнинг қадрдон дўсти Ви Тун Бун ҳам бор эди.

Фото: Ви Тун Бунни

Ли Куан Юн ўзининг яқин дўсти, вазир лавозимида ишлаган Ви Тун Бунни ҳам аяб ўтирмаганди.

Ви Тун Бун 1975 йилда Индонезияга оиласи билан бирга саёҳатга борганида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири лавозимида ишларди. Саёҳат пулини эса уй-жой қураётган пудратчи ташкилот тўлаб берган. У мазкур пудратчидан қиймати 500 минг сингапур доллари турадиган кошонани пора сифатида олади, шунингдек, 300 минг долларлик иккита кредитни отаси номига пудратчи кафолати асосида расмийлаштиради. Мақсад бу пулдан фонд бозорида чайқовчилик мақсадида фойдаланиш эди.

Ви Тун Бун 1950-йиллардан бошлаб садоқатли нокоммунист етакчи бўлган, шунинг учун уни ҳимоя қилиш ва ўзининг айбсиз экани хусусидаги ишончсиз уринишларини эшитиш менга оғир бўлди. У айбдор деб топилиб, 4 йил 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукм устидан шикоят қилишига қарамай, у кучда қолдирилди, гарчи қамоқ муддати 18 ойга камайтирилган бўлса ҳам”, – дея хотирлайди Ли Куан Ю ўз эсдаликларида.

Ви Тун Бун судлангани ҳақида газета мақоласи

Дарвоқе, шахсан Ли Куан Ю ва унинг оила аъзолари ҳам Бюро томонидан бир неча бор текширилган, бироқ текширувларда бош вазирнинг коррупцияга алоқадорлиги аниқланмаган.

Ҳозирги пайтда Сингапур коррупция кўлами камлиги, иқтисодий эркинлик ва тараққиёт даражаси бўйича жаҳонда етакчи ўринларда бормоқда.

Фото: AP
Фото: hotels.com

Хусусан, Transparency International томонидан 2020 йил учун эълон қилинган рейтингда Сингапур коррупция бўйича энг паст кўрсаткичли мамлакатлар орасида 3-ўринни олди.

Фото: Transparency International

Атиги 4 миллион аҳоли истиқомат қилаётган Сингапур тажрибаси сиёсий ирода, самарали антикоррупцион қонунчилик ва пулга сотилмас мустақил агентлик эвазига бир неча ўн йилда коррупцияни жуда паст даражага тушириш мумкинлигини намойиш этди.

Демак, ҳамма нарсадан кўра қонун устуворлигини афзал кўриш, жамиятда ҳамманинг қонун олдида тенглиги принципини тарғиб қилиш ва унга амал қилиш, бу йўлда юқори мартабали амалдорлар ва қариндошларни ҳам аямаслик орқали коррупцияни бартараф этса бўлар экан.

Аббос Салайдинов тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид