Жамият | 11:33 / 11.12.2021
33772
10 дақиқада ўқилади

Немислардан ўғирланган «Урал» ва «Днепр» мотоцикллари: нега тоғликлар улардан ҳамон фойдаланмоқда?

Тоғли ҳудудларда бугун кажаваси ўрнига тахта қоқилиб, юк ташишга мослаштирилган «Урал» ва «Днепр» мотоциклларини учратиш мумкин. Бу эпчил транспорт воситаси турли юкларни ташишда юк машиналарининг ўрнини эгаллаган.

Ўзбекистонда ҳанузгача одамлар фойдаланиб келаётган «Урал» ва «Днепр» мотоцикллари илк бор ўтган асрнинг 30-йиллари охирида Германиянинг BMW компанияси томонидан «BMW R71» номи остида ишлаб чиқарилган. 1941 йилда немислар совет иттифоқига бостириб кирганда немис пиёда аскарларининг аксарияти «BMW R71» мотоциклларида ҳаракатланган. Кейинчалик ўша мотоцикллар СССРда аввалига М-72, кейин эса «Урал» ва «Днепр» номлари билан ишлаб чиқарилган. Бу русумдаги мотоцикллардан ҳанузгача Ўзбекистонда одамлар фойдаланиб келмоқда.

Фото: ussrmoto

BMW R71

1938 йилда Берлин автосалонида илк марта BMW компаниясининг двигател қуввати 500 дан 750 сантиметр кубгача бўлган R51, R61, R66, R71 русумдаги мотоцикллари намойиш этилади. Улар орасидан BMW R71 ўша пайтда ўзининг мукаммаллиги ва замонавийлиги билан Вермахт (Wehrmacht — Германия қуролли кучлари) қўмондонларининг эътиборини тортади. Қўмондонлик BMW компаниясига ушбу русумдаги мотоцикллардан буюртма беради.

Фото: chmotor.cn
Фото: ebay.com

BMW R71’нинг двигател ҳажми 2 цилиндрли, 22 от кучига эга бўлган ва анча пишиқ ишланган. Шу сабабли оғир шароитда ва носоз йўлларда ҳам бемалол ҳаракатланган. Шунингдек, оғир ҳарбий техникалардан фарқли равишда ихчамлиги учун у тор жойлардан ўтиб кета олган. Ушбу мотоциклга кажава ҳам ўрнатилган ва унда уч нафар немис аскари жойлашган. Шунингдек, кажавага пулемёт ўқотар қуроли ўрнатилган.

Фото: livejournal.com

Мотоциклнинг максимал тезлиги соатига 105 километрни, кажавасиз 125 километрни ташкил этган. BMW R71 соатига 60 километр тезликда ҳаракатланганда ҳар 100 километрга 4,5 литр бензин сарфлаган. Мотоциклда ҳаво билан совитиш тизими ўрнатилган.

М-72

1941 йилда СССРда немислардан лицензия олмасдан BMW R71 мотоцикли М-72 номи билан ишлаб чиқарила бошланади. СССРда махсус армия мотоциклларини ишлаб чиқариш тўғрисидаги қарор 1940 йилда қабул қилинади. 1935 йилдан 1940 йилгача BMW заводида иш ўрганган П.Сердюков бошчилигида Москвадаги «Искра» заводида ихтисослаштирилган конструкторлик бюроси ташкил этилади.

Ҳарбий саноат учун оғир мотоциклларни ишлаб чиқаришда нусха кўчириш учун BMW R71 танланади. Бу учун Швециядан яширин равишда бешта мотоцикл сотиб олинади. Улар бўлакларга бўлиниб, эҳтиёт қисмларидан қолиплар олинади, сўнг ишлаб чиқариш линиялари ўрнатилади. Шу тариқа, 1941 йил баҳоридан бошлаб Москва мотоцикл заводида (ММЗ) М-72 номи билан немисларнинг BMW R71 мотоциклини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Фото: ussrvopros.ru
Фото: nashural.ru

Уруш бошланиб, немислар Москва остонасига яқинлашиб қолгач, завод Уралда жойлашган Ирбит шаҳрига кўчирилади. 1951 йилдан бошлаб М-72 мотоцикллари Ирбит билан биргаликда Киев, Горький (ҳозирги Нижний Новгород), Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) ва Харков шаҳарларида ишлаб чиқарилади.

Фото: irbit.info

М-72 мотоцикллари урушдан кейин ҳам фақат армия учун ишлаб чиқарилади ва аҳолига сотилмайди. Фақат 1955 йилга келиб улар савдога чиқарилади.

1960-йиллардан бошлаб М-72 моделини Хитой ҳам ўғирлайди ва Chang Jiang С J −750 номи билан ишлаб чиқара бошлайди.

Модел учун баҳс

Иккинчи жаҳон уруши тугагунча BMW ўз мотоциклларини, СССР М-72’ни ишлаб чиқараверади. Урушда Германия енгилгач, мамлакатдаги аксарият заводлар каби BMW ҳам маълум муддат ўз фаолиятини тўхтатади. 1947 йилда компания қайта фаолият бошлаши учун рухсатнома олганда айнан мотоцикллар ишлаб чиқариш бўйича муаммоларга дуч келади. Бунга сабаб, компаниянинг мотоцикл ишлаб чиқарувчи заводлари Шарқий Германияда совет қўшинлари назорати остида қолган Айзенах шаҳрида эди.

Фото: alamy.com

Уруш тугагандан сўнг СССР Германиядан кўплаб корхоналарни кўчириб кета бошлайди. Аммо Айзенахдаги мотоцикл заводининг муқобили СССРда борлиги учун бу корхонага тегмайди.

Иттифоқчилар (Буюк Британия, АҚШ, Франция) босими остида BMW ўз фаолиятини тўхтатганда ҳам, советлар назоратида бўлган Айзенахдаги завод BMW логотипи билан мотоцикллар ишлаб чиқаришда давом этаверади. Бу BMW компаниясининг эътирозларига сабаб бўлади. Аммо ўша пайтда компания чорасиз эди.

BMW 1947 йилда яна мотоцикл ишлаб чиқариш учун рухсатнома олади ва Ғарбий Германияда янги завод қуради. Барча ишлаб чиқариш линиялари Айзенахда қолиб кетгани сабабли яна мотоцикл ишлаб чиқариши учун компания ҳаммасини бошидан бошлайди. Ниҳоят 1948 йилда BMW Ғарбий Германиядаги мотоцикл заводини ишга туширади. Энди BMW маркаси остида мотоцикл ишлаб чиқаришда давом этаётган Айзенахдаги завод фаолиятига чек қўйиш лозим эди.

BMW компанияси Шарқий Германиядаги заводни халқаро судга беради. Ўша пайтда Германия шарқида тайинли ҳукумат бўлмагани учун Айзенахдаги заводни тўхтатишнинг имкони бўлмайди. 1952 йилда Германия шарқида советлар раҳнамолигида янги давлат – Германия демократик республикаси ташкил этилади. Узоқ давом этган жараёнларидан сўнг ўша йили суд Айзенахдаги завод BMW қарамоғига ўтиши (бунинг ўша пайтда умуман иложи йўқ эди) ёки номини ўзгартириши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилади.

Шундан сўнг, бу завод ўз номини Eisenacher Motorenwerk (EMW) деб ўзгартиради ва ишлаб чиқараётган мотоциклларини EMW логотипи билан ишлаб чиқара бошлайди. Гарчи BMW Айзенахдаги завод номини ўзгартиришга эришган бўлса ҳам, у ерда ўз русумларининг ишлаб чиқарилишига тақиқ қўя олмайди.

Фото: wikimedia.org

BMW мотоциклларининг кейинги тақдири

BMW гарчи судда ютиб чиққан бўлса ҳам орадан кўп ўтмай мотоцикл ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур бўлади. Гап шундаки, урушдан кейин саноат инқилоблари натижасида Европа мамлакатлари тез фурсатда яна иқтисодий ривожланиб энг илғор давлатларга айланади. Бунинг ортидан аҳолининг турмуш даражаси ошади ва энди одамлар мотоцикллар эмас, кўпроқ енгил машиналар сотиб ола бошлайди. Енгил машиналар савдоси ошиб, мотоцикллар савдоси пасайиб бораверади.

Аҳоли ўртасида мотоциклларга қизиқиш камайгандан сўнг, BMW ҳам асосан спорт мотоцикллари ишлаб чиқаришга ўтади. Бугунги кунда ҳам компания спорт мотоциклларини ишлаб чиқармоқда.

«Урал» ва «Днепр»

1961 йилдан бошлаб М-72 мотоциклларининг номи ўзгаради. Ирбитдаги заводдан чиқарилган мотоциклга «Урал», Киевда ишлаб чиқарилганига «Днепр» деб ном берилади.

Фото: autogear.ru

СССР даврида «Урал» ва «Днепр» мотоцикллари Ўзбекистонда ҳам сотилган. Шунингдек, бу икки турдаги мотоцикллар колхоз ва совхозларда ишлаган илғор деҳқонларга, бригада бошлиқларига пахта ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда кўрсатган хизматлари учун мукофот тариқасида берилган.

1980-йилларга келиб «Урал» ва «Днепр»да немислар томонидан ишлаб чиқарилган BMW R71 моделининг асоси сақлаб қолинган ҳолда, унинг айрим деталлари ўзгартирилади. Жумладан, двигатели бироз кучайиртилади ва шунга яраша унинг бензин сарфи ошади.

Фото: pikabu.ru
Фото: 2bike.ru

Ушбу мотоциклларнинг Ўзбекистондаги фойдаланувчилари ўша пайтлардаёқ уларнинг кажаваси ўрнига ёғоч тахта қоқиб, қўлбола кажава ясаб олишганди. Бундай кажаваларга турли ўлчамдаги юкларни осонгина жойлаштириш мумкин бўлган.

«Дилхирож» филмидан скриншот

Ҳар иккала мотоцикл 300 килограмм юк ортишга мўлжаллаб ишлаб чиқарилган. Аммо Ўзбекистонда одамлар уларга 500-700 килограмм атрофида ҳам юк ортиб кетаверишган.

Фото: Kun.uz

«Урал» ва «Днепр» мотоцикллари бугун

«Урал» ва «Днепр» мотоцикллари СССР парчаланиб кетгандан кейин ҳам Россия ва Украинада кам сонда ишлаб чиқарилган. Аммо Ўзбекистонга уларнинг янгилари келмай қўйган. Шундай бўлса ҳам бугунгача Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида, айниқса тоғли туманларда одамлар бу мотоциклларнинг 70-90-йилларда ишлаб чиқарилганларидан фойдаланиб келишмоқда.

Фото: Kun.uz

Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида юртимизнинг турли гўшаларида «Днепр» ва «Урал»дан фойдаланиб келаётган одамлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг айтишича ҳанузгача Россиядан «Днепр» ва «Урал» мотоцикллари учун эҳтиёт қисмлар олиб келинади. Аммо улар жуда қиммат. Масалан, ҳозир «Урал» ва «Днепр» мотоциклларининг Россия ҳамда Хитойдан келтирилган шинаси 600-700 минг сўм тураркан.

Фото: Kun.uz

 

Шунингдек, «Днепр» ва «Урал» мотоциклларидан кўп фойдаланиладиган ҳудудларда ушбу мотоциклларни тузатадиган усталар етарлича бор.

Маълум бўлишича, бугунги кунда Ўзбекистонда фойдаланилаётган «Урал» ва «Днепр» мотоцикллари аксариятининг тегишли ҳужжатлари йўқ. Тоғли қишлоқлар катта йўллардан ва туман марказларидан олисроқда жойлашгани учун ҳозирча одамлар бу турдаги мотоцикллардан бемалол фойдаланиб юришибди..

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Монтажчи: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид