Ўзбекистон | 08:03 / 15.12.2021
14688
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларнинг Умра сафари тикланиши кутиляпти

Жорий йилнинг 1-9 декабрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонида Умра зиёратини ташкил қилиш бўйича хизмат сафарида бўлди.

Фото: Getty Images

Делегация бутун дунёда қўлланилаётган карантин чекловлари шароитида Умра сафарини ташкил қилиш бўйича Подшоҳлик муассасалари билан музокаралар олиб борди

“Иншааллоҳ, яқин фурсатларда, COVID пандемияси бошланишидан аввал Умра сафари учун пул тўлаб, навбатда турганлар ва бошқа фуқаролар учун табаррук зиёратни амалга ошириш имкониятлари яратилади”, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарида.

Карантин тартибларига мувофиқ меҳмонхоналарда зиёратчиларни хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартирилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларга риоя этиш унчалик катта бўлмаган миқдорда қўшимча маблағларни талаб этиши мумкин. 

Умра зиёратлари муддатлари, қўшимча тўлов миқдори, вакцинация тўғрисидаги маълумотлар тез орада маълум қилиниши айтилган. 

Мавзуга оид