Ўзбекистон | 13:03 / 16.12.2021
16630
8 дақиқада ўқилади

Адолатсизлик давом этяпти. Олий суд кўз юмган ҳақиқатга назар

Поп туман ҳокимлиги Қамчиқ довонидаги “Бургут” маскани бўйича судларда ютқазавергач, энди даъво “Қамчиқавтойўл” номидан киритилди. Агар бу корхонанинг нияти холис бўлса, бузишни тадбиркорнинг мулкидан эмас, ўз биноларидан бошлаши керак. Ана шундагина бу кейсни қонунлар барчага баробар эмаслигини кўрсатувчи ёрқин далиллар қаторига қўшмаслик мумкин.

Бу сафар Қамчиқ довонига “Бургут” маскани билан боғлиқ муаммоли ҳолатни ўргангани қўлимизда узунлик ва масофани ўлчайдиган замонавий ускуна билан бордик. Бунинг сабабини эса кейинроқ тушунтирамиз...

Мана икки йилдирки, Тошкентни водий билан боғлаб турувчи Қамчиқ довонидаги йўловчилар “Бургут” деб атайдиган “Бир зумда” кафеси ва унинг ҳудудини тадбиркордан олиб қўйиш бўйича ҳаракатлар давом этмоқда.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Поп туман ҳокимлиги судларда мағлуб бўлиб, бу “ўйин”дан чиққач, “Бургут”га қарши “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси “жанг”га кирди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

“Қамчиқавтойўл”нинг “Бургут”га ажратилган ҳудудни олиб қўйиш ва унда қурилган объектларни буздиришга қаратилган ҳаракатлари Норин туман маъмурий судида ҳам, Наманган вилоят маъмурий судида ҳам “наф” бермади.

Қасдга аҳд жуда ҳам жиддий шекилли, “Қамчиқавтойўл” ортга чекинай демади ва Олий судга кассация шикояти киритди.

Буни қарангки, Олий суд қуйи инстанция судлари қарорларини бекор қилиб, тадбиркорнинг зарарига ишлайдиган қарор қабул қилди.

Фото: Kun.uz

Олий суд ажримига кўра, “Бургут” кафесини бузиш учун ягона сабаб бор, у ҳам бўлса кафе ва унга ёндош бино-иншоотлар йўл муҳофаза зонасидан 25 метр эмас, балки 18 метр масофада қурилган. Бу эса транспорт хавфсизлигига таҳдид солади, деб топилган.

Шу сафар Олий суд қарорини муҳокама қилишдан тийилган ҳолда, “пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга” деган нақлга амал қилмаган “Қамчиқавтойўл”га қарашли биноларнинг муҳофаза зоналари ўзи қай аҳволда эканини тафтиш қилдик.

Довоннинг 220-километридаги “Қамчиқавтойўл” корхонасига қарашли 524-йўл бўлими биноси ёнидамиз. Бино ва муҳофаза зонаси масофасини ўлчаб кўрамиз. Йўл четидан биногача бўлган масофа 9 метрдан ошиқ чиқди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

 “Қамчиқавтойўл”га қарашли яна бир бино муҳофаза ҳудудидан 3 метр-у 94 сантиметр, 550-йўл бўлими биноси 3 метр, 258-йўл бўлими биноси 7 метр, довоннинг 230 километрида жойлашган “Қамчиқавтойўл” маъмурий биноси эса йўл четидан 8 метр узоқликда жойлашганини аниқладик.

 

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Кўриб турганингиздек, “айбдор” “Бургут” маскани бинолари йўл чети, муҳофаза ҳудудидан 18 метр узоқликда қурилган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Давлат корхонаси тадбиркорга қарши чиқиб, унинг объектлари йўл муҳофаза зонасида жойлашганига даъво қилган эди. Аммо, гувоҳи бўлганингиздек, уларнинг ўзларига қарашли бир нечта бинолар ҳам худди ўшандай муҳофаза зоналари ичида ётибди.

Корхона нима дейди?

Биз “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси юристи Роҳатали Бойтўраевга “Қамчиқавтойўл”нинг бинолари муҳофаза зонаси ичида жойлашган бу хавфсизлик қоидаларига хилоф эмасми?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Корхона юристи: “Бино-иншоотлар “Қамчиқавтойўл” балансида бўлгани учун хавфсизлик минтақасида қурилиши мумкин”, дея қисқа жавоб берди. Лекин Роҳатали Бойтўраев бу қоидалар қайси қонун ҳужжатларида асослантирилгани ҳақида аниқ жавоб айта олмади. Таажжуб... Корхона хавфсизлик минтақаси ҳудудига бино қурса, хавфли эмас, тадбиркор қурса хавфли экан.

Тадбиркор нима қилсин?

Олий судга ишни такрорий кассация тартибида кўриш тўғрисида ариза берган Амонжон Маткомилов билан суҳбатлашдик.

“Президентимизнинг охирги йилларда “Тадбиркорга нисбатан тўсиқлар, сиёсатга хиёнат дея баҳоланади” деган гаплари қаёққа кетди? Тасаввур қилинг. Поп тумани ҳокими қарор чиқариб бергач, тадбиркор тоғ тепасида катта маблағни сарфлаб одамлар учун шарт-шароитлар қилса, бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари олиб борса-да, охирида яна тадбиркор куйиб қолса. Бу қанақаси?

Давлат хокимияти органларининг қарорларига, нуфузли ташкилотлар муҳр босиб, имзо чекиб берган бош режага, техник шартларга, умуман ҳужжатларга ишониш керак эмасми? Тадбиркор қандай йўл билан фаолият юритсин?

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарори менинг зараримга чиққанидан эмас, адолат қарор топмаганидан норозиман.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Бунгача бўлган 2020 йил августдаги Поп туманидаги суд жараёнида, 2020 йил декабрда Норин тумани маъмурий судида, ўтган йил ноябр ойида Наманган вилоят маъмурий судида ютиб чиққандим. Ўша ерда суд мукаммал бўлган. Тааллуқли бўлган барча соҳа мутахассислари суд мажлисида иш батафсил кўрилган.

Яна битта энг қизиқ жойи, Наманган вилояти маъмурий судининг раиси ўринбосари ўша суд мажлисида раислик қилган. Суд мажлисини ўзи олиб борган. Ўша Нарзуллаев Абдурасул деган одам олиб борган суд қарорлари, барча қуйи инстанция суд қарорлари Олий судда бекор бўлди. Бу нима дегани? Қамчиқ довонидан нарёғида, айнан Наманган вилоятида судлар йўқ деганими?” дейди Амонжон Маткомилов.

Тадбиркорнинг тахминига кўра, “Қамчиқавтойўл” мутасаддилари Олий судда жараён қандай якун топишини олдиндан билган. Чунки корхона вакиллари “қизил чизиқ” ичидаги ҳудудга Олий суд мажлиси бўлишидан уч кун олдин, яъни 2021 йил 1 ноябрь куни дарахт кўчатлари экишни бошлашган.

“Мен қурган биноларни муҳофаза зонаси ичида жойлашган дейишди. Ўтган йилги Наманган вилоят маъмурий судидаги жараёнда вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси тарафидан мутахассис жалб қилинганди. Мутахассис “Бургут” маскани ҳудудида ҳеч қанақа хавф-хатар, авария ҳолати кузатилмаганини айтганди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қонун ҳамма учун баробарлиги белгиланган, бироқ “Қамчиқавтойўл”нинг ўзининг маъмурий биноси йўл четидан 8 метр масофада жойлашган. Яна бошқа йўл бўлимлари бинолари борки, йўлдан 2 метр четда холос. Нимага қонун фақат тадбиркорга таъсир қилиши керак. Қонун агар ҳамма учун баробар бўлса биз ислоҳ қилишни, ислоҳотларни ўзимиздан бошлашимиз керак эмасмиди?” дейди у.

Фото: Kun.uz

Ҳоким қарорига ишониб, миллиард сўмлик мажмуа қурган ва айни пайтда кўп йиллик меҳнати ва катта суммадаги маблағига куйиб қолаётган тадбиркор Амонжон Маткомилов кучи бор экан ҳақиқат излаб курашишини билдирди. Тадбиркор Олий суддан адолат кутмоқда.

Биз эса мақоламиз сўнгида судлар мустақиллиги ва мулк ҳуқуқи энг, энг, энг оғриқли муаммоларимиздан эканини минг афсус билан қайд этамиз.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов

Элмурод Эрматов
Муаллиф Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид