Мактабларда спорт заллар қурамиз – Абдураззоқов Наманган аҳолисини соғломлаштириш бўйича ташаббусини айтди
Наманган миллионер шаҳарга айлантирилади.
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг 27-сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов 2021 йил якунлари ва 2022 йилга мўлжалланган истиқболли режалар бўйича вилоят аҳлига мурожаат йўллади.
2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисоботдан сўнг вилоят ҳокими 2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, келгуси йилда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 2 820 хонадонга эга 109 та кўп қаватли уй-жой қурилади.
Мазкур уйларнинг асосий қисми Чуст тумани “Гулзор” МФЙ, Чортоқ тумани “Дўстлик” МФЙ Поп тумани “Миришкор” МФЙ ҳудудида, “Янги Ўзбекистон массивлари”да 640 та хонадонга эга 32 та кўп қаватли уй барпо этилади.
“Энг аввало, Наманган шаҳри – аҳолисининг сони миллион кишидан иборат шаҳарга айланади. Бунинг учун, Давлатобод тумани Юксалиш массивида 30 минг оила учун 330 та кўп қаватли уй, мактаб, боғча, шифохона, кичик саноат зоналари, хизмат кўрсатиш объектларини қамраб олган “Янги Наманган” шаҳарчаси бунёд этилади”, - деди Абдураззоқов
Шунингдек, шаҳарчада 95 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” барпо қилинади. Ушбу боғда Мустақиллик стеласи, боғни юқоридан томоша қилиш мақсадида кузатув тепалиги, болалар учун майдонча, пикник ҳудудлар, кичик болалар ўйингоҳи, тўй ва маросимлар учун кичик майдонча, Наманган вилояти рамзи бўлган гуллар боғи ва яшил боғ барпо этилади. Шунингдек, сунъий кўл, 1 500 ўринли амфитеатр, фавворалар, автотураргоҳлар, савдо ва хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик дўконлари ташкил этилади.
Сессиядан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят раҳбари аҳолини соғломлаштириш бўйича қандай ташаббус илгари сураётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.
Унинг сўзларига кўра, 2022 йилда таълимга эътибор қаратилади. Ҳоким вилоят бўйлаб 128 та мактабда спорт зали йўқлиги, бу эса ўша маҳаллалардаги ёшлар ва катталарнинг қишда шуғулланиши учун имкониятлар етарли эмаслигини кўрсатишини таъкидлади. Бундан ташқари, қишлоқ жойларда кутубхоналар ташкил этишга ҳам катта аҳамият берилади.
Аввалроқ Фарғона вилояти ҳокими вазн ташлаган амалдорларга пул ажратишни, Андижон вилояти ҳокими юришни ташкил қилган амалдорга Дубайга саёҳат ваъда қилган эди.
Мавзуга оид
12:19 / 07.10.2024
Наманганда ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб пул талаб қилган шахс ушланди
18:33 / 02.10.2024
Наманганда қадимий ерости йўлаклари, иситиш тизими ва сопол қувурлар топилди
21:19 / 05.09.2024
Учта вилоят чегарасига ўзгартириш киритилмоқда
19:01 / 03.09.2024