Жамият | 19:49 / 23.12.2021
9900
2 дақиқада ўқилади

Оқдарёдаги портлаш: пропан баллон чўғ устига қўйилгани сабаб портлаган бўлиши мумкин

Фото: KUN.UZ

19 декабр куни Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги «Лаззат» ошхонасида портлаш содир бўлганди. Оқибатда 10 киши жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган. ФВВ портлаш ҳақидаги илк расмий хабарда воқеа жойида иккита пропан газ баллони бўлганини маълум қилганди.

Kun.uz мухбирининг аниқлашича, Оқдарёдаги портлашга пропан баллондан фойдаланишнинг одамлар орасида кенг тарқалган хавфли усулларидан бири қўллангани сабаб бўлган. Пропан совуқ ҳавода музлашга мойиллиги сабаб одамлар орасида (айниқса қишлоқларда) баллонни остига шам ёқиш, тагига иссиқ сув қуйиш каби турли йўллар билан иситиш одат тусига кирган. Шу орқали баллон ичида музлаган конденсат эриб, баллон уланган ускуна яна бир муддат ёниб беради.

Оқдарёдаги портлаш содир бўлган ҳолатда эса янада ноодатий усул қўллангани тахмин қилинмоқда: баллон ичи тўла чўғ бўлган тоғорага солиб қўйилган. Бу борада терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётгани сабаб маълумотни тасдиқлатишнинг имкони бўлмади. Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган газ бўйича мутахассис пропан газ баллон остини олов билан иситиш орқали унинг кўпроқ ёнишига ҳаракат қилиш жуда хавфли эканини таъкидлади.

Оқдарё туманидаги «Лаззат» ошхонасида портлаш айни хўрандалар кўп вақтда содир бўлган. Жабрланганларнинг баъзилари куйиш ташхиси билан касалхонага ётқизилган. Маълумот учун, Оқдарёдаги портлаш юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид