Ўзбекистон | 21:00 / 28.12.2021
16920
7 дақиқада ўқилади

«Ундай ходимлардан қутулган афзал» – Ғиёсов Янгийўлда «участкавой»лардан план талаб қилинаётгани ҳақида

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Тошкент вилояти Янгийўл туманида «участкавой»лардан кунига икки кишини жаримага тортишни талаб қилган масъулларнинг айби тасдиқланса, уларга қатъий таъсир чораси кўрилишини маълум қилди. Унинг айтишича, вазирлик ноқонуний ҳаракат содир этгани исботланган ходимларнинг айбини яширмайди, балки улардан қутулиш орқали тизимни тозаламоқда.

20 декабрь куни Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолада жойлардаги ички ишлар органлари раҳбарлари бир-бири билан кимўзарга рақобатлашаётгани, бунинг жабрини профилактика инспекторлари ва фуқаролар тортаётгани, бундай ҳолат Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ҳам авж олгани ҳақида сўз боради.

Kun.uz’га юборилган аудиода Янгийўл тумани 2-сонли ИИБ бошлиғи подполковник Олим Собиров экани айтилаётган шахс қўл остидаги профилактика инспекторларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ва 187-моддалари, яъни майда безорилик ҳамда жамоат жойида алгокол ичишга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича иккитадан маъмурий баённома тузиб, эрталабки йиғилишга олиб келиш ҳақида топшириқ бераётгани акс этган.

Ички ишлар вазирлиги шу куннинг ўзида ҳолат юзасидан расмий баёнот бериб, мақолада кўрсатилган важлар бўйича текширув ўтказилаётганини маълум қилганди. Kun.uz мухбири 25 декабрь куни Фарғонада журналист ва блогерлар билан учрашган Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовдан ҳолат бўйича изоҳ олди.

Шоҳрух Ғиёсов, Ички ишлар вазири матбуот котиби

«Хизмат текшируви одатда кадрлар бошқармаси ёки шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан амалга оширилади. Албатта, ким айнан шундай топшириқ берган бўлса, шахси аниқланади, нима учун бундай топшириқ бергани, қандай ҳолатда бу нарса рўй бергани барча ҳолат ўрганилади.

Важ қилинаётган барча маълумотлар ўрганилиб, охирида барча ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилгандан кейин тўлиқ очиқлаб бериш имкониятимиз бўлади.

Сайтлар ва ижтимоий тармоқларда чиққан ҳар бир ҳолатни тўлиқ ўрганамиз. Жумладан, Анвар Султонов ва Олим Собиров ходимлардан мажбурий план талаб қилиб келгани, Олим Собиров ходимлардан пул талаб қилгани бўйича маълумотлар айни пайтда текширилмоқда. Ҳозир бу ҳақда аниқ бир нарса дея олмайман. Текширув тугаганидан кейингина қандай ҳуқуқий чора кўрилганини айтишим мумкин.

Ходимларнинг айби аниқланадиган бўлса, ҳақиқатан шундай ҳолат рўй бергани тасдиқланса, уларга қатъий таъсир чораси кўрилади. Бунга ҳозирги пайтда шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Чунки айнан ходимларнинг айби билан тизимга доғ тушириш ҳолатларига қарши кескин курашяпмиз. Бундан буён бу каби ҳолатларга йўл қўйиб бўлмайди», деган у.

Расмийлар ҳолат бўйича текширув тайинлангани, воқеага дахлдор ҳар бир маълумот ўрганилиши, масъулларнинг айби тасдиқланган тақдирда уларга чора кўрилишини айтаётган бўлса-да, Kun.uz манбаси амалда барчаси бошқача кечаётганини таъкидламоқда.

«Kun.uz’да мақола эълон қилингач, Телеграмдаги гуруҳ ўчириб ташланди. Катталаримиз зўр бериб маълумотни сиздирган одамни қидириш билан овора. Ким тарқатгани аниқланса, шармандасини чиқариб хизматдан четлаштиришмоқчи», дейди шахсини сир тутишни сўраган ходимлар.

Бобур Тўлаганов, Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи матбуот котиби

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов Янгийўлдаги ҳолат бўйича хизмат текшируви текширув якунига етгач, бу ҳақда жамоатчиликка ахборот берилишини маълум қилди.

«Хизмат текшируви вилоят ИИББ Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан ўтказилмоқда. Масъуллар билан боғландим, ҳали текширув якунига етмаганини айтишди. Текширув хулосаси тайёр бўлиши билан бизга тақдим этилади ва биз бу ҳақда жамоатчиликка ахборот берамиз», дейди у.

Шу ўринда Янгийўлдаги ҳолат бўйича вазирлик матбуот хизмати томонидан эълон қилинган расмий муносабатда тизимдаги муаммолар ҳақида ОАВга маълумот юбораётган ходимларга нопок, хизмат вазифасига совуққон, аризабоз деган турли тамғалар босилгани эътиборни тортди. Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовдан ҳали хизмат текшируви ўтказилмай ва унинг натижалари маълум бўлмай туриб, Kun.uz’га мурожаат қилиб Янгийўл тумани ички ишлар органларидаги қонунга зид ҳолатлар ҳақида маълумот берган ходимларга нима учун қора тамға босилаётгани юзасидан изоҳ сўралди.

Расмий муносабатдан скриншот

«Бу нарса, яъни «нопок» деган сўз кўчирма маънода ёзилган. Қонунчилигимизга кўра, «нопок» деган сўзга ҳуқуқий баҳо берилмаган. Бу муносабат нафақат оммавий ахборот воситаларига, балки ўзимизнинг ходимларимизга ҳам қаратилган. Яъни ходимларга чақириқ сифатида ёзилган бу нарса.

Алоҳида профилактика инспекторлари билан боғлиқ ҳолатларга тўхталадиган бўлсак. Охирги пайтда нимани кўряпмиз. Айрим ҳолатда ходимлар ўз раҳбарлари қаттиққўллигидан норози кайфиятда бирор ҳолатни очиқлашга ёки жамоатчиликка мурожаат қилишга ҳаракат қилган ҳолатларни кузатяпмиз. Мисол учун, Янгийўл ҳолатида ҳам.

Ходимлар ўз ҳаракатини яшириш мақсадида турли бўҳтонларни ёғдиришни бошлаяпти. Инсон омилини барибир ҳеч қаердан олиб ташлаш мумкин эмас. Мана, мисол учун, бир профилактика инспектори ҳудуди. У ерда 4та спиртли ичимлик қуйиб сотувчи шохобча бор. Улар кечаси соат ўн биргача ишлайди. Шунингдек, ушбу ҳудудда элликдан ошиқ спиртли ичимликка ружуъ қўйган, оилавий жанжал қиладиган ва бошқа ҳуқуқбузарликларга мойил шахслар бор.

Дейлик, профилактика инспектори тунги навбатчиликка тушди. Шу ходим эртаси куни ишга келганда ҳудудингда нима гап деб сўралса, жимжит деб жавоб беради. Ваҳоланки, унинг ҳудудида маст ҳолатда содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони юқори бўлиши мумкин. Шундай вазиятда қанақасига ундан натижа талаб қилмайди? Мана шу ҳолатда раҳбарларнинг ишлашни талаб қилаётганини айрим ходимлар бўрттириб, интернетда чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Ҳозирги вақтга келиб мажбурий юклама бутунлай йўқотилган ҳолат.

Қонунни бузган, хатога йўл қўйган ходимнинг ёнини олиб, бутун тизимни шарманда қилгандан кўра шу ходимдан қутулган энг афзал йўл. Чунки битта хатони билиб туриб содир қилган ходим эртага барибир шу хатони такрорлайди ва тизимни шарманда қилади. Шунинг учун қутулган яхши. Бу ҳозирги кунда ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган сиёсат. Агарда ходимнинг ўзи ҳуқуқбузарлик қиляптими, ноқонуний ҳаракат қиляптими ундан фақатгина қутулиш орқали тизимни тозалаяпмиз», дея таъкидлайди Шоҳрух Ғиёсов.

Фото: Kun.uz

ИИВ мулозими фуқароларни жаримага тортиш бўйича мажбурий юклама бекор қилинганини айтган бўлса-да, Kun.uz’га келиб тушган маълумотда 17 декабрь ҳолатига кўра Тошкент вилоятида профилактика инспекторлари томонидан 154 976 та маъмурий баённома расмийлаштирилгани акс этган. Белгиланган жарималарнинг умумий суммаси 13 млрд 412 млн 400 минг 628 сўмни ташкил этади. Шундан 2 млрд 417 млн 681 минг 681 сўм ундирилган бўлса, шу пайтгача ундирилмаган жарималар миқдори 10 млрд 994 млн 718 минг 947 сўмдан иборат. Вилоят бўйича расмийлаштирилган маъмурий жарималарни ундирув кўрсаткичи 18 фоизга тенг бўлиб, шаҳар-туманлар кесимида бу маълумот ўзгариб боради.

Мавзуга оид