Жаҳон | 12:30 / 08.01.2022
169618
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ҳозир қаердалиги маълум қилинди

Аввалроқ "Эхо Москви” радиостанцияси бош муҳаррири Алексей Венедиктов Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатни тарк этишга тайёрлигини маълум қилганди.

Фото: Sputnik / Михаил Климентьев

Бугун, 8 январь куни Қозоғистон Республикаси биринчи президентининг маслаҳатчиси – матбуот котиби Айдос Укибай Нурсултон Назарбоев айни дамда Қозоғистон пойтахтида эканлигини маълум қилди.

«Элбоши Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида бўлиб турибди. Илтимос, била туриб ёлғон ва тахминий маълумотларни тарқатманг. Элбоши бир қатор маслаҳат учрашувлари ўтказади ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан бевосита алоқада», — деб ёзди у ўзининг Twitter’даги саҳифасида. 

Унга кўра, Нурсултон Назарбоев Қозоғистонга дўст бўлган давлатлар раҳбарлари билан бир неча бор телефон орқали мулоқот қилган. 

«Элбоши барчани ҳозирги қийинчиликларни енгиб ўтиш ва мамлакатимиз яхлитлигини таъминлаш учун Қозоғистон президенти атрофида бирлашишга чақиради», — дея якунлади Айдос Укибай. 

Аввалроқ, Беларус президенти матбуот хизмати президент Александр Лукашенко 7 январь куни кечқурун Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берган эди. 

Мулоқот чоғида суҳбатдошлар Қозоғистондаги вазиятни атрофлича муҳокама қилди. 

Мавзуга оид