Кинематография агентлиги Фирдавс Абдухолиқов билан боғлиқ вазият юзасидан изоҳ берди
Изоҳда энг асосий масала – манфаатлар тўқнашуви рўй бергани тан олинмаган.
Кинематография агентлиги Kun.uz эълон қилган “Сабрия” машмашаси: Сериалдаги беҳаё саҳна мавзуси Фирдавс Абдухолиқов шахсига уланиб кетди” сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.
Мақолада сериаллар бўйича давлат буюртмалари ва субсидияларини олиб келаётган “Sevimli” телеканали бу буюртмалар ва субсидияларни берувчи ташкилот – Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқовнинг оила аъзоларига тегишли экани ҳақида сўз боради.
Жавоб-баёнот “Сабрия” сериалига агентликнинг алоқаси йўқлигини таъкидлашдан бошланади. Бироқ айтиш керакки, Кинематография агентлиги танқидга қолган сериал буюртмачиси эмаслиги Kun.uz мақоласида ҳам ёзилган.
Расмий муносабатда, шунингдек, сериалларга давлат буюртмаларини бериш масаласи Бадиий кенгашда коллегиал равишда ҳал этилиши айтилган. Бадиий кенгаш раиси ҳам Фирдавс Абдухолиқов эканига, бу эса муайян вазиятларда қонунга зид бўлиши мумкинлигига тўхталиб ўтилмаган.
“Мақолада тилга олинган “Она замин” сериали “Sevimli” телеканали томонидан мустақил молиялаштирилган бўлиб, ушбу маҳсулотнинг агентликка умуман алоқаси йўқ”, – дейилади расмий баёнотда.
Таъкидлаш керакки, Kun.uz “Она замин” сериалига агентлик томонидан буюртма берилгани ҳақидаги маълумотни агентликнинг расмий Telegram-каналидан олган.
Бундан ташқари, баёнотда тилга олинган “Орзулар палатаси” сериали учун гўёки “Sevimli” телеканалига эмас, “My Films” компаниясига буюртма берилгандек кўрсатилган. Ваҳоланки, Фирдавс Абдухолиқовнинг 20 январ кунги баёнотидан бошқача хулоса келиб чиқади, ўз навбатида Kun.uz ҳам ахборот тарқатишда расмий амалдорнинг баёнотига асосланган.
Нима бўлганда ҳам, энг камида битта ҳолатда (“Тузоқ” сериали) манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани яққол кўриниб турибди. Айни пайтда ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги текширув ўтказмоқда.
Текширув якунларига кўра, ҳолатга ойдинлик киритилади ва агар жараён давом этса, якуний хулоса суд томонидан ҳам берилиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлигининг тўлиқ баёноти билан ушбу ҳаволада танишишингиз мумкин.
Мавзуга оид
16:21 / 12.11.2024
1,5 мингга яқин бошқарув ходими қонунга зид тарзда тадбиркорлик қилаётгани аниқланди
13:04 / 10.06.2024
Ҳокимлардан тортиб ҳарбийларгача: “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кимларга таъсир қилади?
14:59 / 08.06.2024
Давлат идораларида қариндош-уруғчиликни чеклайдиган қонун қабул қилинди: у кимларга нисбатан ва қандай ишлайди?
12:16 / 08.06.2024