Жаҳон | 23:47 / 23.01.2022
53580
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага қурол-яроғ етказиб беришни бошлади. Олдинроқ Британия ҳам ёрдам юборганди

Қўшма Штатлар 21 ва 22 январь кунлари Киевга 170 тонналик қурол ва ўқ-дори етказиб берди. Бу Украинага шошилинч ҳарбий ёрдам доирасидаги икки партия гранатомётлар ва ракета қурилмаларини ўз ичига олган.

Фото: Reuters

Иккинчи самолёт етиб келгани ҳақида якшанба куни Украина мудофаа вазири Алексей Резников маълум қилган.

«Иккинчи қушча - Киевда! Америкалик дўстларимиздан Украина мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш учун 80 тонна қуроллар. Ва бу ҳали ҳаммаси эмас», дея ёзган вазир твиттерида қурол олиб келган юк ташувчи «Боинга-747» самолёти суратини илова қилган ҳолда.

Пентагон икки кун олдин бу юкларнинг жўнатишга тайёрланаётгани акс этган суратини эълон қилганди ва Украинадаги турли нашрлар суратда бир марталик SMAW-D гранатомётлари ва танкка қарши Javelin мажмуаси ракеталари акс этгани ҳақида ёзганди.

Бундай ҳарбий ёрдамнинг биринчи партияси Киевга шанба куни етказилганди.

«Яқинда президент Байден тасдиқлаган Украина хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган бир неча ёрдам пакетларидан биринчиси Киевга етиб келди. 90 тоннадан иборат юклар ичида масофадан учирилувчи қуроллар ва Украина фронтини ҳимоя қилаётганлар учун ўқ-дорилар бор.

Бу ёрдам партияси ва 2014 йил ажратилган 2,7 миллиард доллар ҳарбий ёрдами АҚШ ортиб бораётган рус агрессиясига қарши Украинага ёрдам бериш мақсади жиддий эканидан кафолат», дейилади АҚШнинг Украинадаги элчихонаси маълумотида.

Ғарбда 2021 йил октябр ойидан буён Россия Украинага яна бостириб кирмоқчи экани ҳақида гапиришади. Москва бу айбловларни рад қилиш билан бирга НАТОдан Украина ва Грузия ҳеч қачон альянсга кирмаслигини талаб қилишда давом этмоқда.

Женевадаги учрашувдан бироз ўтиб

Украинага ҳарбий кўмакнинг биринчи партияси АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасидаги Женевадаги учрашувдан бир неча соат ўтиб Киевга етиб борган. Учрашувдан кейин Блинкен НАТОнинг Болтиқ бўйидаги аъзолари – Латвия, Литва ва Эстониянинг Украинага ҳарбий кўмак беришга тайёрланаётганини олқишлаганди. Давлат котиби бу Украинага «Россия агрессияси»га қарши туриш учун зарур эканини таъкидлаганди.

Блинкеннинг айтишича, Вашингтон Болтиқ бўйи давлатларига Украинага ҳарбий ёрдам юборишига рухсат берган. Эстония мудофаа вазири Калле Лаанет, Латвия мудофаа вазири Артис Пабрикс, Литва мудофаа вазири Арвидас Анушаускас биргаликда Украинани қўллаб баёнот беришди. Улар АҚШ рухсат бериши билан ҳарбий кўмак Украинага етказиб берилишини маълум қилган.

Эстония Украинага танк ҳужумига қарши Javelin ракета комплекси, Латвия ҳамда Литва эса Stringer зенит-ракета комплекси етказиб беради. Javelin ва Stringer АҚШда ишлаб чиқарилишини унутмаслик керак. Ўз навбатида, Болтиқ бўйи давлатлари Украина бу қуролларни ишлатишга мажбур бўлмаслигига умид билдирган.

АҚШ ва иттифоқчилари Украинага ҳарбий кўмак юбораётган бўлса-да, Россия бостириб кирган тақдирда ҳам ўз қўшинларини ёрдамга юбормаслигини айтмоқда. Россия эса Ғарбни Украинани қуроллантириш ва уни НАТОга тортишда айбламоқда.

Британия ва Россия ўртасидаги музокара

Олдинроқ Британия Украинага танк ҳужумига қарши NLAW ракета комплексларини юборганди.

Фото: Reuters

Британия парламенти қуйи палатасидаги мудофаа бўйича махсус қўмитаси раиси Тобиас Эллвурд шанба куни бу қарордан жуда мамнун эканини айтиб, у бироз кечикканини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, Путин Ғарбнинг кўнгилчанлигидан фойдаланяпти ва Украина бундай ҳолатда ёрдамга муҳтож. У Россия тез орада Украинага бостириб кириши мумкинлигини истисно қилмади.

Британия ҳарбий соҳасидаги катта мансабдорлар Украина учун бунчалик жон куйдириб гапираётган бир вақтда инглиз нашрларида қизиқ маълумот пайдо бўлди. Унда айтилишича, Британия мудофаа вазири Бен Уоллес россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан гаплашган. 2013 йилдан буён икки давлат мудофаа вазирлари ўзаро суҳбат ўтказмаганди.

Хабарларда ёзилишича, Шойгу ҳамкасбини Москвада кўришишга таклиф этган. 9 йил аввал икки давлат мудофаа вазирлари Лондонда учрашган эди. Шунингдек, инглиз нашрлари февралда Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ҳам Москвага бориши мумкинлигини ёзмоқда. Жума куни Австралияда ўтган матбуот анжуманида у Россия Украинага бостириб кирса, «даҳшатли вазиятда қолиб кетиши»ни эслатганди.

Эстония бош вазири Кая Каллас Москва билан кейинги музокараларда Россияга ён бермаслик кераклигини таъкидлади. «Россия Украина атрофида бор кучини тўплаб, НАТОга нима қилишни ўргатиб ётибди. Натижада мана, ҳамма Ғарб улар аскарларини олиб кетиши учун нима қилиши ҳақида гапирмоқда. Бу инқирозли ҳолатни НАТО эмас, Россия келтириб чиқарди. НАТО ва иттифоқчилари ҳеч қачон кимгадир ҳужум қилишни режалаштирмаган. Шу сабаб музокаралар вақтида Россиянинг ҳаракатларига эътибор бериш керак», деди Кая Каллас.

Мавзуга оид