Ўзбекистон | 15:24 / 26.01.2022
7041
2 дақиқада ўқилади

Блэкаут сабаб бозорда маҳсулотлар нархи ошиб кетмайди – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Озиқ-овқатлар етарли миқдорда захираланган. Улар сақланаётган музлаткичлар электрда узилиш бўлган пайтда муқобил энергия билан ишлай олади.

Фото: KUN.UZ

Кеча, 25 январ куни республика бўйича электр энергияси тизимида блэкаут содир бўлгани қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи ошиб кетишига сабаб бўлмайди. Бу ҳақда Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясида Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Мирзаев маълум қилди.

“Кечаги ҳолатдан сўнг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи кескин ошиб кетиши мумкин эмас. Халқимизда ортиқча ваҳима бўлмаслиги керакки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етарли миқдорда захираланган”, деди Шуҳрат Мирзаев.

Вазир ўринбосарига кўра, картошка ёки гўшт маҳсулотлари ҳам етарли миқдорда келтирилиб, омборхоналарда захира қилиб қўйилган. Булар ҳаммаси бозорларда нарх барқарорлигини сақлашга ёрдам беради. Бошқа сабзавотлар, мева ва тухум ҳам етарли даражада етиштирилган. Умумий қилиб айтганда, озиқ-овқат хавфсизлигида муаммо бўлмайди, бозорлардаги нархларга блэкаут таъсир қилмайди.

“Кечаги электр токидаги узилишлар сабаб омборхоналарда, музлаткичларда турган маҳсулотлар нима бўлди, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Республикада 4,5 мингдан ортиқ музлаткичлар бор. Уларнинг деярли ҳаммаси замонавий типда қурилган, дизел генераторлари ўрнатилган. Агар электр энергиясида узилиш бўлса, муқобил энергия ёрдамида ишлай олади. Кечаги ҳолатда ҳам улар 1 кун-1,5 кун шу усулда ишлади.

3,4 мингдан ортиқ иссиқхоналар бор. Улар билан вилоятлар кесимида иш ташкил қилинди. Улар бугун-эрта алтернатив энергиядан фойдаланиб туришса, кейин яна газ таъминоти тикланади”, деди Шуҳрат Мирзаев. 

Мавзуга оид