Уруш қатнашчиси 97 ёшли отахон: «Невара-чевараларим кўплигидан исмларини ҳам билмайман»
Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган Турсунбек ота Исанбеков Фарғона тумани Хонқиз қишлоғида яшайди. У 1925 йилда туғилган. Урушга жўнаб кетишдан аввал кўпчилик қатори колхозда ишлаган.
У 1944 йилда 19 ёшида урушга жўнаб кетган. Унинг сафдошлари ҳаммаси ҳам урушдан қайтмаган.
«Уруш ҳақида гапирадиган бўлсак, Полша, Украина, Белорусия ҳаммаси ўзимизда эди. 16 та республика эди. У пайтда техникалар йўқ, машина йўқ пиёда аскар бўлиб хизмат қилганман.
У пайтларда «фалончининг ўғли армияга кетяпти», деб нон тишлатиб қолишарди. Фронт дегани бўлиб ўтди, энди Худо хоҳласа бўлмайдиям, у кунлар қайтиб келмасин. Ёшлар саломат бўлсин, шундай қора кунларни кўрмасин», — дейди собиқ жангчи.
Турсунбек ота Чехославакия, Венгриядаги жангларда қатнашиб, Берлингача борган. Ундан сўнг иккинчи жаҳон уруши якунлангунга қадар совет-япон урушида ҳам қатнашган.
«Америка ҳам Россияга ёрдам берган у вақтларда. Берлинни ярмини Америка олган, ярми бизда қолган. Уруш тугагач, 15 кундан кейин Япония урушига олиб кетишган.
1950 йил 1 сентябрда урушдан қайтиб келганмиз. 1951 йил 17 сентябрда уйланганман. 8 нафар фарзанд кўрганмиз, 5 ўғил, 3 қиз. Невараларим кўплигидан уларнинг исмларини ҳам билмайман», – дейди иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, доимо иззат-икромда бўлган Турсунбек ота Исанбеков.
Пиру бадавлат отанинг турмуш ўртоғи Ҳабибахон ая 87 ёшни қарши олган. Онахон ҳам Турсунбек отадек ҳамон тетик. Ҳабибахон ая ҳам ўтмиш хотираларини сўзлаб берди:
«Турмуш ўртоғим уйланмоқчи бўлиб Водил қишлоғига аравада бориб кўриб келган. Кейин оила қурдик. Бола-чақали бўлдик. Болаларимизнинг умрини берсин. Барчаси вояга етди. Ўтмишда кўп қийинчиликлар бошимиздан ўтган. Аксарият одамлар далада ишларди. Кечалари далаларда ётиб қолар эдик. Уйда зоғора нонлар ёпиб, далада эса атала тайёрлаб ер эдик. Ёш боламизни кўтариб олиб тонг саҳардан далага қараб кетардик», – дея ўтмишнинг заҳматли кунларини эслайди Ҳабибахон ая.
Турсунбек ота ва Ҳабибахон ая ҳозир 21 невара, 52 чевара, 6 эваранинг севимли бобоси ва бувиси. Тирик тарих тимсолига айланган, аср билан юзлашаётган ота дуога қўл очар экан, уруш кулфати башарият бошига қайтиб тушмаслигини астойдил сўраб қолди.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
08:10 / 03.11.2024
Тоғ бағридаги қишлоқ – Ёрдонда наҳор оши
10:00 / 16.10.2024
Мумиё изловчи: 70 ёшида ҳам тоғ-у тошда ризқини териб юрган фарғоналик Ёрқинжон ота
16:21 / 06.10.2024
Урушда немислар томонида туриб жанг қилган сотқин гуруҳлар
16:28 / 23.08.2024