Жаҳон | 13:16 / 31.01.2022
29654
6 дақиқада ўқилади

Британия ТИВ: Путиннинг олигархлари санкциялардан қочиб қутула олмайди

Форин-офис раҳбари Элизабет Трасснинг айтишича, Буюк Британия санкция тўғрисидаги қонунларини шундай ўзгартирадики, санкцияларга дучор бўлувчи Кремл билан алоқадор шахслар ва активлар рўйхати кенгаяди. Лондон Вашингтон ва Брюссел билан Россиянинг Украинага эҳтимолий ҳужумига жавобан янги санкциялар тайёрламоқда.

Британия ТИВ раҳбари шу ҳафтада аввал Украинага, кейин Россияга бормоқчи / Getty Images 

Якшанба куни BBC билан телеэфирда қатнашган Лиз Трасс янги санкциялар Россиянинг молиявий муассасалари, энергетик компаниялари ва Россия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланувчи исталган фирмалар ва шахсларни қамраб олиши мумкинлигини айтди.

«Ҳозирда санкциялар қонун бўйича тор доирадагиларни қамрайди: биз фақат Украинадаги беқарорликка тўғридан тўғри алоқадор бўлган компанияларга қарши санкция қўллай оламиз. Биз кўламни кенгайтиришни, Кремл манфаатларини ифодаловчи ва Россия режимига хизмат қилувчи ҳар қандай компания санкция остига тушишини, Путин олигархлари ва Россия ҳукумати томонидан қўлланадиган компаниялар ҳеч қаерга қочиб қутула олмаслигини истаймиз», - деган Лиз Трасс бошқа бир интервьюда - Британиянинг Sky News телеканали мухбири билан суҳбатда.

«Ҳеч қайси истисно қилинмайди», - деган Трасс санкциялар «Путин олигархлари»нинг Лондондаги кўчмас мулкларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкинлиги борасидаги саволга жавобан.

«Биз айнан кимга айнан қандай санкциялар қўллашимиз бўйича тафсилотларни бермоқчи эмасмиз, аммо янгиланадиган қонунчилик бизга янада кенгроқ мақсадларга эришиш имконини беради, шундай экан, ҳеч кимда санкциялардан иммунитетга эгалик ҳақида хаёл бўлмайди», - дея қўшимча қилган Британия ТИВ раҳбари.

Трасс душанба куни санкциялар ҳақидаги қонуннинг янги лойиҳасини парламентга тақдим этиши кутилмоқда.

BBC эфирида Британиянинг Украинага бевосита ёрдами тўғрисида гапирар экан, Лиз Трасс уруш рўй берган ҳолда у ерга британ аскарлари юборилиши эҳтимоли камлиги, аммо Буюк Британия украинларни қуроллар ва 20 минг украин аскарини ўқитувчи инструкторлар билан таъминлаганини қайд этган.

«Украинлар курашади [...] Путин бу ботқоқликка ботиб қолади», - деган Трасс.

Шу билан бирга, вазир Буюк Британия ва иттифоқчилар Украина билан биргаликда урушнинг олдини олиш учун ҳаракат қилаётганини таъкидлаган.

«Биз дипломатия орқали уни [Путинни] кўндириш [бостириб киришдан] учун қўлимиздан келганини қиламиз», -деган Трасс хоним BBC эфирида.

Лиз Трасс шу ҳафта Украинага ташриф буюрмоқчи эканини айтган.

«Қўллаб-қувватлов учун кейинги ҳафтада Украинага қилажак сафаримни интиқлик билан кутмоқдаман», дея ёзган у твиттерида.

29 январь куни Daily Telegraph газетаси Лиз Трасс муаллифлигидаги мақола эълон қилган, унда Британия ТИВ раҳбари Россиянинг Украинага қарши кампанияси Европа хавфсизлигининг фундаментал асосларига путур етказаётгани, шу туфайли Британия Россия томондан бўлаётган «аниқ ва реал таҳдид»га қарши туриши лозимлигини таъкидлаганди.

Трасс Украинага бостириб кирса, Путин ботқоққа ботиши, унинг олигархлари эса санкциялардан ҳеч қаерга яширина олмаслигини ваъда қилди 

Британия бош вазири Борис Жонсон шу кунларда британ армияси НАТОнинг шарқий қанотидаги ўз контингентини мустаҳкамлаши мумкинлигини айтганди.

Бу контингент, у қадар катта эмас: Эстонияда 900 аскардан иборат илғор батальон ва Польшада 150 кишилик рота. Бундан ташқари, айни пайтда Украинада 100 нафар британ инструкторлари бўлиб турибди.

«Улар [Россия] ўзини қанчалар тажовузкор тутишса, ўз чегараларида НАТОнинг шунча кўп қўшинини кўришади», - деган Лиз Трасс билан бирга BBC Sunday Morning дастурида чиқиш қилган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Столтенберг ҳам НАТО давлатлари Украинага ҳарбий қўшин юборишни режалаштирмаётганини билдирган.

Бу вақтда Вашингтонда...
Америка сенати Россияга қарши янги санкциялар эълон қилиш арафасида, шу билан бирга, икки нуфузли сенаторнинг маълум қилишича, айрим чоралар россияликлар Украинага бостириб кирмасидан ҳам жорий этилиши мумкин.

Сенатнинг халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси раиси, демократ Боб Менендес ва шу қўмитадаги юқори мартабали республикачи Жеймс Риш сенаторлар олдиндаги ҳафтада санкциялар бўйича келишувга эришишига умид билдирган.

Боб Менендеснинг айтишича, Россия шу вақтгача қилган ишларга жавобан айрим санкция чоралари Украинага босқин рўй бермаса ҳам жорий этилиши мумкин.

«Айтишим мумкинки, биз чизиқдан бир ярд беридамиз», - дея фикрини ифодалаган Менендес CNN учун интервьюсида Америка футболида дарвоза жуда яқин эканини англатувчи иборани қўллаган ҳолда.

Менендес Сенатдаги икки партия вакиллари ҳам, агар Россия бостириб киришга қарор қилса, Украинани қўллаб-қувватлаши ва Россияга қарши жазо чоралари кўришга тайёрлигини билдирган.

«Ўйлайманки, шу ҳафтада келишувга эришилади», деган у санкциялар бўйича якуний қарор қачон қабул қилиниши борасидаги саволга жавобан.

Reuters хабарига кўра, Сенатда тайёрланаётган санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳаси Россиянинг етакчи банклари ва Россиянинг суверен қарзига қаратилган. Бундан ташқари, унда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳақида ҳам гап боради.

Сенаторнинг сўзларига кўра, айрим жазо чоралари эҳтимолий интервенциядан олдинроқ кучга кириши ҳам мумкин - Россия шу вақтгача қилган ишлар, жумладан Украинага қарши киберҳужум, «бегона байроқ остидаги амалиёт» ва Украина ҳукуматини ичдан емиришга бўлган уринишлар туфайли.

Менендеснинг айтишича, агар Россия Украинага бостириб кирса, янада қатъийроқ санкциялар қўлланади, шу билан бирга, ўлимвор қуроллар етказиб берилиши ҳар қандай ҳолатда амалга оширилади.

  • Россия бир неча ойдан буён Украина чегаралари яқинида қўшин тўпламоқда. Ғарбдагилар Москва ҳарбий юришга тайёрланаётганидан хавфсирамоқда ва унга қарши қатъий санкциялар билан таҳдид қилмоқда. Кремлдагилар Украинага ҳужум қилмоқчи эмасликларини айтишмоқда. Украинадаги вазият кескинлашиши фонида Буюк Британия, АҚШ ва Германия Киевдан дипломатлари ва уларнинг оилаларини олиб кетиш ҳақида ўйламоқда.

Мавзуга оид