Самарқанддаги қишлоқ йўлига юпқа ва сифатсиз асфальт ётқизилди
Самарқанд вилояти Нуробод тумани йўлсозлари қишлоқлардан бирининг йўлига жуда сифатсиз асфальт ётқизишган. Шунингдек, асфальт стандартларда белгиланганидан юпқароқ ётқизилган.
Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Самарқанд вилояти Нуробод тумани Сепки қишлоғидан йўлланди. Унда ёзилишича, Нуробод туман йўллардан фойдаланиш корхонаси 5 феврал куни қишлоқдаги йўлни асфальт қилган.
Аммо йўлсозлар сифати жуда паст бўлган асфальт ишлатишган. Бундан ташқари асфальт стандартларда белгиланганидан юпқа ётқизилган.
Kun.uz ҳолат юзасидан Нуробод туман йўллардан фойдаланиш корхонаси бошлиғи Маъруф Райимшукуровдан изоҳ олди. Унинг айтишича, «Булоқбоши» МФЙга қарашли Сепки қишлоғида кеча, 5 феврал куни тунда асфальт ётқизилган.
Асфальтни ётқизиш пайтида эътиборсизлик билан хатога йўл қўйилган. Ҳаволар бироз исиши билан агар қўшимча маблағ ажратилса, йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилади.
Мурожаатчилар йўллаган видеода ҳам йўлга сифатсиз асфальт, бунинг устига жуда юпқа қилиб ётқизилгани кўриниб турибди. Аммо Маъруф Райимқулов кеча тунда жами 470 метр йўл таъмирлангани ва унинг айрим жойларига ётқизилган асфальт юпқа бўлиб қолгани, қолган жойлари стандарт бўйича қилинганини билдирди.
Самарқанд вилоят йўллардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акбар Мирзаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, йўлларга стандарт бўйича 5 сантиметрдан кам бўлмаган асфальт ётқизилиши керак. «Фақат пиёдалар йўлакчаси ва шунга ўхшаш автомобиллар ҳаракатланмайдиган жойларга 4 сантиметр асфальт ётқизилади. Йўлларга эса тоифасига қараб асфальт ётқизилади. Бунда маҳаллий йўлларга 5 сантиметрдан кам бўлмаган қалинликда асфальт ётқизилиши керак» деди у.
Kun.uz Нуробод тумани Сепки қишлоғидаги асфальтнинг сифати қай даражада бўлгани ва стандартларга амал қилингани юзасидан тегишли ташкилотлардан изоҳ кутиб қолади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 2 феврал куни президент экология масаласида йиғилиш ўтказган ва унда Автойўллар қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиевни мамлакатдаги йўллар четга дарахт экишда сусткашликка йўл қўйганини танқид остига олганди.
Мавзуга оид
15:51 / 27.04.2024
Нурободда 40 йил кутилиб таъмирланган асфалт бир йилга бардош берди
15:00 / 06.09.2023
Самарқандда халқаро конференция муносабати билан айрим йўллар ҳаракат учун ёпилади
17:17 / 24.08.2023
Йўлларни 822 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган — Сенат
09:22 / 25.07.2023