Ўзбекистон | 16:20 / 07.02.2022
5162
3 дақиқада ўқилади

Русланбек Давлетов тўғридан тўғри ер ажратиш ва тендерсиз харидларни қоралади

“Тендер савдоларисиз” дегани – бу қурилиш камида 30 фоизга қиммат дегани. Ёки “лойиҳа-смета ҳужжатисиз параллел қилайлик” дегани халқ пулидан кетадиган қурилиш 30 фоизга қимматлади, дегани. Бу ерда натижа бўлмайди. Сифати ҳам зўр бўлмайди”, – деди адлия вазири.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов 7 феврал куни ҳисобот пресс-конференциясини ташкил этди. Унда вазир, хусусан, тендер ва ер ажратиш масалаларида Адлия вазирлигига бўладиган ноқонуний илтимослар ҳақида сўзлаб берди.

Давлетонинг айтишича, ер ажратиш ва тендер бўйича қонунчиликни четлаб ўтишни назарда тутадиган лойиҳалар вазирликка ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тез-тез келиб туради.

Тўғридан тўғри ер ажратиш ва тендерсиз савдоларни ўтказиш тўғрисидаги лойиҳалар ҳам бизга жуда кўп келади. Бу нарсалардан энди воз кечиш керак. Ўзбекистон жуда катта очиқлик қиляпти. Президентимиз коррупцияга қарши қанча куйиб-пишаётганини кўряпсизлар. Лекин лойиҳаларда “Вақтимиз етмаяпти, шуни тендерсиз қилайлик, тўғридан тўғри қандайдир МЧЖни белгилайлик, лойиҳачини белгилайлик”, (деган илтимослар) жуда кўп.

Тўғри, бу қонун бўйича мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ягона сотиб олувчи бўйича мумкин. Лекин бу истисно дейилган. Агар истисно бўйича ҳолатлар кўпаяверса, у асосий қоидага айланиб кетади. Унинг истиснолиги ҳам қолмайди”, – дейди Русланбек Давлетов.

Адлия вазирига кўра, тендерсиз амалга ошириладиган қурилишлар камига 30 фоизга қимматга тушади.

Тендер савдоларисиз” дегани – бу қурилиш камида 30 фоизга қиммат дегани. Ёки “лойиҳа-смета ҳужжатисиз параллел қилайлик” дегани халқ пулидан кетадиган қурилиш 30 фоизга қимматлади, дегани. Бу ерда натижа бўлмайди. Сифати ҳам зўр бўлмайди. Биз халқ пулини олаётгандан кейин биринчи – сифат, иккинчи – муддат, учинчи – нарх бўлиши керак. Бу нарсаларнинг бирортаси айтилаётган ҳолатларда учрамайди”, – дейди вазир.

Маълумот учун, ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш бўйича фармонга асосан фақат Вазирлар Маҳкамаси бир қатор ҳолатларда ер участкаларини тўғридан тўғри ижарага беришга ҳақли.

Эслатиб ўтамиз, адлия вазири куни кеча Сенат ялпи мажлисида Тошкент вилояти ҳокимининг 2021 йил октябридаги қарори билан Нурафшон шаҳридаги 781 гектар ер тадбиркорлик субъектига аукционсиз ажратиб берилганини танқид қилиб, қарорни бекор қилиш бўйича судга ариза киритилганини маълум қилганди.

Аббос Салайдинов
Муаллиф Аббос Салайдинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид