Жаҳон | 15:23 / 13.02.2022
10264
3 дақиқада ўқилади

Январда намойишлардаги иштироки учун қўлга олинган афғон аёли қўйиб юборилди

Фото: EPA

Афғонистонда январь ойида қуролли шахслар томонидан қўлга олинган ҳуқуқ фаоли Таманно Заряби Парияний озодликка чиққан. Бу маълумотни BBC’нинг икки манбаси тасдиқлаган.

Фаолнинг соғлиги борасида маълумот йўқ.

Январь ойи ўрталарида Таманно ва яна бир неча ўн аёл норозилик акцияси уюштиришган, улар ишлаш ва таълим олиш ҳуқуқи қайтарилишини талаб этишганди. «Толибон» жангарилари уларга кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган, айрим иштирокчиларнинг гувоҳлик беришича, электрошокерлардан фойдаланилган.

Намойишлардан кейин аёллар уйларига қайтишган. Айримлар йўл бўйлаб ўзларини таъқиб қилишганидан хавотир билдиришган.

19 январь куни кечқурун Кобулда Таманно Парияний яшайдиган квартира жойлашган уйга қуролли одамлар бостириб кирган. Аёл уйда ўз сингиллари билан бўлган. Босқинчилар эшикни тепа бошлаган.

«Илтимос, ёрдам беринг, уйимга толиблар келишди, уйда фақат сингилларим бор», дея ўтинади Тамана ижтимоий тармоққа жойлаштирган видеосида. У эшик ортида турганлардан эртага келишни сўрайди: «Сиз бу ерга кирмаслигингиз керак! Эртага келинг, ўшанда гаплашамиз. Кеч бўлди, бундай вақтда қизлар билан гаплашишингиз мумкин эмас!»

«Ёрдам беринг, меникига «Талибон»! - келди дея бақиради у иккинчи видеоёзувда.

Фаолнинг қўшнилари BBC корреспонденти Квентин Соммервиллга Парияний ва икки синглисини қаергадир олиб кетишгани ва шундан кейин уларни ҳеч ким кўрмагани ҳақида айтишган. Гувоҳлар фақат уларни «қуролли одамлар» олиб кетгани ҳақида маълумот беришган.

Тамана Парияний олиб кетилган куни фақат уникига келишмаган. Яна бир ҳуқуқ фаоли бўлган аёл - Парвона Иброҳимгел ҳам йўқолиб қолган.

Аммо толиблар уларни ҳаракат вакиллари олиб кетишганини инкор этган.

BBC учун интервьюда «Толибон» вакили, ҳаракатнинг БМТдаги элчиси бўлишга умид қилаётган Суҳай Шаҳин шундай деган: «Агар толиблар уни ҳибсга олишганида, бу ҳибс ҳақида расман маълум қилинган бўларди. Агар бундай айбловлар қўйилса, толиблар судга боради ва ўз номини ҳимоя қилади. Бу қонуний ҳаракат, аммо агар аёллар ҳибсга олинмаган бўлса, улар шундай сохта саҳна кўринишлари ва фильмлар орқали хориждан бошпана олишга ҳаракат қилаётган бўлади».

Толиблар ҳокимиятга келгач, Афғонистон аёллар таълим олиши расман чекланган дунёдаги ягона мамлакатга айланди. Бу эса халқаро даражада тан олиниш ва санкциялар бекор бўлиши учун асосий тўсиқлардан бири бўлиб турибди. Шу туфайли доимий равишда аёллар намойишлари ўтказилмоқда ва улар ўз ҳуқуқлари таъминланишини талаб этишмоқда, бу эса толиблар учун жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид