Ўзбекистон | 11:35 / 18.02.2022
2856
2 дақиқада ўқилади

«Жиноятларнинг 93 фоизи фош этилди» - Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи ҳисобот берди

2021 йилда вилоятда 2929 та жиноят қайд этилган, уларнинг 2726 таси (93,1 фоиз) ҳамда олдинги йиллардан қолган 88 та жиноят фош этилган. 526 та маҳалланинг 289 тасида  (54,9 фоиз) жиноятлар содир этилмаган.

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи Даврон Назармухамедов 2021 йилда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида олиб борилган ишлар тўғрисида халқ депутатлари Кенгашида ҳисобот берди.

Ҳисоботда қуйидаги маълумотлар келтирилди:

2021 йилда вилоятда 2929 та жиноят қайд этилган, уларнинг 2726 таси (93,1 фоиз) ҳамда олдинги йиллардан қолган 88 та жиноят фош этилган.

526 та маҳалланинг 289 тасида  (54,9 фоиз) жиноятлар содир этилмаган.

Жиноятларнинг 1032 таси (35,2 фоиз) ташаббус билан аниқланган, 810 таси (27,7 фоиз) олдинги йилларда содир этилиб, 2021 йилда ҳисобга қўйилган. 1897 таси (64,8 фоиз) олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар.

Вилоят бўйича қидирувда бўлган 409 нафар жиноятчининг 126 нафари ушланиб, жазо муқаррарлиги принципи таъминланган.

Терроризм ва экстремизм билан боғлиқ 25 та жиноий ва 102 та маъмурий ҳолатлар аниқланган.

Ҳисобот даврида 11 та (2020 йилда 12 та эди) қотиллик жинояти содир этилиб, Урганч шаҳри (0-4) ва Хонқа туманида (0-2) кўрсаткичнинг ўсиши кузатилган.

Вилоят ҳудудида вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш борасидаги ишларни қониқарли деб бўлмайди.

2021 йилда вояга етмаганлар томонидан 41 та жиноят содир этилиб, олдинги йилга нисбатан 5 тага, ёшлар томонидан 559 та жиноят содир этилиб, 60 тага ошган.

Шунингдек, аёллар томонидан 256 та жиноят содир этилиб, олдинги йилга нисбатан 65 тага, ишсизлар томонидан 453 та жиноят содир этилиб, 35 тага ўсган.

Ҳудудда содир этилаётган жиноятларнинг таҳлили асосида асосий эътибор қуйидаги чораларга қаратилиши лозим:

  • жиноятларнинг барвақт олдини олишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада яхшилаш, жамоатчилик имкониятларидан самарали фойдаланиш;
  • содир этилган ҳар бир жиноятни таъсирчан муҳокама қилиш орқали, ҳар бир маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга эътибор қаратиш;
  • ички ишлар органлари ходимларининг аҳоли ичига кириб бориб, уйма-уй юриш орқали уларнинг барча соҳалардаги муаммоларини аниқлаб, бартараф этишга қаратишдан иборатдир.

Мавзуга оид