Ўзбекистон | 21:56 / 24.02.2022
31515
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон мустақиллигини чекловчи жиддий омил” — Раббимов Россиянинг инфо-қуролларидан огоҳлантирди

Ўзбекистондаги цензура жамиятни Россия каналларини кўришга мажбур қилди, бу эса Россияга хоҳлаган пайтда Ўзбекистондаги ички вазиятни издан чиқариш имконини беради, дейди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Россия назоратидаги оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон жамиятида ҳаддан ташқари катта ўринга эга эканидан хавотир билдирди. У Украинадаги вазият юзасидан Kun.uz'га берган интервюсида Кремл бир кун келиб ўзбек медиамаконида катта таъсирга эга эканидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Интернетдаги изоҳларга қарайдиган бўлсангиз, жуда ҳам кўп ўзбекларимиз Россияга мойил экани кўринади. Улар айтадики: “Россия бизни боқаётган давлат, биз у ерда миллионлаб киши бўлиб ишлаяпмиз ва пул жўнатяпмиз”, дейди. Мана шу ҳам аслида коррупция ва давлатга бўлган ишончнинг паст эканини кўрсатади. Яъни улар Россия ва Ўзбекистон жамиятини қиёслаб кўради, у ерда коррупция нисбатан паст, ишлаш имкониятлари кўпроқ бўлгани учун ҳам қиёсий таҳлилда Россия жозибалироқ сиёсий тизим бўлиб кўринади.

Россиянинг ахборот ресурслари ниҳоятда катта. Биз қаттиқ авторитаризм даврини бошимиздан кечирдик ва ўтган 30 йил ичида лаёқатли, мустақил ахборот маконини шакллантира олмадик. Ўзбекистондаги цензура бутун бир Ўзбекистон жамиятини Россия каналларини кўришга мажбур қилди.

Биз Россиядан ҳалигача ахборот олишда давом этяпмиз. Россия жуда катта, гигант ахборот маконига эга. Унинг орбитасидан чиқиб кетиш имконияти жуда ҳам паст. Мана бу, бир томондан, қаттиқ авторитаризм, иккинчи томондан, жамиятдаги коррупция ва монополиялар кўпчилик ақли ва юраги билан Россияга мойил бўлиб қолишига сабаб бўляпти.

Бу – Ўзбекистоннинг ички муаммолари. Мана шу нарса ҳал бўлмаса, Россия хоҳлаган пайтда бизнинг ички вазиятимизни издан чиқариш имкониятига эга. 2010 йилда Қирғизистондаги Бакиевлар оиласини ким ҳокимиятдан йиқитди? Бу – Россия. Яъни Россия ўзининг оммавий ахборот воситалари орқали бир томондан Қирғизистон халқининг кўтарилишига, иккинчи томондан геосиёсий босим қилиш орқали ҳокимиятни йиқитди.

Мана шундай ресурс Россияда бор. Россия буни жуда ҳам яхши билади. Шунинг учун ички ислоҳотлар, маъмурий-сиёсий ислоҳотлар Ўзбекистонда жуда ҳам катта зарурат деб ўйлайман”, – дейди сиёсатшунос.

“Глобаллашган дунёда ахборот билан ҳазиллашилмайди”

Раббимов, шунингдек, Facebook'даги саҳифасида ҳам айни масала юзасидан фикрлари билан бўлишди.

“Ўзбекистоннинг йирик сиёсий муаммоларидан бири – мустақил, ишончли, аҳолининг мутлақ аксарият қисмини қамраб ололадиган ва ташқи ахборот хуружларидан бемалол ҳимоя қила оладиган ахборот макони, ахборот ҳудуди мавжуд эмаслиги.

Агар, нимадир бўлиб, Россия ОАВлари Ўзбекистон давлатига, ҳукуматига қарши агрессив ва жуда катта ҳажмдаги ахборот оқимини яратса, ва бу билан Ўзбекистондаги вазиятни чайқашни мақсад қилиб қўйса, расмий Тошкент ҳеч нарса қила олмай қолади. Бу катта муаммо! Бу жуда катта сиёсий муаммо. Бу Ўзбекистоннинг сиёсий ва геосиёсий мустақиллигини чекловчи жиддий омил”, – дейди сиёсатшунос.

Раббимов Россия ўз пропагандасини Ўзбекистонда кенг ёйишига имкон бериб қўйилганининг оқибатлари ҳақида ҳам тўхталди.

“Ҳозир Ўзбекистонда миллионлаб маҳаллий қиёфали, Ўзбекистон паспортли ва қора кўзли “Россия ватандошлари”яшаб юришибди. Улар ўзларини ўзбек, тожик, қорақалпоқ ва ҳ.к. ҳисоблашади, лекин, аслида онги ва шуури билан тўлиқ Россиянинг тарафдорлари, аскарлари ҳисобланишади. Агар Ўзбекистон ва Россия ўртасида зиддият чиқса, улар Ўзбекистон давлати ва ҳукуматини қоралашга, қарши туришга мойил бўлишади. Глобаллашган дунёда ахборот билан ҳазиллашилмайди. Ишончли ва катта оқимдаги ахборот – ҳақиқий ҳокимиятнинг асл манбайи ҳисобланади”, – деди у.

Мавзуга оид