Жаҳон | 00:48 / 25.02.2022
64300
2 дақиқада ўқилади

Байден: «Путин – агрессор, у СССРни тикламоқчи»

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Россия Украинага бостириб кириши фонида америкаликларга мурожаат қилди. Байден Россияга қарши киритилган янги санкцияларни ҳам эълон қилди.

«Путиннинг нутқини томоша қилдим, унинг мақсади СССРни тиклаш. Путин – агрессор. Биз жасур украин халқини қўллаб-қувватлаймиз.

Россия бизнесига доллар, евро, фунт ва иенада пул ўтказмаларини амалга оширишни чеклаб қўямиз. АҚШ Россиянинг ВТБ банкига нисбатан санкция қўллайди. Янги санкциялар Россия юқори технологияли маҳсулотлари экспортини чеклайди. Бу санкция коинот соҳасини ҳам ўз ичига олади. Санкциялар Россия юқори технологиялар импортининг ярмидан кўпига тааллуқли бўлади.

НАТО Россиянинг ҳаракатларига қарши чораларни кўради. АҚШ Европага қўшин юборади, жумладан, Германияга. Мен Путин билан гаплашмоқчи эмасман. Россияни SWIFT'дан узиш ҳозирча режа қилинмаяпти, лекин бу вариант сақлаб қолинади. Шахсан Путинга қарши санкциялар қўллашга тайёрман. Путин уруш очиш орқали Россияни кучсиз, дунёни эса кучли қилади», деди Байден.

АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг икки йирик банки «Газпромбанк» ҳамда «Сбербанк»га қарши санкция қўлланишини маълум қилди. АҚШ Молия вазирлиги мамлакатдаги барча молия ташкилотларига 30 кун ичида «Сбербанк»даги вакиллик ҳисобларини ёпишни буюрди. Санкциялар сабаб «Сбербанк»даги доллар ўтказмалари улар Америка банкларига тушган заҳоти бекор қилинади.

Мавзуга оид