Ўзбекистон | 11:54 / 05.03.2022
1936
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда “Жигули” ва юк машинаси тўқнашиши оқибатида бир киши вафот этди

Фото: ЙҲХБ

3 март куни Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейноу йўлининг Беруний тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон ЙҲХБ хабар бермоқда.

Хабарга кўра, халқаро А-380 йўлининг 627-628 километри оралиғида юк машинаси ва БАЗ 2106 “Жигули” ўзаро тўқнашиб кетган. Оқибатда 1996 йилда туғилган “Жигули” ҳайдовчиси шифохонада ўзига келмай, вафот этган. Қорақалпоғистон ЙҲХБ эълон қилган видеода “Жигули” иккига бўлиниб кетганини кўриш мумкин.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, йўл-транспорт ҳодисасига сабаб “Жигули”нинг қарама-қарши йўналишда келаётган юк машинаси олдига чиқиб кетгани бўлган.

Беруний тумани ЙҲХБ бошлиғи Дилшод Йўлдошовнинг айтишича, ҳолат юз берган йўлнинг ётиқ чизиқлари ўчиб кетган.

Фото: ЙҲХБ

Юк машинаси ҳайдовчисининг сўзларига кўра, у ўз йўналиши бўйича 30–35 тезликда ҳаракатланиб келаётганда “Жигули” қарама-қарши йўналишга чиқиб юк машинасига урилган.

“Менга 30 метрлар қолганда йўлнинг қарама-қаршисига ўтиб кетди. Кўриб турибсиз, абгор йўл”, — дейди юк машина ҳайдовчиси.

Бундан олдин Бухорода 6та автомобил иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганди.

Мавзуга оид