Ўзбекистон | 22:27 / 15.03.2022
10994
6 дақиқада ўқилади

Тошкент бош режасининг транспортга оид қисми устида ишлар бошлангани айтилди

Шаҳар ҳокимлигидаги матбуот анжуманида масъуллар Kun.uz мухбирининг чала таъмирланган кўчалар ва бош режа юзасидан берилган саволларига жавоб берди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтнинг Алишер Навоий кўчасидаги кенг кўламли реконструкция ва Фарғона йўли кўчасидаги муаммолар мавзусида матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда россиялик урбанист Аркадий Гершман пойтахт кўчалари, транспорт ўтказувчанлиги, пиёдалар учун қулайликлар, жамоат транспорти ривожи борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Kun.uz мухбири мазкур имкониятдан фойдаланиб, матбуот анжумани сўнгида Тошкентнинг муаммоли кўчалари ҳақида мутахассислардан изоҳ олишга ҳаракат қилди. Жумладан, у реконструкциядан чиққанига 1 йил бўлган бўлса-да ҳануз тўлиқ ишга туширилмай, таъмирталаб бўлиб ётган Аҳмад Дониш кўчаси, Фарғона йўли кўчасининг узвий давоми бўлмиш Қўйлиқ деҳқон бозори ёнидаги йўл ўтказгич ва Бектемир постигача бўлган қатнов қисми ҳамда Келес туманига олиб борувчи Олмазор туманидан ўтган автойўлдаги муаммолар ва аро йўлда ташлаб кетилган ишларга эътибор қаратди.

Пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев бу кўчалар бўйича лойиҳалар йил охиригача ишлаб чиқилишини айтди.

“Биз Тошкент шаҳрида 23 та асосий “коридор” танлаб олганмиз. Битта “коридор” битта кўча эмас, бу бир неча кўчани ўз ичига олади. Бу бўйича хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда, лойиҳачилар томонидан ишлар олиб бориляпти; йил охиригача ҳамма лойиҳалари ишлаб чиқилиши керак. Сиз айтган кўчалар мана шу “коридорлар” доирасига киради, улар рўйхатнинг энг юқорисида турибди.

Қаерда тирбандлик бўляпти, қаерда транспорт оқимида муаммолар келиб чиқяпти – биз турли воситалар, жумладан дронлар ва камералар ёрдамида мавжуд вазиятни ўргандик”, деди Жўраев.

ЙҲХБ йўл назорат бўлими бошлиғи Баҳодир Мусаназаровнинг қўшимча қилишича, аввал Аҳмад Дониш кўчасини тўлиқ таъмирлаб, фойдаланишга топшириш, кейин “МегаПланет” СКМ ёнидан Чимкент трактига олиб чиқадиган йўл ва трактнинг ўзи ҳам реконструкция қилинишини айтди.

Баҳодир Мусаназаров / Фото: KUN.UZ

“Бу ишлар икки босқичда амалга оширилади. Муддатлар борасида бирор нарса дея олмайман, чунки айнан бу кўчалар бўйича маълумот беришга айнан бу анжуманда тайёр эмасмиз, бу борада сизга алоҳида маълумот берамиз”, дейишди масъуллар.

Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари биринчи ўринбосари Алексей Хен муҳокамага қўшиларкан, шаҳарнинг геоинформацион тизими ҳақида гапирди.

“Биз Тошкент шаҳрининг геоинформацион тизими ҳақида маълумот бермоқчимиз. Ҳозирча бу ички фойдаланиш учун. Маълум вақт ўтгач бу тизимдан исталган одам фойдаланиши мумкин бўлади. Аҳолига бу тизим орқали шаҳардаги жараёнлар – қурилишлар, реконструкциялар, таъмирлашлар, уй-жойлар қурилишлари, лифтлар таъмири, томлар, ертўлалар таъмири ва бошқа маълумотларни олишингиз, кўришингиз, кузатишингиз имконияти яратилади. Ҳар бир лойиҳа ёки бошланган ишнинг бошланиш ва якунланиш муддатлари ҳақида ҳам маълумотлар шу тизим орқали аҳолига етказиб борилади”, деди Алексей Хен.

Алексей Хен / Фото: KUN.UZ

Транспорт вазирлиги транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммолари тадқиқот маркази директори Мурод Обидовга кўра, россиялик урбанист Аркадий Гершман меморандум асосида ҳамкорликка жалб қилинган.

“Аркадий Гершман билан меморандум имзолаганмиз. Мутахассис бизга шаҳарни қулайлаштириш ва кўчаларни реконструкция қилишда ўз экспертлик маслаҳатлари билан ёрдам беради. Бу биргина Навоий кўчаси бўйича эмас, кейинчалик бошқа кўчалар бўйича ҳам ундан керакли маслаҳатлар оламиз. Шунингдек, биз бошқа экспертлар, ташкилотлар билан ҳам музокаралар олиб боряпмиз”, – деди Обидов.

Транспорт вазирлиги мулозими Kun.uz мухбири саволига жавобан узоқ йиллардан бери кечикиб келаётган масала – шаҳар бош режаси ҳақида ҳам тўхталди.

“Шу йилдан шаҳар бош режасининг транспорт қисми бўлмиш транспорт режалаштириш тизими (“транспортний генплан”) устидаги ишларнинг маълум бир қатламини шакллантирганмиз. Яъни бош режанинг транспортга боғлиқ қисмини. Умумий қурилиш бўйича жавоб бера олмайман”, – деди у.

Мурод Обидов / Фото: KUN.UZ

Обидовга кўра, айни пайтда Тошкент транспорт тизимига энг катта юклама берадиган нуқталардаги юкламанинг ҳозирги ва келгусидаги даражаларини ҳисобга олган ҳолда, транспорт макромодели ишлаб чиқиляпти.

“Бизнинг мана шу инструмент [макромодел – таҳр.] ёрдамида шаҳарда қанақа қурилиш бўлишидан қатъи назар транспорт тармоғига тушадиган юкламани ҳисоблаб, математик моделда таҳлил қилиш имкониятимиз бўлади. Шунга қараб режаларимизни корректировка қилиб борамиз.

Ҳозир умумий транспортга бўлган эҳтиёжни тўла қондириш ва уни баҳолаш имкониятини берадиган макромодел ишлаб чиқиляпти”, – таъкидлади вазирлик расмийси.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ҳокимлиги олдига қўйилган янги муҳлат – 2022 йил охири. Ҳокимлик шу вақтгача шаҳар бош режасини ишлаб чиқиб ҳукуматга киритиши лозим.

Мавзуга оид