Ўзбекистон | 18:13 / 24.03.2022
9967
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған шу ой охирида Ўзбекистонга келади

2020 йил, Анқара. Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашида

Жорий йил 29-31 март кунлари Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон - Туркия муносабатларининг 30 йиллигига бағишланган махсус тадбир маълумотномасида айтилган.

Аввалроқ Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар яқин кунларда президент Эрдўған Ўзбекистонга ташриф буюриши ва икки мамлакат ўзаро савдо айланмасини 10 миллиард долларга оширишни режалаштираётганини маълум қилганди.

“2019 йилда 2,3 миллиард АҚШ доллари кўрсаткичи билан икки томонлама савдо ҳажми бўйича эришилган рекорд натижа 2021 йилда янгиланиб, 3,6 миллиард долларга етди.

Икки давлат етакчилари сўнгги учрашувида товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш марра қилиб қўйилган эди. Кейинчалик буни 10 миллиард долларга етказиш салоҳияти борлиги маълум бўлди ва яқин келажакда шу рақамларга етишга ҳаракат қиляпмиз”, – деганди Олган Бекар.

1 март куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам элчи билан учрашди. Учрашув чоғида, томонлар турк мактабини кенгайтириш учун ер майдонини ажратиш ва Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номини Тошкент кўчаларидан бирига бериш ҳамда Тошкентда қурилиш билан шуғулланаётган турк компаниялари масалалари муҳокама этилганди.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид