Ўзбекистон | 20:49 / 25.03.2022
16455
5 дақиқада ўқилади

Чиқиндилардан подшипник, янгича қуёш панеллари — ўзбекистонлик ихтирочиларнинг янги лойиҳалари

Ўзбекистонлик инноваторлар автомобиллар учун арзон подшипник, трансформаторларни портлашдан ҳимоя қилувчи совиткичлар ва кўпроқ энергия оладиган қуёш панеллари ишлаб чиқишни таклиф қилишмоқда. Лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Бўлажак олим” танловида ғолиб бўлган.

Андижон машинасозлик институти техника фанлари доктори Акбар Боймирзаев техникалар учун подшипникларни чиқинди металлардан ишлашни таклиф қиляпти. Унинг айтишича, бундай подшипниклар UzAuto Motors ишлаб чиқараётган машиналар таннархининг маълум миқдорда пасайишига таъсир қила олади.

Акбар Боймирзаев

“Чунки шу кунгача подшипник материаллари чет элдан импорт ҳисобига келтирилган. Бизнинг асосий мақсадимиз – маҳаллий шароитда импорт ўрнини босувчи материллар олиш”, – дейди у.

Энг муҳими – Акбар тайёрлаётган подшипниклар иккиламчи, яъни чиқинди материаллардан олинади. Унинг айтишича, бу – логистика харажатларини иқтисод қилишга олиб келади.

Чиқинди металлардан тайёрланган подшипник

“Четдан келадиган подшипник билан солиштирганда, – дейди Акбар, – биз ишлаб чиқаётган материаллар 2 баробар, яъни 50 фоизга харажатларни камайтиради”.

Электр истеъмолига босим ортгани трансформаторларнинг қизиб портлашига сабаб бўлади. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Қўқон филиали талабаси Шавкатжон Худойбердиев бундай портлашнинг олдини оладиган ечим таклиф қилмоқда. У ишлаб чиққан ечим электр трансформаторларни ёнғин ва портлашдан ҳимоя қилади. Бу тизим трансформаторлар ортиқча юкламада қизиб кетганда совитиб туради.

Шавкатжон Худойбердиев

“Яъни трансформатор ички мой каби суюқликлари билан совитилаётганда пўлат корпусига трубкалар орқали фрион юргизамиз. Бу билан трансформатор мойини тўлиқ совитамиз. Тизим тўлиқ автоматлаштирилган”, – дейди у.

Шавкатнинг тушунтиришича, трансформатор қизишни бошлаганда, бу ҳақда термодатчик моторларга хабар беради ва тизим автоматик ишга тушади. Тизим тўлиқ совитилгандан кейин, двигателлар ўзини ўзи ўчиради. Ортиқча юклама тушганда ҳам трансформаторлар тўлиқ ишлашда давом этади. Ва истеъмолчилар тўлиқ узлуксиз электр токи билан таъминланади.

Инноватор бундай совитиш тизими битта туманда ҳар йили ўртача 100 миллион сўмни тежаб қолишга ёрдам беришини айтмоқда.

“Масалан, Фарғона вилояти ҳудудида 1 йилги қишки мавсумда 6800та трансформатордан туманлар бўйича қишда бир тумандан йўқ деганда 6-7та трансформатор портлайди. Ҳар бир трансформатор таъмири учун энг кам миқдор 5 миллион сўм ҳисобланади. Яъни автоматини бошқасига ўзгартириб, симларини монтаж қилиш учун сарфланади.

Трансформатор типига қараб таъмирлаш харажати ошиб бораверади. Мисол учун, битта трансформатор 50 миллион бўлса, портлаб кетгандан кейин ўртача 15-20 миллион харажат бўлади. Битта тумандан йўқ деганда 5 та трансформатор портлайди. Агар биз ҳар бирига 20 миллион сўмдан пул сарфласак, 100 миллион сўм бўлади. Совитиш тизимини жорий қилсак, ўша 100 миллион сўмни ҳар битта тумандан тежаб қолишимиз мумкин”, дейди у.

Андижон давлат университети қайта тикланиш энергетика манбалари илмий лабораторияси докторанти Наврўзбек Мирзаолимов қуёш панелларининг кўпроқ энергия оладиган вариантини ишлаб чиққан. У дунёда бундай турдаги қуёш панеллари олдин тайёрланмаганини айтмоқда.

Наврўзбек Мирзаолимов

Наврўзбек Миразаолимовнинг тушунтиришича, қуёш панелларининг асосий камчиликларидан бири – сиртидаги ҳарорат ортиб бориши ҳисобига, фойдали иш коэффициенти ва кучланиши тушиб кетишидадир. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги чангли ҳаво сабаб, панел сиртини чанг қоплайди ва у кўп энергия ололмайди.

“Бу муаммоларга, – дейди у, – бутун дунё олимлари турлича ечим таклифини билдиряпти. Биз ҳам 3D форматли юқори самарадор фотоэлектрик энергетик қурилмасини таклиф қиляпмиз. Яқинда патент ҳам олдик. Унинг афзаллиги Ўзбекистон иқлимига мослашган. Яъни у ўз ўқи атрофида горизонтал ва вертикал айланиш ҳисобига фойдали иш коэффициентини барқарор ушлаб туришга муваффақ бўлади”.

3D форматли фотоэлектрик энергетик қурилмаси

Янги қурилма, анъанавий қуёш панелларидан кўпроқ энергия олади. Оддий қуёш панели кунига 10 киловатт энергия ишлаб чиқарса, қуёш панели сирти қизиши ҳисобига 40 фоиз энергиясини йўқотади. Натижада 10 киловатт энергия етказиб бера олади. Янги қурилма эса шу 10 киловаттни ушлаб туришга сабаб бўлади.

Қурилма нархи хонадон истеъмолига қараб 15-20 миллион атрофида баҳоланмоқда.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид