Ўзбекистон | 17:56 / 31.03.2022
8789
2 дақиқада ўқилади

«Тергов қўмитаси бўйича бизга салбий хулосалар беришяпти» – Светлана Ортиқова

Хорижий давлатларнинг мустақил тергов қўмитасини ташкил қилиш бўйича тажрибалари манфаатли бўлмаяпти, шу сабабли бу масала Ўзбекистонда ҳам муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда, бугун, 31 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова маълум қилди.

«Тергов қўмитасига келсак, ҳозир олимлар, профессор ўқитувчилар нуқтаи-назаридан муҳокама бўляпти. Бошқа давлатларнинг амалиётини ўрганяпмиз.

Лекин ўша давлатлар… бизга сал салбийроқ хулосаларни беришяпти. Биз давлатимизда ҳам шундай Тергов қўмитасини ташкиллаштирдик, лекин у қанчалик инсон, давлат ва жамият манфаатларига фойда беряпти, биз баралла айтолмаймиз,деган муҳокама бўляпти», – дея бош прокурор ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил бўлиб ўтган президентлик сайловларида 2 нафар номзодлар мустақил тергов қўмитаси ташкил этиш бўйича таклифларни илгари сурган эди.

Хусусан, «Миллий Тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ўзининг сайловолди дастурида ҳеч кимга бўйсунмайдиган мустақил орган – тергов қўмитасини ташкил этиш ва терговни холис, ҳаққоний, шаффоф ва ҳалол олиб бориш таъминланишини маълум қилган.

Шунингдек, «Адолат» социал-демократик партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов ҳам ўзининг сайловолди дастурида мустақил тергов қўмитасини ташкил этиш таклифи борлигини, «Миллий тикланиш» партияси улардан бу ташаббусни кўчириб олганини айтган. 

Мавзуга оид